Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Исроил танклари Ғазодаги ёрдам тарқатиш марказини ўққа тутди: 26 киши ҳалок бўлди

Маҳаллий аҳоли Исроил танклари Ғазо секторидаги Рафаҳ шаҳрида жойлашган гуманитар ёрдам тақсимлаш марказига қарата ўт очганини маълум қилди. Гувоҳлар ва шифокорларнинг айтишича, камида 26 киши ҳалок бўлган, 150 киши яраланган.

Рафаҳдаги журналист Муҳаммад Ғарибнинг BBC’га маълум қилишича, танклар АҚШ ва Исроил қўллаб-қувватловида очилган гуманитар ёрдам тақсимлаш маркази яқинида минглаб фаластинликлар тўпланганида ўт очишни бошлаган. Маҳаллий журналист ва фаоллар одамлар ҳалок бўлаётгани ва яраланганлар эшак араваларда Қизил Хоч госпиталига олиб кетилаётгани тасвирланган кадрларни эълон қилди. Таъкидланишича, фавқулодда хизмат ходимлари ўққа тутилган жойга ўтиб бора олмаган.

Муҳаммад Ғарибнинг сўзларига кўра, танклар ёрдам тақсимлаш марказига маҳаллий вақт билан соат 04:30 ларда яқинлашган ва ўт очган. «Ўлдирилганлар ва яраланганлар узоқ вақт ерда ётди. Қутқарув хизмати бу ҳудудга ўта олмади, у Исроил назорати остида. Натижада одамлар эшак араваларда ярадорларни дала госпиталига олиб боришга мажбур бўлди», — дейди журналист. Қизил Хоч шифохонаси ходимлари 26 киши ҳалок бўлгани ва 150 киши яраланганини тасдиқлади.

Иркутск области илк бор дронлар ҳужумига учради

Украина Хавфсизлик кучлари 1 июн куни «Ўргимчак тўри» операциясини амалга оширди. Унинг доирасида Россиянинг 40 дан ортиқ ҳарбий самолётлари, жумладан, А-50, Ту-95 ва Ту-22 М3 стратегик бомбардимончилари яксон қилинди.

Иркутск области аҳолиси дронлар ҳужуми уюштирилгани тўғрисида хабар берди. Уруш бошланганидан бери Усолский тумани илк бор учувчисиз бошқариладиган аппаратлар ҳужумига учради.

Маълумотларга кўра, Средний ва Новомалтинск посёлкалари ҳудудларига зарбалар берилган. Усолский туманида «Белая» ҳарбий аэродроми жойлашган бўлиб, у ерда Ту-22М3 бомбардимончилари сақланади.

Украинанинг «Бабел» нашрига кўра, Украина Хавфсизлик кучлари бошлаган «Ўргимчак тўри» операцияси доирасида Россиянинг 40 дан ортиқ ҳарбий самолётларини, жумладан, А-50, Ту-95 ва Ту-22 М3 стратегик бомбардимончилари яксон қилинган.

Украина маҳаллий нашрлари, ушбу ҳужум натижасида Россия армиясининг, умумий қиймати 7 миллиард доллардан ошадиган 41 та техникаси йўқ қилинганини ёзмоқда. Ҳозирча бу маълумотлар расман тасдиқланмаган.