Ўзбекистон | 20:10 / 24.07.2019
10608
2 дақиқада ўқилади

Нодавлат нотариуслар қай тартибда ишлайди?

Бугун, 24 июль куни Адлия вазирлиги томонидан соҳа мутахассислари иштирокида вазирлик томонидан ишлаб чиқилиб, муҳокамага қўйилган президентнинг «Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони лойиҳаси юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.

Бу фармон лойиҳасига кўра:

  • Давлат нотариал идораларини босқичма-босқич нотариатнинг нодавлат шаклига ўтказиш;
  • Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатасини ташкил этиш, унинг асосий вазифа ва фаолият йўналишлари;
  • Айрим турдаги битимларни мажбурий нотариал тасдиқлаш тартибини бекор қилиш ҳамда янги турдаги нотариал ҳаракатларни жорий этиш;
  • Уй-жойни бошқа шахсга ўтказиш, мол-мулкларни ижарага (арендага), текин фойдаланишга беришда айрим талабларни бекор қилган ҳолда ушбу битимларни расмийлаштириш жараёнларини соддалаштириш;
  • Масофадан туриб, шу жумладан видеоконференцалоқа орқали нотариал ҳаракатлар амалга ошириш механизмини жорий этиш;
  • Фуқароларни нотариус касбий мажбуриятларини бузиши натижасида етказиладиган зарардан муҳофаза қилиш мақсадида нодавлат нотариал идоралар нотариусларининг фуқаролик жавобгарлиги суғурталаш;
  • Нотариусга электрон мурожаат қилиш механизмини такомиллаштириш орқали текзор нотариал хизматлар кўрсатиш ва бошқалар назарда тутилган.

Тадбирда нотариусларнинг нодавлат мақомига ўтиши натижасида уларнинг иш принципи қандай ҳужжатларга асосланиши, тушум қандай тақсимланиши ҳақида сўралди. Бу саволга Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи Масъум Ҳотамов жавоб қайтарди.

«Нотариуслар нодавлат шаклга ўтказилганидан сўнг, албатта, фаолияти лицензияланувчи ташкилотлар қаторидан жой олади ва улар тегишли тартибда лицензия олишади. Энди уларнинг тушумларини тақсимлашга келсак, ҳозирча бу масала юзасидан аниқ тўхтамга келинмаган, юқорида таъкидланганидек, бу ҳали фармон лойиҳаси, у ўзгариши мумкин. Нотариал идора томонидан ундирилган божлар ва бошқа йиғимларни тасдиқлаш бўйича тегишли тартибда ҳукумат қарори қабул қилиниши керак», - дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Лойиҳа билан мана бу ҳавола орқали танишиш мумкин.

Мавзуга оид