Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Инвестор адолат сўрамоқда. У Жиззахда қурилган заводни ишга туширолмаяпти
Ўзбекистон 2012 йилдан буён фаолият олиб бораётган хорижий компания тушунарсиз, айни пайтда муаммоли вазиятга дуч келди. Дастлаб, Жиззахдаги умумий қиймати 133,4 миллион АҚШ долларига тенг цемент заводи қурилиши ва модернизацияси билан шуғулланган Dal Teknik Makina Ticaret ve Sanayi A.S. вакиллари Сурхондарёда ҳам цемент заводи қурилиши билан шуғулланишди. Лойиҳа қиймати 203,1 миллион доллар бўлган Шеробод цемент заводи фойдаланишга топширилгач, инвестор Оҳангаронда инвестицион лойиҳа асосида 17 миллион долларга баҳоланаётган металлоконструкциялар ишлаб чиқариш заводини қурди. Марказий Осиёда энг катта ҳисобланмиш мазкур заводда 190та янги иш ўрни яратилган.
2016 йили компания Жиззах вилояти Зомин туманидаги цемент заводини сотиб олиб, унда қайта қуриш ва модернизация қилиш ишлари якунлади. Компания президенти Жавдет Далнинг Ўзбекистон ҳукумати раҳбари Абдулла Ариповга йўллаган мактубида баён қилинишича, хорижий инвестор Зомин цемент заводига 20 миллион доллар ётқизган.
«Аммо завод фаолияти энергия самарадорлик талабларига мос келиши ҳақидаги хулосани қўлга киритиш борасида тушунмовчиликлар мавжуд. Шунингдек, энергосамарадор деб топилган корхоналар учун бериладиган табиий газ тарифлари бўйича ёқилғи етказилмаяпти. Мазкур масалалар ҳал қилинмагунга қадар, фаолиятимизни тўлақонли бошлашга қийналяпмиз» , — дейди компания раҳбари мактубда.
Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган компаниянинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Окан Дуракнинг айтишича, маҳаллий цемент заводлари сафрланаётган табиий газнинг 1 куб метри учун 600 сўм тўлов қилади.
«Завод иш бошлаши учун табиий газни 1000 сўмдан ҳам сотиб олишга тайёрмиз. Фақат корхонанинг энергосамарадорлик кўрсаткичлари тасдиқланиб, хулоса берилганда 1000 сўм нархда сотиб олинган табиий газ учун қайта ҳисоб-китоб қилиниши керак. Биз қўшимча имтиёз ёки алоҳида устуворлик талаб қилмаяпмиз. Шунчаки, барча маҳаллий цемент заводлари сингари 600 сўмдан табиий газ сотиб олиб, фаолиятимизни бошлаш истагидамиз» , — дейди у.
Президент қарори билан (ПҚ-5646) мамлакатда Энергетика вазирлиги ташкил этилди. Аммо, вазирликнинг энергосамарадор ҳамда энерготежамкор замонавий технологияларни жорий этиш бўйича ваколатли давлат органи эканлиги белгиланмаган. Хорижий инвестор вазирликка тегишли хулоса беришини сўраб, юборган мурожаатига жавобан Энергетика вазирлиги ушбу вазифани бажаришга ваколатли эмаслигини маълум қилган.
Окан Дурак тушунарсиз вазиятда кимга мурожаат қилиш, кўмак сўраш кераклигини билмай, «Ўзқурилишматериаллари» АЖга хат юборган. Аммо масаланинг ечими уларнинг қўлида бўлмаганлиги сабабли муаммо ҳал бўлмай қолмоқда.
Завод бош муҳандиси Зафар Маматқуловнинг айтишича, цемент завод ишлаб чиқариш қувват кунлик 400 тоннага кўтарилди.
«Асосан турк технологияси асосида модернизация қилинган заводда атмосферага зиён етказмаслик мақсадида 2 та фильтр ўрнатилган. Шунингдек, иссиқликни ўзида сақлаб, қайта юборувчи қозонлар ишга туширилган» , — дейди у.
Таъкидланишича, Зомин цемент заводида қурилиш материалини ишлаб чиқариш учун фақат маҳаллий хом-ашёдан фойдаланилади. Қўшни мамлакатлардан импорт қилинаётган цемент сифатидан қолишмайдиган тайёр маҳсулот қурилиш сарфини камайтириб, ички бозор талабини қондириш учун йўналтирилиши кутилмоқда.
Вилоят газ таъминоти бошқармаси масъул ходими Қодиржон Раҳмонов эса завод табиий газ сотиб олиш учун мурожаат қилганини тасдиқлаб, шундай деди:
«Ушбу масала бўйича мутахассислар ўрганиб чиқиб, иложи борича ижобий ҳал этишга келишилган. Агар корхона ҳақиқатан замонавий талабларга жавоб берадиган, тежамкор асбоб-ускуналардан фойдаланаётган бўлса, тегишли инспекция орқали хулоса олиб, нарх масала ҳам қайта кўриб чиқилиши мумкин» , — дейди у.
Агар масала давлат органларидан бирининг хулосасида қолса, нега ечимни ижро этиш пайсалга солинмоқда? Инвестор сармоя киритган, завод қурган, ишчи ўрин пайдо қилди. Энди маҳаллий ишлаб чиқарувчилар сингари тенг шароит ва имконият берилишини сўраяпти, наҳот у кўпроғини талаб қиляпти?
Алишер Рўзиохунов
Мавзуга оид
08:47 / 16.05.2026
Кореяга ишчи визаси олиб бериш билан боғлиқ фирибгарлик фош этилди
09:44 / 19.04.2026
Жиззах вилоятида автобус ЙТҲга учради
16:30 / 30.03.2026
Жиззахда симёғоч қулаши оқибатида уч қорамол нобуд бўлди
08:53 / 18.03.2026