Ўзбекистон | 07:41 / 11.07.2019
3882
3 дақиқада ўқилади

Давлат солиқ қўмитасининг доимий янгиланадиган маълумотлар базаси яратилади

Фото: Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси президентининг «Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Президентнинг мазкур қарорида «Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш стратегиясини амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» маъқулланган. Чора-тадбирларни амалга ошириш механизмлари, ижро муддати ва масъуллар белгиланган.

«Йўл харитаси»нинг иккинчи боби — «Хизмат кўрсатишга йўналтирилган солиқ хизматларини ривожлантириш чора-тадбирлари» орасидан қуйидагилар ўрин олган:

·        Солиқ хизматларини кўрсатиш бўйича мобил иловалар сонини кўпайтириш (ўзини ўзи иш банд қилган фуқароларнинг рўйхатдан мустақил ўтиши ва солиқларни тўлаши, юридик шахснинг улуши бўйича қўйилган тақиқлар (банд солинган) ҳақидаги маълумотномаларни олиш, якка тартибдаги тадбиркор мақомини текшириш ва бошқалар).

·        Солиқ солиш мақсадида ер ва кўчмас мулкнинг кадастр ҳисоби ва қийматини баҳолаш билан тўлиқ қамраб олишни таъминлаш чора-тадбирларини амалга ошириш учун кадастр ва солиқ органлари маълумотлар базаларини интеграциялаштириш.

·        Солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш бўйича солиқ органларининг айрим функцияларини нодавлат ташкилотларга (аутсорсинг) ўтказиш бўйича таклифлар тайёрлаш.

·        Даромад солиғи ва мол-мулк солиғини тўлаш муддатларини ва маълумотномалар тақдим этиш тизимини қайта кўриб чиқиш.

·        Кўрсатиладиган солиқ хизматлари сифатига солиқ тўловчиларнинг қониқиш даражасини аноним баҳолаш имкониятини яратиш учун Давлат солиқ қўмитасининг расмий веб-сайтида қўшимча функциялар киритиш.

·        Солиқ органлари бўлинмалари фаолиятининг самарадорлигини жамоатчилик фикри натижаларини ҳисобга олган ҳолда рейтинг баҳолашни жорий этиш.

·        Солиқ тўловчиларнинг аниқ эҳтиёжларидан келиб чиқиб (тўлиқ маслаҳат бериш, буюртманомалар, ариза ва шикоятлар қабул қилиш), «call-марказ» функцияларини кенгайтириш орқали солиқ тўловчиларга хизматлар кўрсатиш, шунингдек, солиқ маъмуриятчилигини яхшилашга доир таклифларни ишлаб чиқиш борасидаги долзарб муаммоларни чуқур таҳлил қилиш учун кўп бериладиган саволлар ва келиб тушадиган мурожаатлар асосида Давлат солиқ қўмитасининг доимий янгиланадиган маълумотлар базасини яратиш.

·        Ўзбекистон Солиқ маслаҳатчилари палатасини солиқ маслаҳатчилари ташкилотларининг унга мажбурий аъзо бўлишини назарда тутувчи ўзини ўзи назорат қиладиган ташкилотга айлантириш, солиқ маслаҳатчиларини ўқитишни ташкил қилиш, малака имтиҳонларини ўтказиш ва сертификат бериш вазифаларини топшириш орқали унинг фаолиятини такомиллаштириш.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид