Ўзбекистон | 15:45 / 09.07.2019
5813
4 дақиқада ўқилади

Қалбаки ва ноқонуний дори воситаларига қарши кураш соҳасида резолюция қабул қилинди

Бугун, 9 июль куни Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан, «Санофи» компанияси кўмагида «Қалбаки ва ноқонуний дори воситалари айланишига қарши кураш» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Тадбирнинг очилиш маросимида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Қориев ҳамда Франциянинг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Виолен де Вильмор хоним иштирок этди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, сохта маҳсулот дунё миқёсида ҳар йили 100 минг нафардан 1 миллион нафаргача одам ҳаётига зомин бўлиши мумкин.

«Бугунги конференция Ўзбекистонда қалбаки ва ноқонуний дори воситаларининг муомалада бўлишига қарши кураш соҳасида муҳим воқеа ҳисобланади. Препаратларни қалбакилаштириш умуммиллий миқёсдаги муаммо саналади, ҳар бир сохта дори ўрами эса, фуқаролар саломатлиги ва ҳаётига катта хавф туғдиради. 2018 йилда фармацевтика хавфсизлиги институти томонидан дунё миқёсида сохта тиббиёт маҳсулотлари билан боғлиқ 4405та ҳолат рўйхатга олинган. Уларнинг 665таси МДҲ мамлакатларига тўғри келади», - дея агентлик директори Сардор Қориевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

«Қалбаки дори воситалари муаммоси барчани хавотирга солмоқда, чунки сохта дорилар инсон саломатлигига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Европада қалбаки ва ноқонуний дори воситаларига қарши курашишга алоҳида эътибор қаратилади. Ушбу муаммо ҳақида нафақат гапириш, айни дамда уни ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбирларни қабул қилиш муҳим аҳамиятга эга», - деди Франциянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Виолен де Вильмор хоним.

«Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидан олинган маълумотларга кўра, Ўзбекистон ҳам тегишли бўлган ривожланаётган бозорларда қалбаки дори маҳсулотларининг улуши дунё миқёсидаги қалбаки сохта маҳсулоти айланмаси улушидан 10 фоиздан 30 фоизгачани ташкил этиши мумкин», - дейди «Санофи» компанияси вакили Жоффруа Бессо.

Конференция якунлари бўйича қабул қилинган Резолюция доирасида қалбаки ва ноқонуний дори воситалари тарқалишига қарши курашиш бўйича қуйидаги ишларни амалга оширишга келишиб олинди:

  • Кенг жамоатчилик ва ваколатли органлар вакилларини қалбаки ва ноқонуний дори воситалари туғдирадиган хавфлар тўғрисида хабардор қилиш мақсадида ОАВда ахборот тарқатиш ишларини амалга ошириш;
  • Қалбаки ва ноқонуний дори воситалари аниқланган ҳолатлар тўғрисида мунтазам равишда ахборот алмашиш;
  • Дори воситалари ишлаб чиқарувчи халқаро компанияларининг ихтисослаштирилган лабораторияларида шубҳали намуналарни таҳлил қилишга техник ёрдам кўрсатиш;
  • Давлат ва хусусий ташкилотлар ўртасидаги шерикчиликни ривожлантириш.

Тадбирда давомида Kun.uz мухбири жаноб Жоффруа Бессодан қалбаки маҳсулотлар туфайли компаниянинг йиллик йўқотишлари қанчани ташкил қилиши ва бундай дори воситалари асосан қайси давлатларда тайёрланиши ҳақида сўради.

«Контрафакт дори воситалари туфайли йўқотишларимизни аниқ рақамларда айта олмайман, лекин гап ўнлаб миллион евродан кам бўлмаган маблағ ҳақида кетаётгани аниқ. Аммо бундан ҳам муҳим жиҳат – инсон саломатлиги масаласи турганида бу рақамлар катта аҳамият касб этмайди. Қалбаки маҳсулотлар энг кўп аниқланувчи давлатлар масаласига келсак, асосан Хитой ва Африка давлатларида бундай ҳолатлар кузатилади. Лекин унутмаслик лозимки, бунга ихтисослашган жиноий гуруҳлар трансмиллий даражада иш олиб боришади ва уларнинг фаолияти бир неча давлатларни қамраб олади», дейди у.

Мавзуга оид