00:51 / 15.07.2019
10905

Будапешт Гран-присининг сўнгги куни: японларнинг устунлиги, медалсиз қолган ўзбек полвонлари

Венгрия пойтахтида бўлиб ўтаётган дзюдо бўйича Будапешт Гран-при турнири якунига етди.

Бугун оғир вазнли полвонлар ғолиблик учун татамига тушди. Эркаклар -90, -100 ва +100 кг, аёллар -78 ва +78 кг вазнда ўз имкониятларидан фойдаланишди.

-90 кг вазнда Николас Ширазадишвили (Испания) ғолиб бўлди. У финалда дзюдо ватани вакили Мукаи Шоичирони таслим этди. Учинчи ўринлар грузиялик Бека Гвиниашвили ва кубалик Силва Моралесга насиб этди. Мазкур вазнда баҳсларда қатнашган икки ўзбекистонлик — Яҳё Имомов ва Давлат Бобоновлар биринчи даврадаёқ мусобақани тарк этиб улгурди.

-100 кгли полвонлар баҳсларида япониялик Аарон Вулфга тенг келадиган рақиб топилмади. У ҳал қилувчи баҳсда эстониялик Григори Минаскин устидан Иппон баҳоси билан ғалаба қилди. Учинчи ўринга кореялик Чо Гуҳам ва Семион Катҳарина эга чиқишган. Бу вазнда курашларда иштирок этган ўзбекистонлик дзюдочилар Муҳаммадкарим Хуррамов ва Шерали Жўраев иккинчи даврада мусобақани тарк этди.

Мутлақ вазнда ўзбекистонлик Бекмурод Олтибоев бронза учун курашда грузиялик Заалишвили Гелага ютқазиб бешинчи ўриндан жой олди. Биринчи ўрин исроиллик тажрибали спортчи Ор Сассонга насиб этди. У япониялик Кагеура Кокорони қўшимча вақтларда енгиб ғолибликни қўлга киритди. учинчи ўриннинг яна бирига мезбон С.Ричард эга чиқди.

Аёллар ўртасида -78 кг.гача бўлган дзюдочилар курашида Агуиар М. (Бразилия) биринчи, Р.Сато (Япония) иккинчи, К.Антомарчи ва П.Наталиелар учинчи ўринларга сазовор бўлди. 78 кг.дан оғир дзюдочи қизлар беллашувида Т.Вакаба (Япония) ғолиб бўлди. Кейинги совринли ўринларни Ч.Роуҳоу (Тунис), Ванг Ян (Хитой), Ортиз Идалйс (Куба) лар эгаллади.

Турнир якунига кўра, умумжамоа ҳисобида япониялик дзюдочилар яққол устунлик билан 5 та олтин, 3 та кумуш билан биринчи, Бразилия иккинчи ва косоволиклар учинчи бўлишди. 82 давлат вакиллари ичида ўзбекистонликлар икки бронза медали билан турнирни 16 ўринда якунлади. 

Top