Спорт | 18:55 / 17.06.2019
6995
2 дақиқада ўқилади

Шерзод Тошматов таэквондо WTF ассоциацияси раиси этиб сайланди

Фото: Миллий олимпия қўмитаси

Бугун, 17 июнь куни Ўзбекистон таэквондо WTF ассоциациясида ташкилотнинг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.

Унда Миллий олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Касимов, шунингдек, спорт жамоатчилигининг қатор вакиллари иштирок этишди.

Фото: Миллий олимпия қўмитаси

Таэквондо WTF ассоциацияси янги раҳбар сайлаш конференция кун тартибига қўйилган энг асосий масала бўлди.

Бунга қадар ушбу ташкилот раиси сифатида ишлаб келган Аҳмаджон Раҳимов 14 июнда мазкур лавозими ва Миллий олимпия қўмитаси вице-президенти мансабидан истеъфога чиққан эди.

«Унинг ўрнига ассоциация раҳбарлигига Шерзод Тошматов номзоди таклиф этилди. Конференция иштирокчилари ушбу номзодни бир овоздан маъқуллашди ва Шерзод Тошматов Ўзбекистон таэквондо ассоциациянинг янги раиси деб эълон қилинди», – дейилади МОҚ хабарида.

Фото: Миллий олимпия қўмитаси

Маълумот учун, Шерзод Рихсибаевич Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари сифатида спорт жамоатчилигига яхши таниш. Унинг раҳбарлигида ўзбекистонлик боксчилар Рио Олимпиадаси ва 2 йил муқаддам Тошкентда ўтган Осиё чемпионатида юқори натижалар қайд этиб, ҳар икки мусобақада ҳам умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаган эди.

Тошматов 2019 йил февраль ойида Ўзбекистон бокс федерация биринчи вице-президенти лавозимидан кетган эди.

Фото: Миллий олимпия қўмитаси

Қайд этиш жоиз, таэквондо WTF ассоциациясининг собиқ раҳбари Аҳмаджон Раҳимов 2018 йилнинг 4 октябридан бери ташкилотни бошқариб келаётган эди. Шу давр ичида ўзбекистонлик таэквондочи ўсмирлар томонидан Олимпия ўйинларида 1та кумуш медаль қўлга киритилди. Май ойида ўтказилган катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида эса муваффақиятсиз иштирок этилди: унда Ўзбекистон вакиллари бирорта ҳам медаль жамғара олмади. Натижада Ўзбекистон таэквондочилари Олимпия рейтингида сезиларли равишда пастга тушиб кетишди.

Мавзуга оид