15:40 / 21.06.2019
55643

Шавкат Мирзиёев: «Биз онгли равишда одамларни онгсиз қилишга уриндик»

Олий Мажлис Сенатининг 20-ялпи мажлисида нутқ сўзлаган Шавкат Мирзиёев таълим соҳасидаги камчиликларни танқид қилди.

«Мен нима учун ҳадеб чет эл университетларининг филиалини олиб келяпман? Чунки ўзимиздаги олий таълим муассасаларида аҳвол чатоқ. Вазиятни шунчаки юзаки ўрганганда ҳам бир талай муаммолар келиб чиқади, ҳали чуқур кириб борганимиз ҳам йўқ. Талабаларнинг берган саволига университетдаги ўқитувчи жавоб беролмаяпти. Чет эл университетларида эса аниқ ишлайдиган тизим бор, уларда методология бор, билимли олимлар бор», — дея Мирзиёевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Давлат раҳбари мактаблардаги ҳолатга ҳам тўхталиб ўтди.

«Тошкент шаҳридаги мактабларнинг бирида директор билан гаплашдим. Бўш иш ўринлари бор, лекин танлаб оладиган кадрнинг ўзи йўқ.

Мактабингизда нечта вакант бор деб сўрадим. Шунча, деди. Бирор марта бир неча кимё, физика, математика ўқитувчилари орасидан энг яхшисини танлаб олганмисиз мактабингиз учун, деб сўрадим. Йўқ, дейди. Битта одам келса, хурсанд бўлиб оламан, чунки кадр йўқ, дейди.

Баъзи мактабларда уч сменалаб ўқиш бўляпти. Булар 2-3 йилда ҳал бўладиган муаммо эмас.

Биз узоқ вақт давомида била туриб, онгли равишда одамларимизни онгсиз қилишга уриндик. Қанча кам таклиф берилса, шунча яхши қабилида иш кўрилди. Лекин бугун кечагидек яшаб бўлмайди, тушунинглар», — дея таъкидлади президент.

Top