Жаҳон | 10:29 / 03.12.2021
18111
3 дақиқада ўқилади

Фото: Меркель тантанали равишда кузатилди

Ангела Меркель Германия канцлери лавозими билан расман хайрлашди. Шу муносабат билан Берлинда “темир фрау” шарафига ҳарбийлар томонидан Der Große Zapfenstreich — “Кечки шафақ” деб номланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Фото: AP

Ушбу маросим Меркелнинг ҳукумат тепасидаги 16 йиллик фаолиятидан кейин кетишидан олдин муҳим тадбир ҳисобланади. Сиёсатчи расман ўз лавозимини 8 декабрда тарк этади. Шу куни бундестагда янги канцлер номзоди бўйича овоз бериш бўлиб ўтади.

Таъкидланишича, “Кечки шафақ” ҳар бир германиялик фуқаро ҳарбийлар томонидан тақдирланиши мумкин бўлган энг олий ҳурмат белгиси ҳисобланади. Ушбу маросим тарихи XVI асрга бориб тақалади, бироқ немис канцлерларини бундай кузатиш анъанаси Германия канцлери Гельмут Коль ўз лавозимидан кузатиб қўйилган 1998 йилдан бери амал қилиб келади.

Меркелни кузатиш маросими коронавирусга қарши чекловлар сабабли чекланган доирада ўтган. Унда 200га яқин киши, жумладан Меркель бошқаруви вақтида вазир лавозимларини эгаллаган 52 киши иштирок этган.

67 ёшли Меркель ўз нутқида барчага ҳамкорлик ва ишонч учун миннатдорлик билдирди. У канцлер лавозимидаги энг ёдда қолувчи лаҳзаларни, 2008 йилги молиявий инқироз, 2015 йилги миграция инқирози ва пандемияни эслаб ўтди.

Hannibal Hanschke / Reuters / Scanpix / LETA

“Темир фрау” бўлғуси канцлер Олаф Шольц ва унинг ҳукуматига омад ҳамда барча муаммоларнинг ечимини топа олишини тилаган.

Меркелнинг нутқидан кейин ҳарбий оркестр бир нечта, жумладан сиёсатчининг ўзи танлаган 3 та композицияни ижро этган.

Fabrizio Bensch / Reuters / Scanpix / LETA
Fabrizio Bensch / Reuters / Scanpix / LETA

Меркелнинг ўрнини парламент сайловларида ғалаба қозонган Социал-демократик партия аъзоси — 63 ёшли Олаф Шольц эгаллайди. Шольц охирги 3 йил давомида Меркель ҳукуматида вице-канцлер ва молия вазири лавозимини эгаллаб келган. Унинг номзоди 8 декабрда тасдиқланиши кутилмоқда. Бу ҳолатда Меркелга канцлер лавозимида қолиш бўйича Гельмут Колнинг рекордини такрорлаш учун бор-йўғи 2 ҳафта етмайди.

Ангела Меркель Германияни 2005 йил 22 ноябрдан бери бошқариб келган.

Мавзуга оид