Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан ғалабага фақатгина эркаклар меҳнати билан эришилмаган. Жасоратли аёллар ҳам ўз ҳаётини хавф остига қўйиб уруш тақдирига таъсир кўрсатадиган махфий маълумотларни топиш ва етказишда жонбозлик кўрсатган. Бу хавфли иш бўлиб, якуни қийноқ, консентрацион лагерга тушиб қолиш ва ҳатто ўлим билан тугаши мумкин эди. Лекин аёллар ғалабага ишонган ва ҳаракат қилишган. Қуйида мана шу сафда бўлган энг машҳур жосус аёллар ҳақида ҳикоя қилинади.
Жозефина Бейкер

1930 йилларда АҚШда ирқий айирмачилик авж ола бошлаган даврда афро-америкалик Жозефина Бейкер Парижга келади ва бу ерда раққоса, қўшиқчи сифатида танилади. Франция махфий хизмати разведкачиси Жак Абтейнинг маълумотига кўра, Жозефина Франция фуқаролигини олгандан 2 йил ўтгач уруш бошланади ва 1939 йилда Бейкер хоним французлар учун махфий маълумот тўплашда қатнашишни сўрайди. Иш хавфига қарамай Жозефина махфий хизматда ишлашни ўз хоҳиши билан қабул қилади ва бу ҳақда "Франция менинг шу ҳолатга етишимга сабабчи бўлди. Ўзимдаги барча нарсаларни Париж берди. Энди мен улар учун жонимни беришга тайёрман", дейди.
Бейкер хоним италян ва француз элчихоналари доирасидаги дипломатик кечаларда қатнаша бошлайди ва ким аслида агент ёки Франция хоини эканини ўрганишга ҳаракат қилади.
Немислар 1940 йилда Францияни ишғол қилгач, Жозефина бир муддат мамлакат жанубида яшайди ва санъат йўналишидаги чиқишларини давом эттиради. Амалда эса Абтей билан биргаликда махфий тарзда иш фаолиятини давом эттиради. 1941 йилда Франциянинг Шимолий Африкасига кўчиб ўтади. Жозефина бу ҳудудга турли фотосуратлар ва махсус сиёҳ билан ёзилган махфий хатларни кийимлари орасида яшириб олиб ўтади ва уларни Шарл де Голл раҳбарлик қилган "Эркин французлар" қаршилик гуруҳи агентларига топширади.
Жозефина Бейкер уруш давридаги хизматлари учун ҳаётлик давридаёқ французлар томонидан тақдирланган.
Нур Иноят Хон




















