12:00 / 14.07.2019
11010

Қабул жараёни бўйича эслатмалар: Абитуриентлар учун якшанба куни ҳам қабул комиссиялари ишламоқда

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев ўз Telegram-каналида қабул жараёнлари ҳақидаги маълумотларни эслатди.

  • Бугун, якшанба куни ҳам қабул комиссиялари фаолият олиб боради. Тўлов қилиш имконияти ҳам бор ёки онлайн тўланг;
  • Қабул 15 июлгача (ўша куни ҳам), узайтирилгани йўқ, миш-мишларга ишонманг. Агар узайтирилса, албатта расмий хабар берилади;
  • Қабул комиссиялари охирги абитуриент қолгунча (соат нечигача бўлса ҳам) фаолият олиб боради, ҳеч ким қолиб кетмайди;
  • Сиртқи учун қабул - 15 июлгача (ўша куни ҳам). 30 июль деб адашманг;
  • Онлайн ҳужжат топшириш хизмати ҳам ишга тушди. Бунда фақат 5 та ОТМни (ТДЮУ, ФарДУ, ҚДУ, СамДУ, ГулДУ) 1-йўналиш қилиб танлаш шарт. 2 ва 3-йўналишга исталган ОТМларни танлаш мумкин, бунга чеклов йўқ.

Хушнудбек Худойбердиев онлайн ҳужжат топшириш ҳақида айрим маълумотларни келтирган.

  • Шунчаки абитуриентлар паспорт ва дипломининг серияси ва рақамини, шахсий идентификация рақамини (ПИН ФЛ) киритса кифоя, бошқа нарса керак эмас. Паспорт ва дипломларнинг сканери ҳам шарт бўлмайди, рақамларини киритса бўлди;
  • Лайфхак: мабодо кимдир паспорти ва дипломини йўқотиб қўйган бўлса ва янгисини олишга улгурмаслигига кўзи етса, унда онлайн ҳужжат топширсин. Ҳеч кимга ҳужжат кўрсатиш шартмас, рақамларини билсангиз кифоя. Имтиҳонга эса паспорт столдан олинган вақтинчалик паспорт (09-шакл) билан кирса бўлади;
  • Ягона порталдан ҳужжат топшириш хизмати текин бўлади;
  • Фақат ўтган йили тугатган абитуриентлар Ягона порталдан ҳужжат топширмоқчи бўлса, 101.365 сўм тўлов қилинади;
  • Ягона портал орқали аввал ҳужжат топширганлар йўналишини ўзгартира олмайди! Бунинг учун қабул комиссиясига бориш керак;
  • Ягона портал орқали рўйхатдан ўтишда ўта ҳушёр бўлиш керак, маълумотлар нотўғри киритилса, уни портал орқали тузатиб бўлмайди. Бунинг учун давлат хизматлари марказига бориш керак;

Қуйидаги абитуриентлар онлайн ҳужжат топшира олмайди:
- алоҳида имтиёзга эга бўлганлар (яъни турли мукофот соҳиблари, олимпиада ғолиблари ва ҳ.к.);
- фуқаролик паспорти бўлмаган шахслар (масалан, 16 ёшга тўлмаганлар);
- фуқаролиги бўлмаган шахслар.

Ушбу тоифадагилар давлат хизматлари марказига шахсан ўзлари боришлари шарт.

Top