Жаҳон | 09:09 / 08.11.2025
1624
2 дақиқада ўқилади

Расман: Нидерландияда либерал D66 ғалаба қозонди

Нидерландияда ўтган парламент сайловлари якунига кўра, сўл либерал D66 партияси ўта ўнг Герт Вилдерснинг Эркинлик партияси (PVV)дан 30 мингтага яқин овозга кўпроқ тўплади. Ҳар икки сиёсий куч парламентда 26 тадан ўрин олади.

Фото: Peter Dejong/AP Photo/picture alliance

Сўл либерал D66 партияси Нидерландиядаги парламент сайловларида ғалаба қилгани 7 ноябр куни сайлов комиссияси эълон қилган расмий якуний натижалардан маълум бўлди. Унга кўра, D66 Герт Вилдерснинг ўта ўнг Эркинлик партиясини (PVV) деярли 30 минг овозга ортда қолдирди. Илгари, 31 октябр — сайловлардан бир кун ўтгач — бу фарқ 15 минг овоз деб хабар қилинган эди.

Шу тариқа Роб Йеттен раҳбарлигидаги D66 мамлакатдаги энг кучли сиёсий кучга айланди ва парламентдаги 150 ўриндан 26 тасини қўлга киритди. 38 ёшли Роб Йеттен Нидерландия тарихидаги энг ёш бош вазир бўлди. Бироқ PVV ҳам худди 26 ўрин олди — 2023 йилдаги сайловларга нисбатан 11 мандатни йўқотган ҳолда.

Нидерландияда ҳукумат тузиш бўйича музокараларни, одатда, сайловда биринчи бўлган партия етакчиси бошлайди. Шу билан бирга йирик партияларнинг кўпчилиги Герт Вилдерс билан коалиция тузиш эҳтимолини истисно қилди.

Кутилганидек, D66 учун ҳукумат коалициясини шакллантириш осон кечмайди. Парламентдаги кўпчилик учун камида 150 ўриндан 76 таси керак. D66 учун эҳтимолий ҳамкорлар орасида ўнг либерал “Эркинлик ва демократия учун халқ партияси” (VVD, 22 мандат) ва христиан-демократлар (19 мандат) бор. Аммо бу ҳолатда ҳам яна камида бир сиёсий кучнинг қўллаб-қувватлаши талаб этилади.

Dpa агентлиги маълумотига кўра, парламентда коалиция тузиш бўйича музокаралар аллақачон ўнг либерал VVD ва Меҳнат партияси ҳамда “Яшиллар-Сўллар” (GroenLinks-PvdA)дан иборат сўл иттифоқ билан бошланган, аммо ҳозирча VVD “қизил-яшил иттифоқ” билан ҳамкорликдан воз кечмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид