Вазирлик энди олимларни бойитиш учун ишлайди — Иброҳимжон Абдураҳмонов
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги «режалаштирилади», «татбиқ этилади», «оптималлаштирилади» каби лойиҳалар учун энди давлат грантини бермайди. Вазирликнинг ўзи мавзуларни тақдим этади ва уларда аниқ маҳсулот кўриниб туради, дейди Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 майдаги «Иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларига инновацияларни жорий этиш механизмларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида амалий инновацион тадқиқотларнинг долзарб йўналишлари бўйича мавзуга оид грантлар бериш юзасидан мунтазам равишда танловлар эълон қилиб бориш вазифаси юклатилганди.
Таъкидланишича, давлат гранти ажратилишидан аввал, маҳсулот учун аниқ нарх белгиланиб, тайёрлаш жараёни учун етарли сумма ажратилади.
«Эски тизимда, 400 миллион сарфланадиган лойиҳа учун олим суммани ўзгартириб, 800 миллион сўм, деб қайд қиларди. Чунки айтилган сумма тўлиқ ажратилмаслигини инобатга олган. Янги тизимда бундай бўлмайди. Олим учун етарли маблағ ажратиб берилади. Моддий томондан таъминланган, маълум бир вақт (икки, уч йил) белгиланган ва вақт ниҳоясига етган бўлса-ю, олим томонидан айтилган вазифа бажарилмаса, маҳсулот тайёр ҳолга келтирилмаса, шартномага кўра, пул олим томонидан қайтарилади.
Лойиҳани амалга оширилиш жараёнида тижоратчилик ишларида сусткашликлар бўлса, вазирлик, лойиҳа билан шуғулланган жамоа жарима тўлайди. Кейинги лойиҳалардан ҳам четлаштирилади. Демак, икки тарафлама масъулият юклатилган. Олим маҳсулотни тақдим қилмаса, пулни қайтаради, маҳсулот тижоратлаштирилмаса, вазирлик жавобгарликка тортилади. Буни барчаси жавобгарлик ҳиссини ошириш учун жорий қилинган», — дейди Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов.
Маълум қилинишича, ҳозирги кунда жами 95та лойиҳа 78,6 млрд сўмга молиялаштиришга тавсия этилди. Шунингдек, Халқаро илмий-техник ҳамкорлик доирасида жами 21та лойиҳа, жумладан Ўзбекистон-Бельарус ўртасида бажарилиши 2019-2021 йилларга мўлжалланган 15та лойиҳа 7,3 млрд сўмга, Ўзбекистон-Германия ўртасида жами 6та 0,6 млрд сўмлик лойиҳалар ҳам амалга оширилиши белгиланган.
Мисол учун, биология фанлари номзоди Гўзал Кутлиева «ичак яллиғланиш касалликларини олдини олиш ва даволаш янги биопрепарат ишлаб чиқиш» мавзусида, бажарилиши уч йилга мўлжалланган амалий лойиҳа йиллик 300 млн. сўм миқдорида сертификатни қўлга киритди.
«Хўжаликларда янги туғилган бузоқларда ўлим ҳолати кўп кузатилади. Чорвачилик билан шуғулланадиган ҳамюртларимиз буни олдини олиш учун четдан кириб келган препаратлардан фойдаланади. Бугунги кунда биз яратган дориларнинг ҳам улардан кам жойи йўқ. Тажрибада қўллаб кўргандан сўнг, баъзи фермерлар биз билан шартнома ҳам имзолади», — дейди биология фанлари номзоди Гўзал Кутлиева.
«Мақсадимиз — олимларга кўпроқ пул ажратиш, лойиҳасини моддий жиҳатдан тўлиқ қоплаб бериш. Уларни эски қобиқдан чиқиши, ажратилган маблағдан тўлиқ фойдаланиб, натижани кўрсатиш, маҳсулотни кенг бозорга сотиш. Президентимиз Инновацион ривожланиш вазирлигини бекорга жорий қилмади. Олимлар бой бўлиши керак, деб кўп айтадилар. Ишонаман, келажакда олимларимизни ўзи муаммоларни ўрганиб, лойиҳалар учун маблағ ажратадиган ташкилотларга ҳам асос солади»,—дейди Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов.
Мавзуга оид
20:03 / 06.09.2024
“Сувдан ҳам жиддийроқ муаммо – ернинг шўрланиши бўляпти” - қишлоқ хўжалиги вазири
19:57 / 20.01.2024
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири халқаро форумда иштирок этди
13:37 / 25.10.2023
Қишлоқ хўжалиги вазирлигига янги раҳбар тайинланди
12:15 / 09.06.2023