Жаҳон | 08:34 / 31.10.2025
2259
2 дақиқада ўқилади

Нидерландия Словакияни ЕИда овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум этмоқчи

Нидерландия Европа Иттифоқи тўғрисидаги шартноманинг 7-моддасига мувофиқ Словакияни овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум этишни таклиф қилмоқда, деб ёзади VSquare нашри. Депутатлар фикрича, мамлакатда қабул қилинган конституциявий ўзгартишлар Европа ҳуқуқига зид.

Фото: AP

Нидерландия ҳукумати Словакияга нисбатан Европа Иттифоқи тўғрисидаги шартноманинг 7-моддаси бўйича интизомий тартиб-таомилни қўллаш имкониятини кўриб чиқаётгани ҳақида дипломатика манбаларига таянадиган VSquare нашри 30 октябр куни хабар берди. Ушбу моддага кўра, агар аъзо давлат томонидан ЕИнинг асосий тамойилларини жиддий бузиш хавфи қайд этилса, Европа Кенгаши кўпчилик овоз билан ушбу давлатнинг айрим ҳуқуқларини, жумладан унинг вакили овоз бериш ҳуқуқини Европа институтларида (ЕИ кенгаши ва Европа кенгашида) тўхтатиб қўйиши мумкин.

Бундай жараённи бошлаш эҳтимоли ҳақидаги қарор 16 октябр куни қабул қилинган Нидерландия парламенти резолюциясининг натижаси бўлди. Унда депутатлар қироллик ҳукуматини, уларнинг фикрича, Европа қонунчилигига зид бўлган Словакия тадбирларига жавоб қайтаришга чақирган. VSquare ёзишича, Нидерландия ҳукумати ҳозирча норасмий тарзда бошқа ЕИ мамлакатлари бу ташаббусни қўллаб-қувватлашга тайёрми-йўқми, шуни аниқламоқда. Шу билан бирга, Нидерландия биринчи қадамни Европа комиссияси қўйиб, ЕИ судида ҳуқуқбузарлик ишини қўзғатишини хоҳламоқда.

Сентябр ойи охирида Словакия парламенти конституцияга тузатишларни маъқуллади. Улар никоҳда бўлмаган жуфтликлар томонидан бола асраб олишни тақиқлашни ва суррогат оналикни тўлиқ ман этишни назарда тутади. Бош вазир Роберт Фицо ҳукумати киритган бу тузатишларнинг мақсади — “анъанавий қадриятларни мустаҳкамлаш ва Словакиянинг маданий меросини сақлаш”.

Тузатишлар Европа кенгаши ҳузуридаги Венеция комиссияси томонидан танқид қилинди. Жумладан, Европа суди ва Словакия Конституциявий судининг собиқ аъзоси Даниэл Шваби ҳам киритилган словакиялик ҳуқуқшунослар гуруҳи таъкидлашича, ўзгартишлар ҳуқуқий ноаниқлик яратади ва мамлакатнинг халқаро мажбуриятларига зид келади. Словакия адвокатлар коллегияси эса давлат ЕИнинг ҳуқуқий меъёрларига содиқ қолиши ва халқаро шартномаларга, айниқса инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги битимларга ҳурмат билан муносабатда бўлиши кераклигини урғулади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид