Жамият | 16:53 / 07.08.2019
8887
2 дақиқада ўқилади

Фото: Тошкент метросида кичик кутубхона ташкил этилди

5 август куни Тошкент метрополитенининг «Пахтакор» ва «Алишер Навоий» бекатлари кесишмаси фойесида кичик кутубхона ташкил этилди.

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ахборот таҳлил медиа маркази бош мутахассиси Жамшид Шерметовнинг маълумот беришича, китобхонлар сафини кенгайтириш ва йўловчиларни мутолаага кенг жалб қилиш мақсадида жорий қилинган кутубхонага ҳар куни 50 нафарга яқин киши ташриф буюрмоқда.

Kun.uz мухбири хабар беришича, ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги юздан зиёд турли бадиий адабиётлар ҳамда журналлар ўқувчилар ихтиёрига тақдим этилган. Китобхонлар учун салқин ичимлик ва ширинликлар дўкони ҳам очилган.

Кутубхона эрталабки соат 06:00дан тунги соат 00:00гача хизмат кўрсатяпти. Ўқувчилар асосан кун ўртасида, яъни тушлик вақтида кўпчиликни ташкил этмоқда.

Тошкент метрополитени тарихида илк бор йўлга қўйилган ушбу тажриба оммада қизиқиш уйғотиб, ўзини оқласа, келгусида бошқа бекатларда ҳам худди шундай кўринишдаги кутубхоналар ташкил қилиниши режалаштирилган.

 

Мавзуга оид