Ўзбекистон | 08:16 / 30.07.2019
15973
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида янги давлатлараро туташув пункти очилди

Фото: ЎзА

Сирдарё ва республиканинг бошқа вилоятларидан Қозоғистон Республикасининг жанубий ҳудудларига жўнатиладиган юклар энди янги ишга туширилган Сирдарё давлатлараро туташув пункти орқали юборилади. 

ЎзА’нинг ёзишича, Қозоғистон Республикаси томонидан ташишга қабул қилинган юкларнинг Ўзбекистон темир йўллари орқали МДҲ мамлакатларига транзит ўтказилиши таъминланади.

Хабарда қайд этилишича, айни кунгача Келес ҳамда Қорақалпоғистон давлатлараро туташув пунктлари орқали юклар расмийлаштирилиб, поездлар қатнови амалга ошириб келинаётган эди.

– Бу давлатлараро туташув пунктининг очилиши тадбиркорлар ишлаб чиқараётган маҳсулотларини қўшни давлатнинг жанубий ҳудудларига экспорт қилишида қулайлик туғдиради. Яъни маҳсулотларнинг манзилига етиб боришига кам вақт сарфланади, иш фаолиятини янада ривожлантиришга имкон берди, – деди “Тошкент минтақавий темир йўл узели“ унитар корхонаси бўлим бошлиғи Элбек Шамсиев. – Бундан ташқари, ушбу очилаётган янги давлатлараро туташув пункти Қозоғистон Республикасининг жанубий ҳудудлари билан кўпроқ товар айирбошлашга хизмат қилади. Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, ҳозирги кунда Келес давлатлараро туташув пунктидан бир суткада ўртача 20, 22 юк поезди мамлакатимиздан Қозоғистон Республикасига ва ушбу давлат орқали МДҲ мамлакатларига жўнатилаётган бўлса, сутка давомида яна шунча юк поезди юртимизга қабул қилиб олинади.

Таъкидланишича, эндиликда Сирдарё давлатлараро туташув пункти ишга туширилиши билан, суткасига қўшимча 3 жуфт юк поезди айланмасига замин яратади. Бу нафақат Ўзбекистон учун, балки, қўшни Қозоғистон Республикаси учун ҳам иқтисодий самара бериши айтилади.

Мавзуга оид