Жамият | 11:27 / 13.07.2019
23571
2 дақиқада ўқилади

Банкда «қора бозор» баҳосида валюта алмаштиришга уринган ходимлар ушланди

Фото: REUTERS

У.А. Булунғур туманидаги объектларни қўриқлаш бўйича 1-алоҳида отряди 1-гуруҳ сафдор ходими вазифасида ишлаб келган, деб хабар бермоқда Zarnews. 

Жиноят ишлари бўйича Булунғур тумани суди раиси Фарҳод Худойбердиевнинг ёзишича, «Агробанк» АТБ Булунғур филиали биносини қўриқлаш унга топширилган. У ўз вазифасидан фойдаланиб, «Агробанк» АТБ Булунғур филиали валюта айирбошлаш шохобчаси назоратчи кассири О.С. билан ўзаро жиноий тил бириктирган. Улар 1 АҚШ долларининг сўмга нисбатан давлат баҳоси 8420 сўм эканлигини билгани ҳолда, фуқаро Д.М.нинг ишончига кириб, унга 1 АҚШ долларини «қора бозор» баҳосида, яъни 8540 сўмдан айирбошлаб беришини айтган.

Аёл рози бўлгач, У.А. ундан 51 млн 240 минг сўм миқдоридаги пулларни олиб, О.С.га берган ва қиймати 50 млн 748,9 минг сўм бўлган 6000 АҚШ доллари миқдоридаги валюта қимматликларига айирбошлаган. У.А. 6000 АҚШ долларини Д.М.га бераётган вақтида, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Булунғур туман бўлими ва Давлат хавфсизлиги хизмати вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ашёвий далил билан ушланган.

Суд У.А.га 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади. Шунингдек, у 3 йил муддатга муайян ҳуқуқдан, яъни давлат иштирокидаги ташкилот, муассаса, корхоналарда моддий ва мансабдорлик лавозимларида ҳамда ички ишлар органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди.

О.С. эса 2 йил-у 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси ҳамда 2 йил муддатга муайян ҳуқуқдан, яъни давлат иштирокидаги ташкилот, муассаса, корхоналарда моддий ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди.

Мавзуга оид