12:18 / 11.06.2019
42791

«Фирибгарлик авж олмоқда». Ҳозирги замон суд ишларига бир назар

Таҳририятимизга келган мурожаатларнинг миқдори ва тури ҳам жуда кўп. Мурожаатларнинг кўплаб турларини ўрганиб муаммо илдизларини аниқлашимиз мумкин, бироқ шундай шикоятлар ҳам келадики, уларни журналист сифатида ўрганишнинг иложи йўқ. Шундай мурожаат турларидан бири фирибгарликка учраган одамларнинг мурожаатларидир.

Бундай жиноят кўпайгандан-кўпайиб халқимиз қонини сўрувчи иллатлардан бирига айланмоқда. Фирибгарлар судга тортилиб, жиноятчиларга ҳукм ўқилди. Лекин фирибгарлик ҳолатлари камаймоқдами? Фирибгар дегани ким ўзи, ундан қандай эҳтиёт бўлиш мумкин? Яккасарой туман жиноят ишлари бўйича суди раиси Ҳасан Ҳаитов билан суҳбатимиз шу хусусда бўлди.

Видео: Youtube

Видео: Mover (tas-ix)

Лизинг фирибгарликлари

Фирибгарлик жиноятига тўхталадиган бўлсак, Жиноят кодексимизда бу алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш аломатлари билан фарқланади. Ҳозирги кунда фирибгарликнинг ҳам усуллари жудаям кўпайиб кетди. Кўриладиган ишларимизнинг аксарият қисми, 50 фоиздан ошиғи айнан шу жиноятга оид ишлар бўлмоқда. Бу жиноятни таҳлил қилиб иш юзасидан хусусий ажримларимизни юборамиз, жойларга чиқиб тушунтириш олиб борамиз.

Фирибгарлик ишларимизда асосан кўчмас мулк билан боғлиқ, автотранспорт воситалари ва лизинг шартномалари хусусида, олий ўқув юртларига ўқишга олиб кириб қўйиш, чет элларга ишлашга, ўқишга юбориш каби фирибгарлик ишлари кўп бўлмоқда. Яқинда  лизинг бўйича ишни кўриб чиқдик. Бунга асос ва сабабларни ўрганиб чиққанимизда фирибгарлик ҳолатлари фуқароларимизнинг эътиборсизлиги ортидан бўлаётганини кўришимиз мумкин. Бундай ишларда одамлар сотувга қўйилган автомобилларнинг нархи озгина арзонлиги сабаб, автомобил кимнинг номидалигини ҳам сўраб ўтирмай иш юритишмоқда ва натижада фирибгарларнинг сўзларига учиб қолишмоқда. Агар харидор мулкни олишдан олдин техник ҳужжатларини кўриб, транспорт воситалари рўйхатдан ўтганини давлат ташкилотларидан текширтириб, банк идораларида қўйилган ёки қўйилмаганини аниқлаб, кейин бир ишга қўл урса фирибгарлик жиноятлари келиб чиқмайди. Кўп ҳолларда жабрланувчиларнинг лоқайдликлари сабаб бўлмоқда.

Яккасарой туман жиноят ишлари бўйича суди раиси Ҳасан Ҳаитов

Эътибор бериш керак бўлган жиҳатлардан бири, транспорт воситаси ўша шахсга тегишлими ёки йўқ? Шуни текширтириб олиш лозим. Транспорт воситаси бирор фирмага тегишли бўлса, ўша шахснинг ваколати бор ёки йўқлигини ўрганиш мақсадида ҳужжатларни кўриш керак. Қолаверса, ўша транспорт воситаси бирор жойда гаров тариқасида қўйилмагани ҳолатларини текшириб кўриш керак. Буларни текширган одам алданиб қолмайди.

Транспорт воситалари бозор нархларида 200 миллион сўм бўлса, фирибгарлар харидорга 150 миллион сўмга сотаман дейди. Бундай ҳолатда харидорда шубҳа пайдо бўлиши керак эмасми? 50 миллион сўм камга сотилса, демак транспорт воситасида ёки бирор айб бўлади, ёки бошқа бир тушунмовчилик келиб чиқиши аниқ бўлади. Лизинг берувчи идораларнинг кўпчилиги банкдан кредит олиб автомашина сотиб олиб ўша машинани гаровга қўйган ҳолатлари ҳам учраб турибди. Лизинг берувчи фирма кейин буни сотаман дейди. Сотиб олган фуқаро лизинг шартномаси асосида барча тўловни қилган тақдирда ҳам автомашинани ололмайди. Нега деганда бу транспорт воситаси ҳали гаровда турган бўлади. Лизинг корхонаси ҳали бу пулни тўламаган бўлса, кредит тўланмагани натижасида олиб қўйилган ҳоллари ҳам учраб келмоқда.

Тўлов усулларига эътибор қаратиш керак. Қонунда пул кўчириш йўли билан, яъни банк орқали ўтказиш мумкинлиги белгиланган. Фирибгарлар эса нақд кўринишда олишни хоҳлашади. Одамлар шу ҳолатга ҳам эътибор қаратишмаяпти. Улар ҳар қандай қонуний фаолият юритаётган ташкилот ўзининг банк ҳисоб-рақамига эга бўлишини ҳисобга олишмаяпти. Нақд шаклда пул беришяпти, лекин бу бирор жойда кўрсатилмаяпти. Касса кирими ёки банкдан ҳисобга ўтказиши керак эди, аслида.

Кўчмас мулкдаги фирибгарлик ҳақида

Бу соҳага тўхталадиган бўлсак, кўпчилик қарз оляпти ва эвазига гаровга ўз уйи ёки автомашинасини қўймоқчи бўляпти. Бу ҳолатда гаров шартномаси тузилмаяпти-да, қарз бераётган шахс ташаббуси билан олди-сотди шартномаси тузилмоқда. Бу келгусида қарз тўланса ҳам гаровга қўйилган уй ёки автомашина ҳамон қайтарилмаяпти. Бу ҳолда қарз берувчида ўзганинг мулкида алдаш ёки қўлга киритиш олди-сотди шартнома тузган вақтда пайдо бўляпти. Айнан менинг раислигимда кўриб чиқилган ишда иккита ҳолатда қарз келишувида иккита жабрланувчи ўз уйини олди-сотди шартномаси асосида ўтказиб берган. Қарзнинг 2/3 қисми қайтарилган бўлса-да, уйни қайтармаган. Жабрланувчининг даъвоси туфайли иш қўзғатилди ва қонуний чора кўрилди. Бу ҳолатда ўртада тузилган битим ҳақиқий эмас дея эътироф этилди.

Фирибгарлик авж олмоқда

Бизга келаётган ишларнинг ҳар 10тадан 6-7таси фирибгарлик бўйича бўлмоқда. Бу 50 фоиздан ортиқ деганидир. Демак, жамиятда фирибгарлик жуда ҳам авж олмоқда. Ариза бермай, андиша қилиб, фирибгарнинг алдовларига учиб, кутиб юрганлар ҳам жуда кўп. Қабул кунлари уйларини олдириб қўйган, қайтиб ололмаётган одамлар келади. Биз уларга ҳуқуқий оқибатларни тушунтирамиз. Ҳуқуқни мухофаза қилувчи органларга ариза билан мурожаат қилиш тартибларини тушунтиряпмиз.

2007 йилда суд тизими соҳасини ўрганиш мақсадида Олий суд томонидан ташкил этилган гуруҳ билан Жанубий Кореяга борганмиз. Ўша вақтда Жанубий Кореяда энг кўпайган жиноят – фирибгарлик деб айтишган. Қарангки, мана орадан 10 йилдан ортиқ вақт ўтиб бу жиноят Ўзбекистонда ҳам авж олмоқда. Демак, бу жиноятлар ҳам вақти ўтиб бир давлатдан иккинчи давлатга кўчиб юрар экан. Жиноятлар ҳам юқумли касалликка ўхшайди. Буни тушуниш чуқур юридик билимга эга бўлишни талаб қилмайди. Кундалик ҳаётда ҳам ўйлаб, мушоҳада билан иш юритса бўлади. Фирибгарликнинг содир этилишида жабрланувчилар ўзининг ҳаракати, ўзининг лоқайдлиги, ўзбиларчилиги сабаб бўляпти.

Фирибгарлик бўйича кўплаб ишларни кўриб катта тажрибага эга бўлган яна бир судья Аҳрор Ҳошимхонов ҳам ўз фикрларини билдириб ўтди.

Аҳрор Ҳошимхонов

«Фирибгар шахси шундай бўладики, у ҳар қандай инсонни ўзига ишонтира олади. Моддий маблағни эгаллаш йўлидаги бирламчи хусусиятлардан бири - ўзига ишонтира олиш бўлиб, бунинг учун кўпинча уларда соҳа бўйича етарли билим, охирги маълумотлар мавжуд бўлади. Бу шахс ишонтириш учун сиз бунинг ортидан катта маблағга ёки бирор фойдага эга бўлишингизни айтади. Хоҳлаймизми йўқми ҳар қандай одам осон пул топиш ёки бирор нарсага осон эришиш йўлларига қизиқади. Улар шу нозик нуқтани яхши билишгани сабабли қандай ҳаракат қилиш кераклигини билади. Қўлингиздаги пулни олиб бир ой савдода айлантириб, 50 миллион сўм пулингизни 80 миллион сўм қилиб бераман деб ваъдалар беришади. Энг авж олаётган фирибгарлик турларидан бири автомашина олиб бериш ниқоби остида бир неча содда одамларни алдаб юрганларни кўрдик. Тажрибамизда Тошкент шаҳрида имтиёзли тарзда қурилаётган кўпқаватли Сергели тумандаги уйлардан олиб бериш шарти билан шартнома тузиб ўнлаб фуқароларнинг маблағларини олиб алдаб юрган фирибгарлар бўлди. Ўқишга олиб кириб қўяман деган фирибгарлар ҳам жуда кўп. Жабрланувчилар орасида олий маълумотли, жамият ва давлат ҳаётида муайян мавқега эга бўлган инсонларни ҳам кўп учратиш мумкин. Бу нимани англатади? Бу фирибгарлар ўзларига ўлжа сифатида фақатгина содда одамлар орасидан эмас, ҳар қандай жамият ҳаётидаги фуқароларни танлаб, уларни ўзига ишонтира оладиган шахслар бўлади. Суд жараёни вақтида керак бўлса, судни ҳам чув туширишга ҳаракат қилишади. Фирибгарнинг сўзларини эшитиб ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари, судьялар ҳам бу фирибгар эмас экан, пулни объектив сабабларга кўра йўқотиб қўйган деган хулосага бориб қолиш ҳоллари ҳам бўлиши мумкин. Билингки, агар ижтимоий муносабатни осонлик билан, енгил, ёқимли бўлган йўллар билан ҳал эта олишини айтса, албатта қонун четлаб ўтилмоқда ва ушбу ҳолат сиздаги моддий қимматликларни эгаллашга бўлган уриниш сифатида баҳолашингиз керак», дейди тажрибали ҳуқуқ вакили.

Шу ўринда сизни огоҳлантиришни бурчимиз деб билдик. Агар сизга кимдир айтилган нархдан арзонроқ уй олиб бераман деса, шубҳали шартлардаги лизинг шартномаси таклиф этса, хорижга ўқишга ёки ишга жўнатишнинг ўзгача усулларини билишини айтса, унга дарров маблағ беришдан олдин ҳолатни бир ақл тарозисига солиб кўринг. Ҳар қандай шахс қўлингиздаги қимматликка кўз тикаётган бўлиши мумкин. Фирибгарларга эса айтадиган сўзимиз шуки, ҳар қандай қилган фириб ишларингиз учун қонун олдида ва охиратда бериладиган жазо муқаррардир.

Баҳодир Аҳмедов суҳбатлашди

Top