Иқтисодиёт | 08:04 / 04.04.2026
2173
4 дақиқада ўқилади

Энг йирик иқтисодиётларда аҳоли жон бошига ЯИМ ўсиши - инфографика

Сўнгги 25 йил ичида дунёдаги энг йирик иқтисодиётларда аҳоли жон бошига тўғри келадиган иқтисодий ишлаб чиқариш ҳажми ниҳоятда нотекис ўсди.

Янги инфографика Халқаро валюта жамғармаси маълумотлари асосида 2000–2026 йиллар оралиғида 15 та етакчи мамлакатда аҳоли жон бошига ЯИМ ўсиш суръатларини таққослайди ва турмуш даражаси қаерларда энг сезиларли ошганини яққол кўрсатади.

Маълумотлар аниқ бир манзарани очиб беради: Хитой ва Ҳиндистон каби ривожланаётган иқтисодиётлар аҳоли жон бошига тўғри келадиган кўрсаткич бўйича жадал ўсишни намоён этган бўлса, ривожланган мамлакатлар секинроқ ва камроқ барқарор ўсган. Япония эса алоҳида ҳолат бўлиб, аҳоли жон бошига ЯИМ қисқарган ягона мамлакат бўлди. Энг йирик иқтисодиётлар орасида мутлақ етакчи Хитойдир: бу кўрсаткич 2000 йилдаги тахминан 1 минг доллардан 2026 йилда 14,7 минг долларгача ошган, бу эса 1430 фоизлик ўсишга тенг.

Бу шуни англатадики, нисбий ифодада Хитой аҳоли жон бошига ишлаб чиқариш ҳажмини бошқа ҳар қандай йирик иқтисодиётдан кўра кучлироқ оширган ва шу орқали глобал ўрта синфдаги ўрнини тубдан ўзгартирган. Ҳиндистон ҳам салмоқли тараққиётни кўрсатди: у ерда бу кўрсаткич 0,4 минг доллардан 3,1 минг долларгача ўсган ва бу дунёдаги энг тез сакрашлардан бири бўлган. Россияда аҳоли жон бошига ЯИМ 811 фоизга ошган бўлиб, бу 1998 йил молиявий инқирозидан кейинги иқтисодий тикланишнинг кучли бўлганини акс эттиради.

2000-йиллар атрофида Россия ўн йилликлар давом этган пасайишдан сўнг нефт қазиб чиқаришни фаол ошира бошлади ва бу иқтисодий юксалишнинг асосий драйверига айланди. Агар 2000 йилда энергетика активлари устидан давлат назорати тахминан 10 фоизни ташкил этган бўлса, ўн йилга етмас вақт ичида бу кўрсаткич қарийб 50 фоизгача ўсди.

Шу билан бирга, Жанубий Кореяда аҳоли жон бошига ЯИМ уч баравардан ортиқ ўсиб, 37,5 минг долларга етди, бунинг ортида асосан кучли саноат сектори турибди. 2000 йилдан буён мамлакат ривожланаётган иқтисодиётдан ривожланган иқтисодиётгача бўлган йўлни босиб ўтди ва бугунги кунда унинг кўрсаткичи Японияникидан ҳам юқори.

Бразилияда ҳам аҳоли жон бошига ЯИМ ўсиши сезиларли бўлди, бунга 2000-йиллардаги хомашё буми ёрдам берди, гарчи кейинги ўн йилликда ўсиш суръатлари анча пасайган бўлса-да.

Бой мамлакатлар умумий ҳисобда ривожланаётган бозорларга нисбатан секинроқ ўсган бўлса-да, шу гуруҳнинг ўзи ичида ҳам катта тафовут шаклланди.

Умуман олганда, энг юқори суръатни Испания кўрсатди: у ерда аҳоли жон бошига ЯИМ 176 фоизга ошди. 2025 йилда мамлакат иқтисодиёти ички талаб ва туризм ҳисобига еврозонадаги ўртача кўрсаткичдан деярли икки баравар тез ўсди.

Германия эса 163 фоизлик ўсишни намоён этди ва 156 фоиз кўрсаткичга эга АҚШни ҳам ортда қолдирди. Бироқ Испаниядан фарқли равишда, Германия сўнгги йилларда экспортнинг сусайиши фонида суст динамикага дуч келмоқда.

Япония аҳоли жон бошига ЯИМ бугун 2000 йилдагидан паст бўлган ягона йирик иқтисодиёт бўлиб қолмоқда. Ўша даврга нисбатан кўрсаткич 7 фоизга қисқарган, бу эса паст инфляция, аҳоли сони ўсишининг секинлиги ва узоқ давом этган иқтисодий турғунликнинг қўшилиши натижасидир.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид