Молия | 09:39 / 27.05.2026
3001
2 дақиқада ўқилади

Марказий банк валюта операциялари тартибига ўзгартиш киритмоқчи

Ўзбекистон Марказий банки капитал ҳаракати билан боғлиқ айрим валюта операцияларини амалга ошириш тартибини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартишлар лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди. Янги тартиб резидентларнинг чет элда инвестиция фаолиятини амалга ошириши, хориждан маблағ жалб қилиши ҳамда валюта операцияларини рўйхатга олиш жараёнларини аниқлаштиришни назарда тутади.

Фото: Kun.uz

Лойиҳага кўра, капитал ҳаракати операциялари жорий халқаро операцияларга кирмайдиган барча трансчегаравий валюта операцияларини қамраб олади. Улар қаторига чет элда инвестиция қилиш, кредит ва қарз операциялари, кўчмас мулк сотиб олиш, хорижий ҳисобварақларга маблағ жойлаштириш ҳамда интеллектуал мулк ҳуқуқлари билан боғлиқ битимлар киради.

Шунингдек, резидентларга айрим операциялар бўйича дастлабки рухсатсиз чет элда инвестиция фаолиятини амалга ошириш имконияти берилиши таклиф қилинмоқда. Хусусан, давлат иштирокидаги корхоналар учун 100 минг АҚШ долларигача, хусусий корхоналар учун эса 200 минг долларгача миқдорда хорижда инвестиция киритишга рухсат талаб этилмайди. Жисмоний шахслар эса бир йилда 10 минг долларгача хорижий инвестиция операцияларини амалга ошириши мумкин бўлади.

Лойиҳада капитал ҳаракати операцияларини Марказий банкнинг ФEРУз ахборот тизими орқали электрон рўйхатдан ўтказиш тартиби ҳам белгиланган. Банклар операциялар тўғрисидаги маълумотларни тизимга киритгандан сўнг улар расман рўйхатга олинган ҳисобланади.

Бундан ташқари, резидентлар ҳар чоракда чет элдаги инвестиция фаолияти бўйича хизмат кўрсатувчи банкка ҳисобот тақдим этиши лозим бўлади. Маълумотларни белгиланган муддатда тақдим этмаган резидентларнинг кейинги операциялари вақтинча тўхтатиб турилиши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид