19:44 / 24.06.2019
14562

ИИВ Сурхондарёда пенсия ёшидаги ўқитувчи собиқ ўқувчилари томонидан калтакланиши ҳақидаги хабар юзасидан изоҳ берди

Шу йилнинг 9 июнь куни Сурхондарё вилояти Узун тумани «Чақар» маҳалласида яшовчи, фуқаро Хасанова Мунавварани маҳалладошлари, яъни, шу маҳаллада яшовчи фуқаролар Қ.С. ва Ю.Ж. уриб тан жароҳати етказгани ҳақида Узун тумани Ички ишлар бўлими навбатчилик қисмига Узун тумани тиббиёт бирлашмасининг тиббиёт хабарномаси келиб тушган. Мазкур хабарнома шу куннинг ўзида рўйхатга олинган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабар берди.

«Ҳолат юзасидан олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатларига кўра, жорий йилнинг 8 июнь куни соат 21:30ларда Узун тумани «Чақар» маҳалласида яшовчи, фуқаро Ю.Ж. ва Қ.С. спиртли ичимлик истеъмол қилиш мақсадида, шу маҳаллада истиқомат қилувчи фуқаро Хасанова Мунавваранинг яшаш уйига борган. Унинг яшаш уйи олдида жойлашган, фаолияти 2018 йил декабрь ойидан буён тўхтатилган озиқ-овқат дўкони ёпиқлигини кўра била туриб, спиртли ичимлик сотишини сўраб, унинг ўғли билан тортишиб турганини эшитиб, Хасанова Мунаввара уйидан чиқиб келган. М.Хасанова фуқаролар Ю.Ж. ва Қ.С.га дўкон ёпиқлигини тушунтириб, кетишларини сўраганида, фуқаро Ю.Ж. М.Хасанованинг юзига мушт тушириб, унга тан жароҳати етказгани аниқланган.

Ҳозирда фуқаро М.Хасановага нисбатан суд-тиббий экспертизаси тайинланган бўлиб, терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда. Текширув натижалари юзасидан қўшимча хабар берилади», дейилади хабарда.

Бундан аввалроқ Kun.uz сайтида «Узунда пенсия ёшидаги ўқитувчини собиқ ўқувчилари калтаклашди: жабрдийда зўравонлар жазоланишини истамоқда» сарлавҳали материал эълон қилинганди.

Top