Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда стажёр-тадқиқотчилик институти ташкил этилади
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Олий ўқув юртидан кейинги таълим институтига тайёрлов босқичи сифатида стажёр-тадқиқотчилик институтини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Ҳужжат билан олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот муассасалари ҳузурида 2019 йилнинг 1 сентябридан бошлаб Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан олий ўқув юртидан кейинги таълим институтига тайёрлов босқичи сифатида икки йиллик стажёр-тадқиқотчилик институти ташкил этилиши мумкин.
Стажёр-тадқиқотчилик институти тўғрисидаги Низом тасдиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Фанлар академиясининг буюртмасига асосан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2020 йилги параметрлари доирасида ва 2020 йилдан бошлаб, ҳар йили стажёр-тадқиқотчилик институтининг жорий фаолияти харажатларини қоплаш учун зарур маблағлар (шу жумладан Фанлар академияси учун 100 тадан кам бўлмаган ўрин) ажратилишини назарда тутади.
Низомга кўра, стажёр-тадқиқотчилар институти ҳузурида олий ўқув юртидан кейинги таълим институти мавжуд бўлган олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот муассасалари ҳузурида ташкил этилади.
Стажёр-тадқиқотчилар институтига қабул қилинаётган номзод магистрлик ёки мутахассислик дастурлари бўйича олинган олий маълумот тўғрисидаги дипломга эга бўлиши лозим.
Тасарруфида ОТМ ёки ИТМ бўлган вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ҳар йили 1 июнгача бўлган муддатда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига илмий ва илмий-педагогик ходимлар тайёрлаш заруриятидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети маблағлари ҳисобига тайёрлов босқичига квота ажратиш масаласида асосланган таклифлар билан мурожаат қиладилар.
Вазирлик, идора ва ташкилотлар бўйича қабул квотаси Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади ва ҳар йили 1 июлдан кечикмасдан тегишли равишда тасарруфида ОТМ ва ИТМ бўлган вазирлик, идора ва ташкилотларга юборилади.
Вазирлик, идора ва ташкилотлар идоравий мансуб ОТМ ва ИТМ бўйича эҳтиёждан келиб чиқиб квотани тақсимлайди.
Вазирлик, идора ва ташкилотлар тасдиқланган квотани тасарруфидаги ОТМ ва ИТМларга ҳар йили 1 августгача етказадилар.
Ҳужжатлар стажёр-тадқиқотчиликка номзодлардан ОТМ ва ИТМ қабул комиссияси томонидан ҳар йили 15 августгача бўлган даврда қабул қилинади.
ОТМ ва ИТМларда ректор (директор) раислигида қабул комиссияси тузилади. Қабул комиссияси аъзолари ректор (директор) томонидан ихтисослик бўйича олимлар орасидан тайинланади.
Стажёр-тадқиқотчиликка номзодлар ОТМ ёки ИТМга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:
- ариза;
- қисқача биографик маълумотнома;
- меҳнат дафтарчасининг белгиланган тартибда тасдиқланган нусхаси (ишлаётганлар учун);
- олий таълим муассасаси магистратураси ёхуд олий маълумот тўғрисидаги диплом нусхаси;
- нашр этилган илмий ишлар рўйхати, уларнинг нусхалари.
Стажёр-тадқиқотчиликка номзодлар ОТМ ёки ИТМнинг қабул комиссияси томонидан ихтисослик бўйича суҳбатдан ўтадилар.
Стажёр-тадқиқотчиликка қабул учун суҳбат ҳар йили 20-25 август даврида ўтказилади.
Стажёр-тадқиқотчиликка кирувчи талабгорларнинг суҳбат натижаларидан ва ажратилган қабул квотасидан келиб чиқиб, қабул комиссияси томонидан 25 августгача бўлган муддатда қарор қабул қилинади.
Стажёр-тадқиқотчиликка қабул қилиш ОТМ ректори ёки ИТМ директори буйруғи билан ҳар йили 25 августгача бўлган муддатда амалга оширилиб, тайёрлов босқичи 1 сентябридан бошланади.
Тайёрлов босқичига қабул қилиш тўғрисидаги буйруқда стажёр-тадқиқотчининг ихтисослиги бўйича ОТМ кафедраси ёки ИТМ тегишли лабораторияси (бўлим)га бириктирилиши белгиланади.
Стажёр-тадқиқотчилар ОТМ кафедраси ёки ИТМ лаборатория (бўлим) илмий-тадқиқот режалари бўйича иш олиб борадилар.
Стажёр-тадқиқотчи ҳар ярим йилда бириктирилган ОТМ кафедраси, ИТМ лабораторияси (бўлим)да қилган ишлари тўғрисида ҳисобот беради, йил якунида аттестациядан ўтказилиб, аттестация натижаларига кўра кейинги босқичга ўтказилади.
Тайёрлов босқичига қабул қилинган санадан бошлаб стажёр-тадқиқотчиларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 18 августдаги 233-сонли “Илмий ходимлар меҳнатини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ойлик маош тўланади.
Мавзуга оид
13:22 / 10.03.2026
Миллий биофармацевтика илмий-тадқиқот институти ташкил этилади
18:49 / 24.01.2026
Маҳаллани ривожлантириш миллий институти ташкил этилади
10:23 / 24.10.2025
Медиация институтини такомиллаштириш бошланяпти
14:25 / 22.10.2025