Жаҳон | 19:39 / 11.07.2019
39088
10 дақиқада ўқилади

Титраётган бундесфрау. Меркелнинг аҳволи жиддийми?

Бундесфрау – бундесхоним. Немисчада «бундес» – федерал, «фрау» – хоним.

Германия канцлери Ангела Меркель 10 июль куни Финляндия бош вазири Антти Ринне билан учрашув вақтида яна ўзини ёмон ҳис қилди. Бир ой ичида учинчи марта канцлер хонимни расмий учрашув вақтида титроқ тутиб қолди. Бу ҳолат Германия фуқароларида хавотир уйғотмоқда. Хўш, аҳвол қанчалик жиддий?

Матбуот котибидан чиққан канцлер

Келинг, аввало Германия тарихидаги илк аёл канцлер ҳисобланган Меркель хонимнинг сиёсатга қандай кириб келганига назар солсак. Ангела Меркель ёшлигидан кимё ва физикага қизиққани боис университетни ҳам шу мутахассислик бўйича битиради. Меркель 1989 йилда «Демократик янгиланиш» партиясига ишга кирганида, кўпчилик танишлари ҳайрон қолишади, чунки у атрофдагиларида илм кишиси бўлиб таассурот қолдирганди-да. Партиянинг кичик лавозимларида ишлаб юрган Меркель кейинчалик матбуот хизматида ишлай бошлайди ва айнан шу лавозимда унинг том маънода сиёсий фаолияти бошланади.

1990 йилда Меркель ГДР Министрлар кенгаши раисининг матбуот котибига ўринбосар бўлади. Иккита Германиянинг бирлашиш жараёнида бевосита қатнашган Меркель секин-аста сиёсат оламида танила боради. Меркелнинг тавсиясига кўра 1990 йилги сайловларда муваффақиятсизликка учраган «Демократик янгиланиш» партияси ўша вақтда ҳукмрон бўлган ХДК (Христиан-демократлар кенгаши) партияси билан бирлашишга қарор қилади. 2 октябрь куни «Демократик янгиланиш» ХДК таркибига қўшилишига бағишланган тадбирда Меркель нутқ сўзлайди. 3 октябрь куни эса Германия бирлашади. Шу билан Меркелнинг матбуот котиби сифатида фаолияти ҳам якунланади ва у ҳукуматда маслаҳатчи сифатида иш бошлайди.

1991 йил январда Меркель янги Германиянинг хотин-қизлар ва ёшлар ишлари бўйича вазири бўлади. Сиёсат пиллапоясида тез кўтарилаётган Ангелани «Колнинг қизи» (Гельмут Коль, ўша вақтдаги Германия федерал канцлери) деб атай бошлашади. 1994 йилда эса Меркель анча жиддий вазирликка раҳбар бўлади. Сайловларда 48,6 % овоз олган бўлажак канцлер Табиатни муҳофаза қилиш ва ядро хавфсизлиги вазири бўлади. Кимё билимдони бўлган Меркель учун бу ўзининг иши эди.

ХДКда раҳбар ўзгариб, партия раҳбарлигига Вольфганг Шойбле келгач, Меркель бош котиб бўлади. 2000 йил 18 февралда ХДК раиси Вольфганг Шойбле ўз лавозимидан кетишини маълум қилади. Раҳбарсиз қолган партия назорати эса кутилганидек бош котиб Ангела Меркель қўлига ўтади.

Ўша вақтларда партиянинг кўплаб вакиллари, жумладан собиқ канцлер Гельмут Коль ҳам иқтисодий можароларга ўралашиб қолганди. Меркель эса бундай ишларга аралашмагани боис партия ичида катта обрўга эга бўлганди. 2000 йил 10 апрелда ХДК партияси раҳбарлигига сайлов ўтказилади ва Меркель 935 аъзодан 897 нафарининг қўллови билан партия раҳбари бўлади.

2005 йил 18 сентябрда Германияда муддатидан аввал парламент сайловлари ўтказилади. Христиан-демократлар кенгаши ҳамда Христиан-социаллар кенгаши федерал канцлер лавозимига Ангела Меркель номзодини таклиф қилишади. Меркель кутилганидан анча паст овоз олиб бўлса-да (35,2 %) сайловда ғолиб бўлади. 2005 йил 22 ноябрь куни 611 депутатдан 397 нафари Меркелнинг канцлер бўлишига рози бўлади ва Ангела Меркель Германия тарихида илк марта федерал канцлер лавозимини эгаллаган аёлга айланади. Мамлакатдаги аёллар буни шахсий ғалабалари деб кутиб олишади.

Канцлер бўлганидан сўнг яна уч марта қайта сайланган Меркель «Форбс» журнали томонидан 12 марта йилнинг энг кучли сиёсатчи аёли деб топилган. 2006 ва 2007 йилларда «Тайм» журнали Меркелни дунёнинг энг таъсири катта 100 нафар одами рўйхатига киритади. 2015 йилда эса бу обрўли нашр Меркель хонимни йил одами деб топади.

Сиёсатда катта ютуқларга эришган Меркелнинг фарзанди йўқ. У икки марта турмуш қурган, аммо фарзанд кўрмаган.

Меркелнинг сиёсатга кириб келишини бежизга эсламадик. У барчасига меҳнат сабаб эришган. Меркель хонимнинг сиёсатдаги йўлига меҳнат қилиш нуқтаи назаридан ўрнак сифатида қараш мумкин. Сўзамоллиги билан ҳар қандай ҳолатдан чиқиб кета оладиган Меркель дунё сиёсатида катта обрўга эга. Бироқ охирги вақтларда Меркелнинг сиёсий фаолиятидан кўра унинг саломатлиги кўпроқ муҳокама қилинмоқда...

Бир ойда уч марта...

Ҳаммаси 18 июнда бошланди. Украинанинг янги президенти Владимир Зеленский билан илк марта учрашув вақтида Меркелнинг аҳволи ёмонлашди. Давлат мадҳиялари янграётган пайтда уни титроқ тутиб қолди. Бундай ҳолатни кутмаган Зеленский эса нима қилишини билмай ҳайрон қолди. Ўша ҳолатдан сўнг бутун дунё Меркелнинг саломатлиги ҳақида гапира бошлади. Матбуот анжуманида ҳам бу ҳақда сўрашди ва канцлер барчасига иссиқ сабаблигини айтди: «Уч стакан сув ичгач, аҳволим яхшиланди. Менга айнан сув етишмади. Ҳаммаси жойида».

Иккинчи титроқ Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер билан учрашувга тўғри келди. Бу гал Меркель хоним иссиқни баҳона қила олмасди, чунки учрашув ёпиқ бинода ўтказилаётган ва турган гапки у ерда кондиционер ишлаган. Биринчи титроқ вақтида Меркелнинг ёнидаги Зеленский «қоққан қозиқдек» турган бўлса, бу гал Штайнмайер канцлердан аҳволини сўради, қўриқчилардан бири эса сув олиб келди, аммо Меркель қўли билан ишора қилиб, сувни рад этди.

Германия канцлерининг ҳақиқий ҳолати унинг ўзи ва шифокорига аён, аммо дунёнинг кучли шифокорлари уни текшириб кўриш имкони бўлмаса-да, тасаввурларини айтишмоқда.

Масалан, лондонлик доктор Майк Фитцпатрикнинг «Daily Telegraph»га маълум қилишича, одам иссиқдан бундай титрамайди: «Очликдан шундай ҳолга тушиш мумкин, лекин иссиқдан эмас. Тутқаноқ эса икки дақиқагача давом этиши мумкин ва у одам танасидаги ҳарорат нормал ҳолатга тушганидан кейин ўтиб кетади. Бу ҳолат айнан тутқаноққа ўхшади», – дейди шифокор.

«Қандай келган бўлса, шундай ўтиб кетади...»

Канцлер ўзининг ҳолатида жиддий ўзгариш йўқлигига ишонтиришга уринмоқда. Унинг айтишича, ҳаммаси қандай келган бўлса, шундай ўтиб кетади: «Ҳаммаси қандай келган бўлса, шундай ўтиб кетади. Ўзимни яхши ҳис қиляпман, бу борада ортиқ ҳеч нима дея олмайман».

Германиялик пойгачи Шумахерни даволаган машҳур шифокор Кристоф Шпехт канцлер хоним билан кузатилган ҳолатнинг олтита эҳтимолий сабабини санади. Улардан энг асосийси қандли диабет билан боғлиқ. Шифокорнинг таъкидлашича, қонда шакар миқдорининг камлиги беморда худди шундай бошқариб бўлмас титроқни келтириб чиқаради.

Яна бир сабаб сифатида тананинг зўриқиши келтирилган. Масалан, одам асабийлашишга қарши таблеткалар қабул қилиши сабаб танада зўриқиш пайдо бўлиши мумкин. Шифокорнинг айтишича, қалқонсимон безнинг ҳаддан ташқари фаоллиги ҳам титроқни келтириб чиқаради.

Албатта, шифокор бу ерда ёш омилини ҳам унутмаслик кераклигини илова қилди: «Тремор, яъни бундай титраш 60 ёшдан ошганларда учрайди ва у одам ҳаракат қилиши билан тўхтайди».

Дунё шифокорлари яна кўплаб вариантларни маълум қилишмоқда. Улардан бирида айтилишича, Меркель Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашувдан олдин жуда кўп қаҳва ичган ва керагидан кам сув истеъмол қилган.

Иккинчи марта такрорланган титроқда эса руҳий сабаб ҳам келтирилди. Руҳшуносларнинг тусмолича, титроқ пайдо бўлишидан қўрқиш ҳам унинг такрорланишига сабаб бўлиши мумкин. Одамлар орасида титроқ Паркинсон касаллигининг аломати бўлиши мумкинлиги ҳам муҳокама қилинмоқда, лекин профессионал шифокорлар буни кескин рад этишди. Улар бу касалликда титроқ узоқроқ давом этишини айтишмоқда.

ОАВда Меркель 2014 йилда матбуот анжуманини кутилмаганда тарк этгани ва бунга сабаб сифатида қон босимининг тушиб кетганини келтиргани ҳам эсланди. 2014 йил Кёльнда ҳам Меркелни титроқ тутганди. 2015 йил Байройтда опера эшитаётган канцлер стулдан йиқилиб тушганди. Бу ҳодисанинг сабаби сифатида стулнинг синганини келтиришганди, лекин канцлер учун синган стул қўйилганига ишониш қийин. Меркель хонимни Мексикага сафари вақтида ҳам титроқ тутган.

Бир ой ичида уч марталаб такрорланган хуружнинг яна бир эҳтимолий сабаби сифатида қон айланишидаги муаммони келтиришмоқда. Хуруж сув ичиш билан ўтиб кетгани унинг айнан қон айланиш билан боғлиқлигига ишора қилмоқда, деб ҳисоблайди бир гуруҳ шифокорлар.

Ана шунақа гаплар. Нима бўлганда ҳам, Меркель хонимга саломатлик тилаймиз. Катта еттилик давлат раҳбарлари орасида энг узоқ вақт ҳукумат тепасида бўлаётган Меркель улар орасида энг адеквати ҳам ҳисобланади.

Бундесфрау 2021 йилда сиёсатдан кетишини маълум қилган. Умид қиламиз, канцлер хоним ўзи охиргиси деб атаган муддатни эсон-омон тугатиб қўяди...

Мавзуга оид