15:55 / 14.06.2019
13526

Юнусобод туманида дарахтларни ноқонуний кесган шахс қўлга олинди

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси 12 июнь куни ижтимоий тармоқларда Юнусобод тумани 12-мавзеда дарахтларнинг кесилаётгани ҳақидаги хабар бўйича ўрганиш ишлари олиб борди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Аниқланишича, бу ердаги дарахтлар ноқонуний равишда кесилган. 

“Бу ишни амалга оширган давлат рақами 01/ G 365 HA бўлган автотранспорт эгаси воқеа жойидан зудлик билан ғойиб бўлган. Тошкент шаҳар йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси қидирув бўлими томонидан олиб борилган тезкор тадбир натижасида автотраспорт воситаси ушланиб, вақтинчалик жарима майдончасига жойлаштирилди. Маълум бўлишича, ушбу қонунбузарлик З.Солиев томонидан амалга оширилган. 

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Эътиборли фуқароларимизнинг мурожаати асосида ҳуқуқбузар қўлга олинди ва содир этган ноқонуний ҳаракати учун тегишли жазога тортилади”, дейилади хабарда. 

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан дастлабки суриштирув ва Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 январдаги 43-сонли қарорига асосан ўсимлик дунёсига етказилган зарар миқдорини аниқлаш ишлари олиб борилмоқда.

Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 162-моддасига мувофиқ, бу йўналишдаги ҳуқуқбузарликка жарима чораси қўлланилади.

Top