Ўзбекистон | 13:40 / 30.07.2019
22168
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги ишсизлик даражаси ҳақида расмий маълумот берилди

Фото: Коммерсантъ

2019 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистонда ишсизлик даражаси 9,1 фоизни ташкил этди, Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба иқтисодиётнинг расмий секторида банд кишилар сони 300 мингдан ортди. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги хабар тарқатди.

2019 йил июнь ойида вазирликнинг Республика аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази томонидан республиканинг 104 та шаҳар ва туманларида ижтимоий тадқиқот амалга оширилди. Тадқиқот давомида фуқароларнинг 462 та ўзини-ўзи бошқариш органлари, 4 880 та уй хўжалиги ва 25 925 нафар фуқаро қамраб олинди.

Ишга жойлашишга муҳтож аҳоли сони 1 342,6 минг шахсдан иборат бўлиб, ёшлар орасидаги (30 ёшгача) ишсизлик даражаси 15,1 фоизни, 15-25 ёшдагилар ўртасида – 16,8 фоизни, аёллар орасида эса 12,7 фоизни ташкил этди.

Меҳнат ресурслари сони 18 964 минг киши бўлиб, 2018 йилнинг январь-июнь ойлари кўрсаткичига нисбатан 1 фоизга ортган. Иқтисодий фаол аҳоли сони 2018 йил мос даври кўрсаткичларига қараганда 181,5 мингга ёки 1,2 фоизга ўсган. Иқтисодий нофаол аҳоли сони 4 213,0 кишини ташкил этди (0,1 фоизга ортган), бундай кўрсаткич ҳомиладорлик таътили, туғиш таътили ёки 2 ёшгача бўлган болалар парваришидаги аёллар сонининг 4,4 фоизга ошиши билан изоҳланади. Ўз хоҳишига кўра банд бўлмаганлар сони кескин камайиб, 805,6 мингдан 734 минг (8,9 фоиз)га тушган.

Мавзуга оид