13:49 / 25.07.2019
7265

Ўзбекистон ЯИМ ҳажми 5,8 фоизга ўсди - Давстатқўм

Фото: Shutterstock

2019 йилнинг январь – июнида Ўзбекистон Республикаси ЯИМ ҳажми жорий нархларда 222 трлн сўмни ташкил этди ва 2018 йилнинг январь – июни билан таққослаганда 5,8 %га ўсди. 

Давлат статистика қўмитаси хабарига кўра, ЯИМ дефлятори индекси 2018 йилнинг январь – июнидаги нархларга нисбатан 119,6 %ни ташкил этди.

Аҳоли жон бошига ҳисобланган ЯИМ 6,6 млн сўмни ташкил этди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,9 %га ўсди. 

Ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда ЯИМ (ЯҚҚ) тармоқлари таркибида қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигининг улуши 27,3 %дан 24,3 %га камайди, саноатнинг улуши 27,1 %дан 30,3 %га, қурилишнинг улуши 7,3 %дан 7,6 %га ўсди. 

Хизматлар соҳасининг ЯИМ (ЯҚҚ) таркибидаги улуши 37,8 %ни ташкил этди ва ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда 0,5 ф.п.га камайди. 

Иқтисодий ўсиш суръати иқтисодиётнинг асосий тармоқларида кузатилган ижобий динамика билан боғлиқдир. Иқтисодиётнинг барча тармоқларида яратилган ялпи қўшилган қиймат ҳажми ЯИМ умумий ҳажмининг 90,0 %ини ташкил этди ва 5,8 %га ўсди (ЯИМ мутлақ ўсишига таъсири 5,1 ф.п.)ни ташкил этди. Маҳсулотларга соф солиқларнинг ЯИМ таркибидаги улуши 10,0 %ни ташкил этди ва 5,9 % даражасида ўсиш қайд этилди (ЯИМ мутлақ ўсишига таъсири 0,7 ф.п.). 

2019 йилнинг январь – июни якунларига кўра, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигида 2,1 % даражасида ижобий ўсиш қайд этилди. Мазкур тармоқнинг ЯИМ мутлақ ўсиш суръатига таъсири 0,5 ф.п.ни ташкил этди. Қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигида ижобий ўсиш деҳқончиликда 3,2 %га ва чорвачиликда 1,7 %га ўсиш ҳисобига таъминланди. 

Саноат тармоғининг қўшилган қийматида 6,9 %га ўсиш қайд этилди. Саноат ишлаб чиқаришининг ЯИМ мутлақ ўсиш суръатига ижобий таъсири 1,6 ф.п. даражасида баҳоланди. Саноат тармоғидаги ижобий динамика тоғ-кон саноати ва очиқ конларни ишлаш тармоғи қўшилган қийматининг 4,7 %га, ишлаб чиқарадиган (қайта ишлаш) саноат тармоғи қўшилган қийматининг 7,8 %га ва бошқа саноат тармоқларининг 4,0 %га ўсиши ҳисобига таъминланди. 

2019 йилнинг январь – июни якунлари бўйича, ишлаб чиқарадиган (қайта ишлаш) саноати қўшилган қиймати таркибида энг катта улуш металлургия ва металлни қайта ишлаш саноатига (машина ва ускуналардан ташқари) тўғри келди ва 34,6 %ни ташкил этди. Озиқ-овқат маҳсулотлари, ичимликлар ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг улуши 14,5 %, тўқимачилик маҳсулотлари, кийим, тери ва унга тегишли маҳсулотлар ишлаб чиқариш – 14,4 %, резина, пластмасса буюмлар ва бошқа нометалл минерал маҳсулотлар ишлаб чиқариш – 10,0 %, кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш – 8,0 %, автотранспорт воситалари, трейлерлар, ярим прицеплар ҳамда бошқа транспорт ускуналари ишлаб чиқариш – 5,9 %, электр ускуналар ишлаб чиқариш – 2,6 %, кокс ва нефтни қайта ишлаш маҳсулотлари ишлаб чиқариш – 2,5 % ва ишлаб чиқарадиган (қайта ишлаш) саноатининг бошқа маҳсулотларини ишлаб чиқариш – 7,5 %ни ташкил қилди. 

Top