10:30 / 27.06.2019
17859

«Капиталбанк»га қарши янги суд иши бошланди – даъво қиймати 400 миллион сўм

Ёдингизда бўлса, Kun.uz сайти орқали «Хонобод Бройлер» МЧЖга қарашли бўлган мол-мулклар «Капиталбанк» АТБ томонидан ноқонуний эгаллаб олингани ҳақида мақола эълон қилинган эди.

«Хонобод Бройлер» МЧЖ тугатиш бошқарувчисининг «Капиталбанк» АТБ Бош офисига нисбатан Андижон вилояти, Хонобод шаҳри, Коинот кўчаси 41-уй манзилидаги паррандачилик комплекси ҳудудида бўлган мол-мулкларни «Капиталбанк» АТБ Бош офисининг ноқонуний эгалигидан олиб бериш тўғрисидаги даъво аризаси Тошкент туманлараро иқтисодий суди томонидан тўлиқ қаноатлантирилган ва бу ҳақида ҳам сайтимиз орқали маълумот берилган эди.

Куни кеча Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьяси Анвар Ибрагимов раислигида «Хонобод Бройлер» МЧЖ тугатиш бошқарувчисининг «Капиталбанк» АТБнинг Бош офисига нисбатан моддий зарар ундиришга доир даъво аризаси юзасидан янги суд жараёнлари бошланди.

Унга кўра, суддан «Хонобод Бройлер» МЧЖ тугатиш бошқарувчиси фойдасига «Капиталбанк» АТБнинг Бош офисидан 2018 йил август ойидан 2019 йил май ойига қадар мол-мулклар ноқонуний эгаллаб олиниши билан боғлиқ ҳолда кўрилган зарарни ундириш сўралмоқда. Даъвонинг умумий қиймати 409 млн. сўмни ташкил қилади.

Мазкур суд жараёнлари (судьянинг рухсати билан) Kun.uz сайти орқали белгиланган тартибда кузатиб борилмоқда. Кейинги суд мажлиси 9 июлга белгиланган.     

P.S.: Kun.uz сайти орқали 2018 йил ноябр ойида «Капиталбанк» ва тадбиркор можароси. Ким ҳақ ва ким ноҳақ?» сарлавҳали материал эълон қилингани учун «Капиталбанк» АТБ Бош офиси таҳририятни банкнинг ишчанлик обрўсига путур етказганликда айблаб, Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судига даъво ариза киритган ва ушбу материал эълон қилиниши натижасида бой берилган 164 909 589 (бир юз олтмиш тўрт миллион тўққиз юз тўққиз минг беш юз саксон тўққиз) сўм фойдани таҳририятдан ундириш талабини қўйгани ҳақида маълум қилинган эди. Жорий йилнинг 20 июнь куни мазкур иш бўйича суд қарори эълон қилинди. Суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач унинг мазмуни ҳақида жамоатчиликка маълумот берилади.

Top