Расул Кушербаев: «Келмай, кўрмай, билмай туриб депутатларни «соқов» дейиш қўпол ҳақоратдир»
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ўз телеграм каналида навбатдаги хабар қолдирди. Унда у автомобиллар ойналарини парда билан тўсишга рухсат бериш бўйича ташаббус юзасидан билдирилган фикрларга жавоб қайтарган.
«Депутат даражасида кўтарилиши керак бўлган масалалар кўп. Ва одамларни қийнаётган айрим масалаларни кўтариб чиқсак, баъзи “даҳо”лар стратегик аҳамиятга эга катта муаммолар турганда депутат бундай кичик ишлар билан шуғулланмаслиги лозим, деган фикрларни ҳам билдиришмоқда. Бу гап бир жиҳатдан тўғри.
Бироқ, бугун одамлар ўз вакилидан ўзини ўйлантираётган масала каттами-кичикми фарқи йўқ, эътибор қаратиб ҳал этишни талаб қилмоқда, уларга “бу менинг даражамга тўғри келмайди, мен стратегик муаммолар билан ишлайман, майда ишлар билан вақтимни олманг”, деб бўлмайди. Унда оёқ ердан узилган бўлади. Комил ишонч билан айтаманки, депутат ана шунинг учун ҳам депутат. Одамлар унинг кучли юристлиги, иқтисодчилиги, бадавлатлиги ёки чиройига қараб эмас, ўзларига маъқул инсоний сифатларига қараб танлашади ва ишонишади.
Сайловчилар томонидан бўлаётган кўплаб мурожаат ва аҳоли вакилларининг ОАВ, интернет тармоқларидаги чақириқларидан келиб чиқиб, биз ҳам куни кеча бир гуруҳ ҳамкасблар билан олиб борган ўрганиш ва таҳлил асосида қуёш нурларидан сақланиш мақсадида енгил автомобилларнинг орқа ва ён ойналари, шу жумладан олди ён ойнаси учун пардалар тақиб юришга қонуний рухсат бериш ва жарима қўлламаслик масаласи бўйича таклиф билан чиққан эдик. Билмадим, балки бу майда масаладир, лекин бугун кўпчиликни безовта қилаётган муаммо.
Таклифимиз масъуллар томонидан эътиборсиз қолмасин, масала жамоатчилик диққат марказида турсин ва таъсири бўлсин, деган ниятда бу ҳақда ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимиз орқали маълумот жойлаштиргандик. Мақсад баъзи бировлар айтганидек “чала депутат” бўлсак-да “ачко” олиш учун қилингани йўқ, такрор айтаманки, бу жамоатчилик эътибори ва босими остида муаммо бўйича ижобий натижага эришиш учун. Чунки бизни одамлар қўлламаса ишда самара бўлиши қийин.
Яна бир гап: биз масалани қўйганда автомобилнинг фақат орқа ва орқа ён ойнасига эмас, орқа ва ён ойларига рухсат бериш ҳақида гапирмоқдамиз. Яъни олд ойнадан (лобовой) ташқари барча ойналарга. Афсуски, миллий қонунчиликда “ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атроф” тушунчасига тариф берилмаганлиги ва давлатлараро стандартга ИИБ ходимлари риоя этмай, жарима қўллаётгани бу масалага аниқ ечим топиш кераклигини кўрсатмоқда. Таклифимизни талқин қилишда шунга эътибор бериш зарур.
Шу билан бирга, агар кимларнингдир “заказ”ига ишламаётган бўлсалар, ҳурматли айрим фойдаланувчилардан одамларнинг фикри ва хохишини инобатга олиб, муаммони ечиш ниятида қилаётган ишларимиз учун бизларни ҳақорат ва масхара қилишдан ўзларини тийишларини сўраб қолардик. Одамларнинг ёнини олаётганимиз учун жавобига бундай ҳақоратлар уюштирилиши таклифларимиз ўтишини истамаган айримлар учун бизнинг ихлос ва ғайратимизни қайтариш учун асос бўлиб қолмоқда. Шуни тушуниш керак.
Кейин келмай, кўрмай, билмай туриб депутатларни “соқов” дейиш ҳақиқатдан йироқ қўпол ҳақоратдир”, - деб ёзади Расул Кушербаев.
Мавзуга оид
15:34 / 20.10.2024
Россиялик депутат Ўзбекистон фуқароларига виза режимини жорий этишга чақирди. Жамоатчилик бунга жавоб қайтарди
12:54 / 05.10.2024
Ҳиндистонлик эркак ноодатий автомобиллар коллекцияси билан Гиннеснинг рекордлар китобига кирди
20:54 / 23.01.2024
“Орқасида амалдорлар турган бўлади” — Кушербаев табиатни пуллаётган тадбиркорлар ҳақида
14:51 / 26.12.2023