21:52 / 11.06.2019
12464

Путин ШҲТга аъзо давлатлар етакчиларини ғалабанинг 75 йиллиги тантаналарига таклиф қилмоқчи

Россия президенти Владимир Путин Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Қирғизистонда ўтадиган саммитида ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарларини 2020 йилда Москвада Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 75 йиллиги нишонланишига таклиф қилмоқчи. Бу ҳақда Путиннинг ёрдамчиси Юрий Ушаков маълум қилди.

Ушаковнинг таъкидлашича, ғалабанинг юбилейига бағишланган қўшма ва катта кўламли тадбирлар масаласи саммитнинг кенгайтирилган форматдаги йиғилиши доирасида кўтарилади.

“Давлат раҳбарларига 2020 йилда Москвада ўтадиган тантаналарда иштирок этиш таклифи билдирилади”, деб айтган Путиннинг ёрдамчиси.

Айни вақтда ШҲТ таркибига 8 та давлат – Ўзбекистон, Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ҳиндистон, Покистон киради. 4 та давлат – Мўғулистон, Эрон, Афғонистон ва Беларусь кузатувчилар, яна 6 давлат – Шри-Ланка, Туркия, Озарбойжон, Афғонистон, Камбожа ва Непал мулоқот бўйича шериклар мақомига эга.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 13-14 июнь кунлари Қирғизистонга ташриф буюриб, у ерда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг 19-йиғилишида иштирок этади.

Top