Мадриднинг «Реал» клуби Ҳаби Алонсо билан келишувни расман эълон қилди. Испаниялик мураббий 2028 йилгача жамоани бошқаради ва июн ойида бошланадиган клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатидаёқ мураббий сифатида расман ишга киришади.

 Иқтибослар 

«...Мен уйга қайтдим. Бу клуб билан ришталар ҳеч қачон узилмаган, Валдебебасга қайтишим билан туйғулар жонланди»

«...Мен бу ерга ўз талабларим билан эмас, жамоа бўлиб бирга ишлаш учун келдим»

«...Истайманки, одамлар бизнинг ўйинимизга қараб, мана бу ҳақиқий жамоа, дейишсин ва завқ олиш умидида стадионга ошиқишсин» (Ҳаби Алонсо)

«Сен 2018 йилда „Реал“нинг ёшлар таркибини бошқариб юрган пайтингдаёқ қаерга бўлишингни билардик. Шу ерда. Бу сенинг тақдиринг» (Флорентино Перес)

Муқаррар воқеа

Ҳаби Алонсо ва «Реал» яна топишиши вақт масаласидек туюлганди ва шундай бўлди ҳам. Унинг «Реал» билан умумий ўтмиши борлиги ҳар икки томон учун масофани яқинлаштиргани табиий – Ҳаби «Байер» билан келишувларда агар ўзи ўйнаган клублардан таклиф чиқса, хайрихоҳлик қилинишини шарт қилиб қўйган бўлса, Флорентино Переснинг сўзларини юқорида ўқидингиз.

Перес 2018-19 йиллар ҳақида гапирган бўлса, орада ўтган мана шу олти йил ичида «Реал» ҳам, Алонсо ҳам бу учрашув учун керакли қадамларни ташлади, дейиш мумкин. Ҳаби Алонсо Мадриддан кетгач, уч йил «Сосиедад»нинг ёшлар жамоасини бошқарган бўлса, 2022 йилда мавсум ярмида жар ёқасида турган «Байер» бошқарувини олди. Қисқа вақт ичида у леверкузенликларни аввал пешқадамлардан бирига, кейин эса Бундеслига чемпионига айлантирди. Айнан ўша чемпионлик, яъни ўтган мавсумдан бошлаб мураббий Алонсо ҳақида энг юқори доираларда гаплаша бошлашди. «Ливерпул», «Бавария», «Реал» ва яна бир қатор топ-клублар Алонсони таклиф қилиш учун навбатга турди. Мана шу Алонсонинг «Реал» томон ташлаган қадамлари эди, зеро футболда шунақа, энг зўр бўлдингизми, сизни «Реал» кутади. Қисқаси, «Байер»да муваффақият қозонаётган Ҳаби Алонсо «Реал» учун гўёки Чехов ҳикояларидаги деворда осиғлиқ турган милтиқ эди ва бу қачон отилишини, яъни мураббий қачон Мадридда пайдо бўлишини кутиш қолганди, холос.

«Реал» эса ўз навбатида тизимли футболга қарши курашиб чарчади. Бошқа топ-клублар турли тактикалар, тизимлар устида бош қотираётган бир пайтда «Реал» энг содда йўл билан йил сайин энг муваффақиятли клуб сифатида намоён бўлар, бу ҳам Мадрид учун қўшимча уникаллик яратарди. Лекин сўнгги мавсум бу қараш ҳам доим натижа бермаслиги кўриниб қолди. «Реал» шу пайтгача индивидуал маҳоратга, шунингдек улардан ҳосил бўлган Кроос – Модрич, Винисиус – Мбаппе каби боғламларга таянган бўлса, йилдан йилга кетганларни алмаштириш қийинлашиб кетмоқда. Чунки Модрич ҳам, Кроос ёки Бензема ҳам ўзига яраша уникал, уларнинг кетиши табиий равишда жамоа ўйинидан ниманидир юлиб кетади. Доим изланишда бўлиш, индивидуал юлдузларнинг ўрнини босишга уриниш ҳам қиммат, ҳам доим ҳам ўхшамайди. Ўз-ўзидан Флорентино Перес соат каби ишлайдиган ва арзимас тузатишлар билан узоқ йилларга яраши мумкин бўлган тизимли жамоага эҳтиёж сеза бошлади.