Жаҳон | 08:20 / 06.08.2019
63774
8 дақиқада ўқилади

216/252: АҚШдаги оммавий қотилликларни тўхтатишнинг имкони борми?

Фото: AFP

Ўтган дам олиш кунлари АҚШда аҳолини оммавий ўққа тутиш бўйича ўзига хос рекорд қайд этилди. Бир сутка ичида учта жойда отишма юз берди.

Техасдан Чикагогача: 29 қурбон, 49 ярадор

Фото:  AP Photo/John Minchillo

3 август куни маҳаллий вақт билан соат 10ларда Эль-Пасо шаҳридаги Walmart магазинига 21 ёшли Патрик Круснер кириб келди. Винтовка билан қуролланган Круснер харидор ва сотувчиларни ўққа тута бошлади.

Полициячилар воқеа жойига етиб келишганида у хотиржамлик билан таслим бўлди. 20 киши ушбу ҳужум қурбонига айланди, яна 26 киши, жумладан болалар жароҳатланди. Интернетда қотилнинг манифести жойлаштирилгани маълум бўлди. У манифестида Американи бегоналардан ҳимоя қилаётганини эълон қилган. Круснер шунингдек, 2019 йил мартда Янги Зеландиянинг Крайстчерч шаҳридаги масжидда ўнлаб инсонларни ўлдирган жиноятчини қўллаб-қувватлашини айтган.

Ўша куни, 3 августда 24 ёшли Коннор Беттс Дейтон шаҳридаги кўчалардан бирида жойлашган Ned Peppers бари олдида ўткинчиларга ўқ узди. Круснердан фарқли равишда, Беттс таслим бўлмади ва уни полиция отиб ўлдиргунча 9 кишининг ҳаётига зомин бўлишга ва 16 кишини яралашга улгурди.

3 августдан 4 августга ўтар кечаси Чикагода номаълум шахс ўткинчиларга Camaro автомобилидан ўқ узди. Оқибатда етти киши жароҳатланди, жиноятчи эса воқеа жойидан яширинди.

Ким айбдор?

Дональд Трамп
Фото: AP Photo/Carolyn Kaster

АҚШ президенти Дональд Трампнинг сўзларига кўра, одамларга қарата ўт очган жиноятчилар «ўта жиддий руҳий касалликларга чалинган».

«Халқимиз ирқчилик, тоқатсизлик ва оқ супремасизмни (оқ ирқнинг устунлигига ишониш) бир овоздан қоралаши даркор. Бу ёвуз мафкураларни енгиш керак. Америкада нафратга жой йўқ», - таъкидлади Трамп.

Шунингдек, у интернетнинг бу воқеалардаги ролини айтиб ўтди ва компьютер ўйинлари зўравонликни тарғиб этаётганини билдирди.

«Зўравонликлар сабаби ҳозирда кенг тарқалган ваҳшиёна ва даҳшатли компьютер ўйинларини ўз ичига олади. Бугунги кунда хомхаёлларга берилган ёшлар зўравонликни мадҳ этувчи маданиятга ўралашиб қолиши жуда осон», - деб қўшиб қўйди у.

Шу билан бирга, Трампнинг фикрича, Америка оммавий ахборот воситалари ёлғон ахборот тарқатиб мамлакат ичида кескин вазият пайдо бўлишига сабабчи бўлмоқда.  

«Мамлакатимиздаги фуқаролар ҳаёти ва хавфсизлиги борасида улкан масъулият ОАВ зиммасида. Ёлғон хабарлар кўп йиллардан буён нафрат ва ғазаб қўзғалишига сезиларли даражада сабабчи бўлди. Янгиликлар ҳаққоний, холис ёритилиши ва бир томонлама бўлмаслиги лозим, акс ҳолда муаммолар фақат кучаяди», - деб ёзди Трамп Twitter саҳифасида.

Трампга қарши бўлганлар эса юз берган воқеаларда унинг ўзини айблашмоқда. Улар Патрик Крусер президентнинг иммиграцияга қарши ташаббуслари ҳақида илиқ фикр билдирганига эътибор қаратишмоқда ва Трамп Америка жамиятида «нафрат муҳити»ни вужудга келтирмоқда деб ҳисоблашмоқда.

Аммо бу янглиш фикр. АҚШда оммавий қотилликлар ким президент бўлишидан, у демократми, республикачими бўлишидан қатъи назар содир бўлиб келади. Бундай жиноятлар демократлар Клинтон ва Обама даврида ҳам, республикачилар кичик Жорж Буш ва Дональд Трамп даврида ҳам бўлган.

Оммавий ўқ узишлар сони ошиб бормоқда

Америкалик журналистларнинг ёзишларича, Чикагодаги воқеа 2019 йил давомида  содир бўлган 252-оммавий отишмадир. 4 август йилнинг 216-куни эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак, бу рақам АҚШда ҳар 30 кунда 35та оммавий ўқ узиб одам ўлдириш ҳолати юз беришини англатади. Яъни кунига ўртача 1,1 марта. Қурбонлар сони икки-уч кишини ташкил этган ҳодисалар аллақачон матбуот эътиборини тортмай қўйган. Маълумот берилишича, 2019 йилнинг бошидан шу кунгача оммавий ўқ узиш билан боғлиқ жиноятлар оқибатида 281 киши ҳалок бўлган ва мингдан ортиқ киши жароҳатланган.

Йирик оммавий қотилликлар

2007 йил 16 апрелда 23 ёшли талаба Чо Син Хи Виргиния политехника институтида 32 кишини отиб ўлдирди.

2012 йил 14 декабрда 20 ёшли Адам Ланза «Сэнди-Ҳук» мактабида 27 кишини, жумладан, 6-7 ёшли 20 нафар болани отиб ташлади.

2016 йил 12 июнда 29 ёшли Омар Матин Орландодаги Pulse гей-клубида отишма уюштирди, натижада 49 киши ҳалок бўлди, 53 киши яраланди. 

2017 йил 1 октябрда 64 ёшли Стивен Пэддок Лас-Вегасдаги меҳмонхонадан туриб 58 кишини отиб ўлдирди, яна 56 кишини жароҳатлади.

2017 йил 5 ноябрда 26 ёшли Дэвин Келли Сазерленд-Спрингс аҳоли масканидаги баптистлар черковида 26 кишини отиб ўлдирди, 20 кишини яралади.

Бу ҳолатлар республикачи президент бўлганида ҳам, демократ президент бўлганида ҳам содир бўлган.

Қурол ўлимдан асрай олмайди

2016 йилда The Washington Post нашри қуйидаги маълумотларни келтирди – АҚШ аҳолисининг қўлида 270 миллион бирликка яқин ўточар қурол бор. Ҳар 100 нафар америкаликка ўртача 88,8та қурол тўғри келади. Айрим экспертлар эса бу рақамлар  камайтириб кўрсатилган деб ҳисоблайди.

Қурол эркин сотилишини ёқлайдиганларнинг фикрича, қотилликлар қурол олиб юришга чеклов бор жойда юз беради. Чеклов йўқ жойда эса жиноятчи ҳаракат қилишга қўрқади, чунки жавоб ўқига дучор бўлиши мумкин.

Аммо Эль-Пасодаги воқеа бу фикрга мос тушмайди. Барак Обама қурол сотувига федерал даражада чеклов киритишга уринган вақтда Техасда ўточар қурол эгаси уни очиқчасига ёнида олиб юришига рухсат берувчи қонун қабул қилинган. Ушбу қонунга асосан Техасда ошхонада автомат билан тамадди қилаётган эркакни ёки елкасига милтиқ осиб олган уй бекасини кўриш мумкин. Аммо бу Патрик Крусернинг 20 кишини бемалол отиб ўлдиришига тўсқинлик қила олмади.

Ким қаршилик қила олади?

АҚШ конституцияси фуқароларга қурол сақлаш ва уни олиб юриш ҳуқуқини беради. Жиноят қилиб судланган, руҳий касал ва АҚШ фуқароси бўлмаганларгина қурол олиб юришга ҳаққи йўқ.

Миллий қурол ассоциацияси (NRA) АҚШда қуролланиш ҳуқуқининг қудратли ҳимоячиси ва Вашингтон устидан ҳукмронлик қиладиган лоббичи ҳисобланади. Американинг ҳеч бир президенти, у хоҳ демократ бўлсин, хоҳ республикачи бўлсин, ҳозирча унга жиддий қаршилик қила олмаган. 

Балки ҳозирги президент Дональд Трамп бунга уриниб кўрар. У мамлакатда содир бўлган отишмалардан сўнг конгрессдаги демократлар ва республикачиларни қурол сотиш тўғрисидаги қонунни кескинлаштириш ва иммиграцион ислоҳот ўтказишга чақирди.  

Трамп твиттерда АҚШ ҳукумати бегуноҳ одамларнинг ўлиб кетишларига йўл қўя олмаслигини таъкидлади. Унинг фикрича, республикачилар ва демократлар бирлашиши ҳамда шахсий биографик маълумотлар жиддий текширувдан ўтказилишига эришишлари керак.

Техасдаги қотилликдан сўнг демократлардан президентликка номзод Кори Букер қурол лоббичиларига қарши тура оладиган етакчига эҳтиёж сезилаётганини айтди.

«Бу сайловда бизга ўрнидан туриб «Бу масала корпоратив қурол лоббиси ва NRA манфаатлари учун ҳал қилинишини истамайман» дейдиган етакчи керак», деди у. 

«Кейинги 50 йил ичида америкаликлар барча урушларимизни қўшиб ҳисоблагандагидан ҳам кўпроқ қуролли зўравонлик натижасида ҳалок бўлаётган экан, бу ҳар бир кишини ташвишлантириши шарт», деб қўшиб қўйди у.

Қурол сотилиши борасида кескин қонун қабул қилинадими ёки ҳаммаси илгаригидай давом этадими, буни вақт кўрсатади.

Дилшод Асқаров тайёрлади.

Мавзуга оид