15:00 / 06.08.2019
48570

Бухорода автобус ағдарилиб кетишига ҳайдовчи ухлаб қолгани сабаб бўлган

Бухорода «Олмаота—Нукус» йўналишида ҳаракатланаётган автобуснинг ағдарилиб кетишига ҳайдовчини уйқу элитиши сабаб бўлган. Бу ҳақда Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

4 август куни «Бухоро—Хоразм» (Олмаота—Нукус) йўналишида ҳаракатланиб бораётган йўловчи автобуси йўл чизиғидан чиқиб кетиб, ағдарилгани ҳақида хабар берилган эди. Йўл транспорт ҳодисаси оқибатида автобусда 1 йўловчи воқеа жойида вафот этиб, 2 киши оғир ва 8 киши турли даражадаги тан жароҳатлари олган.

Бухоро вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан олиб борилган тезкор ҳаракатлар натижасида ҳолатга ойдинлик киритилган. Van Hool русумли, КЗ545 АПВ13 рақам белгили ушбу йўловчи автобус қозоғистонлик «Юг Транс Лайн» жамияти ҳайдовчиси, Қозоғистон Республикаси фуқароси, 1978 йилда туғилган Рустамжон Алиев бошқарувида бўлган. Рустамжон Алиев уйқу элитиши туфайли Жондор туманидаги «Луқмон» МФЙга қарашли чўл ҳудудидан ўтувчи А-380 халқаро аҳамиятдаги йўл — Бухоро—Хоразм (Олмаота—Нукус) йўналишининг 299-километрида бошқарувни йўқотган. Оқибатда автобус йўл чизиғидан чиқиб кетган ва йўлнинг чап томонига ағдарилган.

Автобусда жами 46 киши бўлган, улардан 13 нафари қозоғистонлик (икки ҳайдовчи), 33 нафари ўзбекистонлик бўлган.

ЙТҲ оқибатида 2008 йилда Қорақалпоғистонда туғилган, Нукус шаҳридаги 31-мактабнинг 4-синфини тамомлаган Арай Сапарбаевна Умурзакова воқеа жойида вафот этган. 12 нафар йўловчи эса авариядан сўнг йўловчи транспортлар орқали яшаш манзилларига кетиб қолган. Ҳозирда ушбу фуқароларнинг ҳам шахсини аниқлаш бўйича тезкор-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи И.Нарзиевнинг маълум қилишича, жабрланган фуқаролар зудлик билан Газли шаҳарчаси шифохонасига етказилган. Бу ерда уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилган. 

«Мудҳиш авария содир бўлгани ҳақидаги хабар келгач, зудлик билан етиб келинди ва жабрланганлар Газли шаҳарчасидаги шифохонага етказилди. Уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилди. Жабр кўрган ва аҳволи нисбатан хавотирли бўлган 12 нафар фуқаро Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалига олиб келинди. 8 нафарига шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилиб, аҳволи ўнглангач, уйларига рухсат берилди. Қолган 4 нафар беморнинг аҳволи ўртача оғирликда бўлиб, муолажалар давом эттирилмоқда», — дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи.

Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев йўл транспорт ҳодисаси оқибатида жабрланганлар ҳолидан хабар олиш учун Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалига келган.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги
Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги
Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги

Ҳолат юзасидан автобус ҳайдовчиси Рустамжон Алиевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top