Ўзбекистон | 13:42 / 26.07.2019
11487
3 дақиқада ўқилади

Сирдарё вилоятида ғўза ривожи қандай ҳолатда?

2019 йил 26 июль куни Сирдарё вилояти ҳокимлигида Олий Мажлис Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг ҳамда халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Унда вилоятда ғўза майдонларида агротехник тадбирлар самарадорлигини ошириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳолати кўриб чиқилди.

Фото: Олий Мажлиси Сенати ахборот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати хабарига кўра, жорий йилда Сирдарё вилоятидаги 811 та фермер хўжалигида жами 73,9 минг гектар майдонга чигит экилган. Шундан 37,5 минг гектар вилоятдаги 4 та пахта-тўқимачилик кластери ҳиссасига тўғри келади.

Пахтачиликда интенсив технологияларни жорий қилиш ва ҳосилдорликни ошириш мақсадида вилоятдаги пахта майдонларининг қарийб 30 минг гектарига қўшқатор усулида чигит экилган. Шунингдек, ғўзани турли ҳашаротлардан ҳимоя қилиш мақсадида биологик усуллардан кенг фойдаланилмоқда. Хусусан, умумий ҳисобда 36,4 минг гектарга биомаҳсулотлар билан ишлов берилган. Шунга қарамай, ишчи гуруҳлар томонидан ғўза майдонлари ҳолати бевосита жойида ўрганилганда тезлик билан ҳал қилиниши лозим бўлган қатор муаммолар аниқланди. Жумладан, вилоятда ғўза ривожи 20–25 кунга орқада қолганлиги аниқланди.

Фото: Олий Мажлиси Сенати ахборот хизмати

Жорий йилнинг апрель–май ойларидаги сурункали ёғингарчиликлар ва ҳаво ҳароратининг пасайиши оқибатида 22,2 минг гектардан зиёд ғўза майдонларига (умумий ғўза майдонининг 30 фоизи) қайтадан чигит экилди.  

Такроран чигит экилган майдонларининг 2 209 гектари (10 фоизи) ўз вақтида суғорилмаганлиги, қўшимча озиқлантирилмаганлиги, бегона ўтлардан тозаланмаганлиги, культивация қилинмаганлиги ва турли хил зараркунандаларга қарши профилактик ишлов амалга оширилмаганлиги оқибатида ривожланишдан орқада қолган.

Фото: Олий Мажлиси Сенати ахборот хизмати

Ҳокимнинг ушбу йўналишларда амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботида таъкидланганидек, бундай муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида ўтган муддат давомида шошилинч агротехник тадбирлар ўтказилган. Энг аввало, ҳар бир ғўза майдонларининг контурма-контур ғўза ривожланиш даврлари аниқланиб, уларни парваришлаш бўйича алоҳида ёндашган ҳолда экиннинг ўсиши ва ривожланишини тезлаштириш мақсадида қатор ораларига ишлов берилган. Бундай ишлар даланинг шароити ва ўсимликнинг ҳолатидан келиб чиқиб, культиватор-ўғитлагичларга тўлиқ ишчи жиҳозлар ўрнатилган ҳолда ҳар бир суғоришлар орасида камида 2 марта ўтказилган.

Шу билан бир қаторда, ғўзани қўшимча озиқлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Бунда ҳар гектар майдонга керакли миқдорда аммиакли селитра, аммофос ва калийли ўғит солингани таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, ғўзани   ҳашаротлардан ҳимоя қилиш мақсадида профилактик, биологик ва зарур ҳолларда кимёвий ишловлар уйғунлашган ҳолда ташкил этилгани ва бошқа зарур чоралар кўрилгани қайд этилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид