16:09 / 01.07.2019
15522

Ўзбекистон дори бозори хусусиятлари: йиллик 10 трлн сўмлик истеъмолнинг 80 фоизи импорт

Замонавий дунё ахборотнинг улкан оқимига беқиёс даражада боғланган. Ҳар қандай хабар, янгилик омманинг диққат марказида бўлади ва узлуксиз изоҳлар билан баҳоланиб борилади. Айниқса маълумот бутун бир давлат, халқ манфаатларига дахлдор бўлса. Сўнгги пайтларда қаттиқ муҳокама, баҳс-у мунозараларга сабаб бўлган мавзулардан бири бу 2019 йил 10 апрелда имзоланган дори воситалари харидига оид махсус фармон бўйича бўлди. Мазкур фармоннинг асл моҳиятини халқимизга етказиш мақсадида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Кариев билан суҳбатлашдик.

– Ассалому алайкум. Суҳбатимизни оддий, лекин кўпчилик учун қизиқарли бўлган савол билан бошласак: шаҳарларимизнинг бирор кўчаси йўқки, дорихона бўлмаса. Айрим кўчаларда ўнлаб дорихоналар қаторасига жойлашган. Ҳаттоки хорижликлар «Дориксона» қандай бренд?» деган савол берганлари тўғрисида ҳазиломуз гаплар юради. Албатта, бу саволга жавоб фақат сизнинг ваколатингизда эмас, лекин барибир қизиқ – Ўзбекистон аҳли кўпроқ касалланадими ёки бизда фармбизнеснинг бошқа ўзига хос жиҳатлари борми?

– Бу савол кўпчиликни қизиқтиради. Айрим хорижий давлатларда дорихоналар бўйича махсус талаблар бор – фақат аҳоли сони бўйича ёки ҳар 500 метрдагина очиш мумкин. Бизда эса бу борада чекловлар йўқ, бир кўчада ўнлаб дорихоналарни учратиш мумкин. Бунинг ижобий жиҳатлари ҳам бор — рақобат бўлади, нарх ошмайди, таклиф кўпаяди. Салбий жиҳатлари ҳақида бирор фикр билдира олмайман, бу ҳам тадбиркорликнинг бир кўриниши. Тадбиркорлик эса қўллаб-қуватланади.

Видео: Youtube

 Видео: Mover (tas-ix)

–  Президент имзолаган Фармонга кўра, бу йилдан дори воситалари ва тиббиёт буюмларини давлат томонидан харид қилишда маҳсулотнинг икки ва ундан ортиқ маҳаллий ишлаб чиқарувчиси мавжуд бўлса, чет эл ишлаб чиқарувчиларининг дори воситалари ва тиббиёт буюмлари бўйича таклифини инобатга олмаслик шарти белгилаб қўйилган. Демак, давлат тиббиёт муассаларида энди асосан маҳаллий дори воситаларидан фойдаланилади. Шу ўринда доимий дилемма юзага чиқмайдими – маҳаллий воситаларнинг сифати кўзда тутилган талабни бажара олармикан?

– Бир нарсани аниқ билиб олайлик – бу фармон хориждан кириб келувчи дориларни чекламайди. Ижтимоий тармоқларда бу нотўғри муҳокама қилинмоқда. Соҳани монополияда айблаганлар бўлди, ҳаттоки саноатимизни автосаноатга қиёсладилар. Бу нотўғри. Сабаби автосаноатдан фарқли равишда Ўзбекистонда ҳозир 160дан ортиқ ишлаб чиқарувчилар фаолият олиб бормоқда, яна 20дан ортиғи ишлаб чиқаришни йўлга қўйишмоқчи.

Энди мавзуга узил-кесил аниқлик киритсам – ким импорт маҳсулот истеъмол қилса, қайсидир хорижий дорига эҳтиёжи бўлса, дорихоналардан бемалол харид қилаверади. Уларнинг кириб келишига ҳам, сотувига ҳам ҳеч қандай чеклов қўйилмайди.

Бу фармон фақат давлат харидларини назарда тутади ва дори воситалари бўйича давлат харидлари умумий бозорнинг фақат 10 фоизини ташкил қилади. Демак фармон моҳиятини тўғри тушуниб олишимиз лозим.

Энди сифат масаласига келсак – айтишим мумкинки, маҳаллий маҳсулотлар ҳам хорижники билан айнан бир хил маҳсулотлардан тайёрланади, бир хил сифат текширувларидан ўтгандан кейингина тақдим этилади. Қолаверса, юқорида айтилганидек 160дан ортиқ ишлаб чиқарувчиларнинг ўзи ҳам анчагина йирик кўрсаткич, шиддатли ички рақобат сифатсиз маҳсулотни четга чиқариб қўяди.

Шу ўринда давлат харидларига оид айрим маълумотларни келтириб ўтсам: Давлат тиббиёт муассасалари эҳтиёжлари учун 2015 йилда 219 млрд сўмлик дори воситалари сотиб олинган бўлса, қабул қилинган дастур ижроси бўйича бу кўрсаткич 2016 йилда 4 фоизга, 2017 йилда 65 фоизга,

2018 йилда эса 143 фоизга ошиб, 2018 йилда шу мақсад учун сарфланган маблағ 914 млрд сўмни ташкил қилган.

– Ўзбекистонда бир қарашда дори воситалари ишлаб чиқаришда катта ишлар амалга оширилаётган бўлсада, тан олишимиз керакки маҳсулотларимиз оддий дори воситалари даражасида қолмоқда. Шу фикрга қандай қарайсиз?

– Бу фикрингизга қўшилмаган бўлардим, сабаби Ўзбекистон фармсаноати ривожланиш кўрсаткичлари бўйича кўплаб давлатлар билан рақобатлаша олади. Мисол учун, анча ривожланган давлат бўлган қўшни Қозоғистонда 20та атрофида ишлаб чиқариш корхоналари мавжуд, бизда эса 160дан ортиғи ишлаяпти, 24таси ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш арафасида, яна бир нечтаси бу бўйича инвестиция киритмоқчи. Маҳсулотларнинг катта қисми экспортга йўналтирилмоқда.

Энди фармсаноатимиз мураккаб жараёнларни ўтказганига ҳам сабаблар бор – собиқ иттифоқ даврида фармацевтика саноати асосан Россия, Украина каби республикалар ҳудудида бўлган. Бизда эса фақат иккитагина завод ишлаган. Бу табиийки эҳтиёжни қондира олмайди.

Ҳозирги кунда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига дори воситаларини замонавий дунё стандартларига мос ишлаб чиқаришнинг тўлиқ циклини яратиш вазифаси юклатилган. Бунинг учун кадрлаш тайёрлаш, махсус кластерлар фаолиятини йўлга қўйиш режалари ишлаб чиқилган. Ўйлайманки, тез орада бу ҳаракатлар ўз натижасини беради.

«Ҳар йили Ўзбекистонда 10 трлн сўмдан ортиқ миқдордаги турли дори воситалари истеъмол қилинади. Шу дори воситаларининг 8 трлн сўмлик қисми хориждан кириб келади». Бу маълумотдаги рақамлар мутаносиблиги қониқарли даражада деб ўйлайсизми?

– Албатта йўқ. Лекин бир жиҳатга эътибор бериш лозим – дунёнинг бирор давлати ўзини дори воситалари билан тўлиқ таъминламаган, ҳамиша импортга эҳтиёж бўлади. Аммо бу рақамни ўз фойдамизга ўзгартириш бўйича ишлашимиз шарт. Юқоридаги фармон ҳам айнан мана шу борада ишларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қабул қилинган. Унга кўра ишлаб чиқарувчиларга қатор имкониятлар берилади – гаровга мулки етмаса, кредит олиш учун махсус фонд кафолати, стандартлардан ўтиш, янги дориларнинг клиникасини ўтказиш учун қилинган харажатларнинг маълум қисмларини қоплаш шулар жумласидандир.

Лекин бу фармондан синов тариқасида, ишлаб чиқарувчиларимизга маълум муддат имконият бериш мақсади кўзланган. Агар нарх борасида ўзгаришлар бўлса, яъни салбий жиҳатлар кузатилса, бу синовдан воз кечиш мумкин. Лекин ўзи шу соҳанинг кўп йиллик вакили сифатида айтаманки, бу фармон нарх ошишига ёки танқисликларга олиб келмаслиги керак. Сабаби ишлаб чиқариш салоҳиятимиз юқори.

– Ўзбекистонда шифокорлар ва дори сотувчилар ўртасида рағбатлантиришга асосланган узвий боғлиқлик борлиги ҳеч кимга сир эмас ва бу жараён тахминан 20 йиллик тарихга, ўзига хос анъаналарга эга бўлиб, оддий ҳол сифатида қабул қилинадиган даражага етди. Шу тизимга қисқа муддатда тўла-тўкис барҳам берилса, фикрингизча Ўзбекистон фармбозори қандай ҳолатга тушади?

– Тўғри айтасиз, бу ҳолат ҳеч ким сир эмас. Аммо бундай тизим фақат Ўзбекистонда эмас, дунёнинг кўплаб давлатларида бор. Кўпчилик бунга қарши курашишга ҳаракат қилган, ютуққа эришганлар ҳам бор, самара бўлмай ўз ҳолига ташлаб қўйганлар ҳам бор. Лекин бир нарсани айтишим керак, ҳозирги кунда Вазирлар Маҳкамасига бир қарор лойиҳаси киритилган. Унга кўра, шифокор беморга дори буюрганда унинг халқаро патентланмаган номини ёзиб бериши, бемор маҳсулотни хоҳ маҳаллий, хоҳ хорижий бўлсин, ўзи танлаши лозим. Шунингдек бу қарорга кўра рецептли дориларни рецептсиз сотган дорихона дастлаб катта жаримага тортилади, агар бу ҳолат такрорланса, лицензиядан маҳрум қилиш кўзда тутилган.

– Ўзбекистон фармсаноати ривожига нималар тўсқинлик қилмоқда, нималар туртки бўлмоқда? Саноат конвертацияга жуда таъсирчанлиги туфайли кўп йиллар ривожланишдан орқада қолди. Сўнгги йиллардаги ислоҳотлар импорт бўйича кўрсаткичларимизга қандай таъсир қилди?

– Ўзим ҳам ишлаб чиқаришдаги 15 йиллик тажрибамдан келиб чиқиб айтаманки, фармсаноатимиз ривожидаги асосий муаммолардан бири бу малакали кадрларнинг етишмаслиги. Тўғри, фармацевтика институтимиз бор, аммо уни битираётганларнинг мутлақ кўпчилиги дорихонада ишлаб кетади. Тадқиқотлар, ишлаб чиқариш соҳасига бормайди ёшлар. Энди конвертация масаласига келсак, ҳақиқатан ҳам бу муаммо соҳамизнинг оғриқли нуқтаси эди. Жуда кўп корхоналар ўз ишлаб чиқариш ҳажмига чиқа олмадилар, хом ашё олиб киришга қийналишди. Бу масаланинг ҳал этилиши кўриб турганингиздек компанияларимиз ривожига хизмат қилмоқда.

– Ўзбекистон табиати ранг-баранг, табобат катта тарихга эга. Лекин халқ табобатига асосланган дори воситалари ишлаб чиқариш ниҳоятда кам. Бунинг сабаблари нимада?

– Тўғри айтасиз, Ўзбекистон флора ва фаунаси жуда ноёб, доривор ўсимликлар кўп. Бу борада ҳам алоҳида ишлар қилинмоқда. Учта илмий-тадқиқот муассасалари бор ва уларнинг ҳаммасида доимий равишда иш олиб борилмоқда. Яқин йилларда бунинг ҳам натижасини кўрамиз – дорихоналарда айнан маҳаллий доривор ўсимликлардан тайёрланган маҳсулотлар алоҳида тақдим этилади.

Суҳбатдош Аброр Зоҳидов,

тасвирчи Муҳаммаджон Ғаниев.

Мавзуга оид:

* 3 йил давомида тиббиёт муассасаларининг дори-дармон билан таъминланганлик даражаси 4 маротаба ошган;

* 2 200та ижтимоий дорихоналар ташкил этилиб, уларнинг ҳар бири кунига ўртача 7 млн сўмлик сифатли ва арзон дори воситалари билан аҳолини таъминламоқда.

* Давлат харидлари учун жорий қилинган электрон аукцион ва дўкон тизимларидаги нархлар пасайтирилиши механизми натижасида йил давомида 14 фоиз инфляция кузатилганига қарамасдан, 2018 йилда маблағларнинг 2017 йилга нисбатан 12 фоизга, яъни 162 млрд сўмга, 2019 йил биринчи чорагида эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 11 фоизга, яъни 12,9 млрд сўмга тежалишига эришилган.

Top