Ўзбекистон | 22:32 / 23.06.2019
15455
7 дақиқада ўқилади

ОАВ: Ўзбекистон икки йилда ислом молиясини шакллантирди

Ўзбекистон ўтган икки йил ўзининг исломий иқтисодини шакллантириш билан банд бўлди, деб ёзади Salaam Gateway нашри.

Нашрда таъкидланишича, Ўзбекистон бир пайтлар собиқ Совет тузуми таркибида бўлган, айни пайтда Марказий Осиёдаги аҳолиси энг кўп давлат ҳисобланади. 

«32 миллион халқнинг асосий қисмини мусулмонлар ташкил қилади. 

Мамлакатни «темир қонунлар» билан ушлаб турган биринчи Президент Ислом Каримовнинг вафотидан кейин, иқтидорга келган Президент Шавкат Мирзиёев очиқ иқтисод тизимига ўтиш ва хорижлик инвесторларни жалб қилишга қарор қилди», — дея таъкидланади нашрда. 

Мирзиёев ҳукумати чет инвестициясини мақсадли йўналтиришда анча муваффақиятга эришгани эътироф этилган. 

Нашрга кўра, БМТнинг савдо ва тараққиёт масалаларига бағишланган конференцияси таҳлилида Ўзбекистондаги инвестиция оқими 2018 йилда аввалги йилга нисбатан 4 бараварга кўпайган.

«Бу 98 миллион долларнинг 412 миллион долларга ошиши билан баҳоланади. Асосий инвесторларни ўзбек гази ва ёқилғиси билан қизиқадиган россияликлар ташкил қилган бўлса, 2018 йилдан Хитой, Ҳиндистон, Туркия ва Корея Республикасининг ҳам Ўзбекистонга қизиқиши кучайди.

Ислом иқтисодий секторида эса Ўзбекистон асосан қуйидаги 3 нарсага эътибор қаратмоқда: ўзининг ислом молиявий тизимини яратиш, мамлакатни мусулмон сайёҳлар учун очиш ва ислом иқтисодидаги давлатлар билан савдо алоқаларини ўрнатиш», — дейилади нашр эълон қилган мақолада. 

Мамлакатдаги ислом молияси тизими

2018 йил июлда Ўзбекистон банк сектори ва ташқи савдони ривожлантириш мақсадида ислом иқтисоди бошқаруви ва ислом молиявий институтларини жорий қилиш режалаштирилганини маълум қилган эди.

«Ислом иқтисоди Ўзбекистон учун биринчи даражада бўлиши англашилмаса-да, бироқ Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом Тараққиёти Корпорациясининг (ICD) шаръий-молиявий масалаларга эътибори кучайиши —  Ўзбекистонда ҳам бу тизимга диққат қаратиш вақти келганини кўрсатди. Бу корпорация Ислом Тараққиёти Банкига аъзо ташкилотлардан бири ҳисобланади ва Ўзбекистоннинг қатор банклари у билан ҳамкорликни йўлга қўйган.

Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистоннинг Буюк ипак йўли банки Ислом Тараққиёти корпорациясидан 2006 йили 2 миллион, 2010 йил 5 миллион, 2017 йилда эса 14 миллион доллар молиявий маблағ олган.

2018 йил июл ойидан бошлаб яна икки банк: Трастбанк ва Инвест финанс банк ҳам ICD билан молиявий ҳамкорликни йўлга қўйди.

Орадан озгина вақт ўтиб cентябр ойида эса Ислом Тараққиёти Корпорацияси Ўзбекистондаги 6та институт: Капиталбанк, Асака банк, Туронбанк, Ҳамкорбанк, Ўзсаноатқурилишбанк, “Asia Alliance bank” билан шаръий-молиявий масалалар бўйича шартнома имзолади», — дейилади мақолада. 

Шу йилнинг июн ойида эса Капиталбанк Ислом Тараққиёти Корпорацияси билан Саудиядан техник ёрдам олиш имконини берувчи шартномани имзолади. Бу келишув Ислом Банки учун Ўзбекистонда янги туйнук очиши мумкин.

Худди шу вақтда Трастбанк ҳам хусусий секторда бизнес билан боғлиқ ишларни осонлаштириш мақсадида ICD билан глобал платформада ишламоқчи эканлигини маълум қилди.

Ўзбекистонда туризм

Бу соҳада ҳам давлат анча ривожланмоқда. 2000 йилда 302,400 минг, 2010-йилда 1.06 миллион турист Ўзбекистонга ташриф буюрган бўлса, 2016 йилда бу кўрсаткич 2.16 миллионга етди.

Жаҳон Туризм ва Саёҳат консуллигининг (WTTC) баҳолашича, 2017-йилда туризм Ўзбекистонга 275,1 миллион доллар фойда келтирган. Бу давлатнинг ЯИМнинг 0,9 фоизига тўғри келади.

Туризмнинг ривожи ижобий кечаётган бир пайтда WTTC Ўзбекистонга ташриф буюрувчилар 2028 йилда 4,238 миллионга етишини умид қилмоқда.

Ислом давлатлари билан дўстона муносабатлар секторида ҳам Ўзбекистон мусулмон сайёҳларнинг ташрифини кўпайтириш учун алоҳида ишларни амалга оширмоқда.

Феврал ойида давлат биринчи бор муқаддас қадамжолар туризмини ривожлантириш мақсадида халқаро форумга мезбонлик қилди. Буларнинг барчаси туризмнинг ривожи ва инвесторларнинг кўпроқ жалб қилинишига хизмат қилиши керак», — дейилади унда. 
UNESCO маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 7 мингдан ортиқ муҳим маданий объектлар бўлиб, мамлакатнинг исломий қадамжолари VIII асрга бориб тақалади.

Қуйида мақоланинг давоми ўзбек тилида ҳавола этилади.
Мамлакатда сайёҳларнинг қийинчиликсиз ҳаракатланиши учун ҳукумат асосий аҳолисини мусулмонлар ташкил қилувчи бир қатор давлатларга виза эркинлигини берган. Қўшни давлатлар: Озарбайжон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, шунингдек, Бирлашган Араб Амирлиги, Малайзия, Индонезия, Бруней ва Туркия шулар жумласидан.

Шунингдек, Ўзбекистон ўтган йилдан бошлаб махсус информацион портални ҳам ишга туширди. У бир неча тилларда мамлакатдаги виза, резидентларининг ҳуқуқлари, регистрация ва солиқ механизми ҳақида маълумот узатишга мўлжалланган.

Савдо

Ўзбекистон бу борада ҳам бошқа ислом иқтисодидаги давлатлар билан прогрессив ҳамкорликни йўлга қўймоқда.

Мамлакат апрель ойида Шарқий Осиё халқларининг энг катта ҳалол савдо кўргазмаси бўлган Малайзия халқаро ҳалол кўргазмасида (MIHAS)да иштирок этди.

Муҳими, Ўзбекистон иқтисодни ривожлантириш ва савдо ҳамкорлигини мустаҳкамлаш мақсадида Бирлашган Араб Амирлиги билан ҳам яқин алоқалар ўрнатган.

Шу йилнинг биринчи чорагида Тошкентда БАА иқтисодиёт вазири ва Ўзбекистон бош вазири иштирокида давлатлар ўртасидаги Иқтисодий ҳамкорлик қўмитасининг III сессияси ўтказилди.

Апрель ойи давомида Таши савдо ва инвестиция вазирлиги томонидан Саудия-Ўзбек бизнес форуми ҳам ўтказилди.

Икки давлат савдо алоқаларини кенгайтириш, инвестиция жалб қилиш, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги, иқтисодиёт, туризм соҳаларини ривожлантириш бўйича келишувга эришган.

2017-йилдаёқ БАА ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо қиймати ёқилғини ҳисобга олинмаган ҳолатда ҳам 387 миллион долларга етган.

Ўзбекистон Малайзия билан ҳам яхши алоқада. Малайзия ўзининг ҳалоллик экспертизасини Ўзбекистонга берадиган бўлса, мамлакат Ислом Корпорацияси давлатларига озиқ-овқат ва ичимликлари экспортини ошириши мумкин. Айни пайтда Ўзбекистоннинг бу давлатларга экспорти анча паст. Ислом Тараққиёти Корпорацияси савдо харитаси маълумотларига асосан, 2018-йилда 4.7 миллион доллар қийматида ҳайвон маҳсулотлари, 3 миллион долларга тирик жониворлар, 1.15 миллионга сут, 30.000 минг долларга эса товуқчилик маҳсулотлариэкспорт қилинган.

Ўзбекистон ҳукумати қишлоқ хўжалиги ўз иқтисодий трансформациясининг асосий қисми эканини ҳисобга олган ҳолда агробизнесни ҳам молиявий, ҳам техник қўллаб-қувватлашга ваъда берган.

Айни пайтда Ўзбекистон хорижий тадбиркорларни агробизнес ва озиқ-овқат саноатига ҳам фаол жалб қилмоқда.

Мавзуга оид