18:00 / 25.07.2019
9259

Вазир ўринбосари: «Энг катта муаммомиз авария ҳолатидаги кўп қаватли уйлар»

Бугун, 25 июль куни Олий Мажлис Сенатида Уй-жой коммунал хизматларини кўрсатиш вазирлигининг жорий йил биринчи ярим йиллигида амалга оширган ишлари тўғрисида ҳисоботи тингланди. Анжуманда Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раҳбарияти вазирликка соҳага оид қатор масалалар юзасидан саволлар беришди. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари Назиржон Назиров кўп қаватли уйлар бўйича ҳал қилиниши лозим масалаларни айтиб ўтди.

«Республикада 34 мингдан ортиқ кўп қаватли уйлар бор. Уларга 4 минг 500дан ортиқ ширкатлар хизмат кўрсатиб келмоқда. Кўп қаватли уйлар ҳолатини яхшилаш мақсадида тижорат банкларидан жами 1,3 трлн сўм йўналтирилди. Бугунги кунда уй-жой ширкатлари 150 млрд сўм кредитни қайтара олмаяпти.  Жорий йил январь ойида вазирлик қошидаги инспекция томонидан ҳар бир кўп қаватли уйни 200та параметр бўйича инвентаризация қилиб чиқдик. Аниқландики,  454та кўп қаватли уйлар таъмирталаб уйлар ҳисобланади. Энг катта муаммомиз ҳам шу. Уларни таъмирлаш учун маблағ топиш масаласи очиқлигича турибди».

Ҳисоб палатаси вакили Сардор Аҳмаджоновнинг айтишига кўра, 454та авария ҳолатидаги кўп қаватли уйларнинг 262тасида ҳудудлардаги лойиҳа ташкилотлари томонидан тегишли хулосалар берилган, 53тасини бузиш, 209тасини таъмирлаш лозимлиги аниқланган. Аммо 192та кўп қаватли уйларнинг техник ҳолати ҳақида ҳудудий лойиҳа ташкилотларидан хулосалар олинмаган.

Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмита раиси биринчи ўринбосари Толибжон Мадумаров 192та уй-жойларнинг техник ҳолати нима учун ўрганилмагани сабабини вазирликдан сўради. Вазир ўринбосари Назиров Молия вазирлиги томонидан маблағ ажратилмагани бунга сабаб бўлганини айтди.

Молия вазирлиги бошқарма бошлиғи Зокир Бозоров вазиятга изоҳ берди. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги маблағ юзасидан мурожаат қилгани, аммо лойиҳа ҳисоб-китоблари талабга жавоб бермагани учун бу сўров рад этилганини таъкидлади. Ҳозирча фақат Сирдарё вилояти бўйича 600 млн сўм ажратилган. Қолган ҳудудлар учун эса аниқ таклифлар берилса, Молия вазирлиги томонидан амалий ҳаракатлар бошланади.

Top