Ўзбекистон | 17:18 / 08.06.2019
37291
2 дақиқада ўқилади

Бош прокуратура: Тошкентдаги оммавий заҳарланиш ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилди

2019 йилнинг 4-7 июнь кунлари Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи жами 49 нафар фуқаро “овқатдан токсикоинфекция” ташхиси билан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Эпидемиология, микробиология ва юкумли касалликлар илмий текшириш институти, 2 ва 5-сонли юқумли касалликлар шифохоналарига ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган текширувда, ушбу фуқаролар шифохонага мурожаат қилишидан аввал Учтепа тумани, Лутфий кўчаси, Сергели тумани, Янги Қўйлиқ кўчаси, 7б-уй ҳамда Сергели тумани, Янги Сергели кўчаси, 21-уйда жойлашган “Оқтепа лаваш” (“Grand Azia Plus” МЧЖ) умумовқатланиш тармоғининг учта шохобчаларида тез тайёрланувчи таомларни (“сендвич”, “лаваш” ва “пицца”) истеъмол қилганликлари аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан 07.06.2019 йилда Тошкент шаҳар прокурори томонидан “Grand Azia Plus” МЧЖ мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 186-моддаси 4-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда жиноят иши бўйича Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади Бош прокуратура хабарида.

Мавзуга оид