Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қозоғистондаги ЙТҲда ҳалок бўлган фуқаронинг жасади Ўзбекистонга жўнатилди
1 нафар Ўзбекистон фуқароси вафот этган ва яна 4 ҳамюртимиз жароҳатига сабаб бўлган 13 июлдаги йўл-транспорт ҳодисасининг тафсилотларини аниқлаш мақсадида Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги (Қозоғистон) Бош консулхонаси ходими 2019 йилнинг 16-17 июль кунлари Жамбил вилояти Мойинқум тумани ва Қарағанда вилояти Приозерск шаҳрига борди.
Марҳум ҳамюртимизнинг жасади яқинлари ҳамроҳлигида Ўзбекистонга жўнатилган. Жароҳатланганлар эса Приозерск шаҳар касалхонасига жойлаштирилган, дейилади ТИВ хабарида.
Қозоғистон миграция хизматининг мазкур ҳудуддаги вакиллари берган маълумотга кўра, жами 11 нафар Ўзбекистон фуқароси ноқонуний меҳнат билан шуғуллангани учун қўлга олинган, улардан 6 нафари хизмат автомашинасида ЙТҲга учраган.
ЙТҲ факти бўйича полиция ходими – хизмат автомашинаси ҳайдовчисига нисбатан жиноий иш очилган.
Бош консулхона жароҳатланган ҳамюртларимиз О.Н. ва С.С.ни Ўзбекистонга жўнатиш масалалари билан шуғулланмоқда ва вазиятни назоратда ушлаб турибди.
Консуллик-ҳуқуқий департаменти фожиали якун топган ЙТҲ муносабати билан ҳамдардлик билдирган ҳамда Қозоғистоннинг Олмаота ва Чимкент шаҳарлари, Олмаота, Шарқий Қозоғистон, Туркистон, Жамбил ва Қизилўрда вилоятлари ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари зарур ҳолларда мамлакатнинг Олмаота шаҳридаги Бош консулхонасига қуйидаги телефон рақами орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатган: +7-727-291-11-78.