Жамият | 13:50 / 09.06.2019
47124
2 дақиқада ўқилади

Видео: Марғилон шаҳридаги бозорда ёнғин содир бўлди

9 июнь куни Фарғона вилояти Марғилон шаҳридаги собиқ ТПЗ бозорида ёнғин содир бўлди. Ёнғин тунги соат 02:00 атрофида рўй берган. Фарғона вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва Фарғона ИИБ маълумотига кўра, ёнғинни бартараф этиш учун барча тегишли ташкилотлар жалб қилинган, қурбонлар йўқ.

«2019 йил 9 июнь куни соат 02:05да Марғилон шаҳар «Пичоқчи» МФЙ Хиёбон кўчаси 174-уйда жойлашган «Марғилон Умумий Улгуржи Савдо комплекси» МЧЖга қарашли озиқ-овқат савдо биносида (ёпиқ бозор) ёнғин содир бўлган. 

Ёнғин бўлган жойга соат 02:10да етиб борилган, соат 05:40да олов ўчирилган. Ёнғинга жами 22та ёнғин ўчириш техникалари (19та асосий, 3та махсус), 2та махсус авария-қутқарув техникаси жалб этилган. 

Ёнғин содир бўлган савдо комплексининг умумий майдони 10440 м2 (72х145 м) бўлиб, ёнғин натижасида бинонинг тахминан 1575 м2 (35х45 м) майдонидаги озиқ-овқат, парфюмерия маҳсулотлари ва хўжалик моллари ёниб зарарланган, 8825 м2 майдон сақлаб қолинган», дейилади Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабарида. 

Ёнғин содир бўлган жой Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги Бош бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилган.
Ёнғин натижасида тан жароҳати олган ва вафот этганлар йўқ.

Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ва етказилган зарар миқдорини аниқлаш бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид