12:21 / 08.08.2019
10091

Тошкент шаҳрида 4та янги мактаб иш бошлайди

Фото: ИТАР-ТАСС

Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси тасарруфида бугунги кунда 287 та умумий ўрта таълим муассасалари фаолият юритмоқда. Улар лойиҳа сиғимига кўра умумий қуввати 308739 нафар ўқувчига мўлжалланган бўлиб, 2019-2020 ўқув йили мазкур таълим муассасаларида жами 442906 нафар, яъни амалдаги қувватига нисбатан 134167 нафар кўп ўқувчилар таълим-тарбия олиши кутилмоқда. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги хабар берди.

Қайд этилишича, 2019-2020 ўқув йилида 1-синфларга жами 49598 нафар бола қабул қилиниши режалаштирилган. Бугунги кунда қарийб йигирма беш минг ўқувчи қабул қилинди.

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 7 июндаги 469-сонли қарори асосида Тошкент шаҳридаги 81 та умумтаълим мактабларида 2019-2020 ўқув йилида 1-синфга болаларни қабул қилиш Давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилиши йўлга қўйилди. Қарорга кўра, қабул жараёни Асосий ва Қўшимча квота ҳисобидан амалга оширилади. Шу ўринда, асосий квота - бу туман ҳокимликлари томонидан белгиланган микроҳудудда яшовчи доимий рўйхатдаги фуқароларнинг жорий йили 31 декабригача 7 ёшга тўладиган фарзандлари.

2019-2020 ўқув йилида 1-синфга асосий квота бўйича жами 7910 нафар бола қабул қилиниши режалаштирилган ва 1 август ҳолатига 3772 нафар болалар Давлат хизматлари маркази орқали қабул қилинган. 

Қўшимча квота - мактабларнинг имконидан келиб чиқиб, микроҳудуддан ташқарида яшаётган мактаб ёшидаги микроҳудуд ва микроҳудуддан ташқари мактаб ёшига етмаган (йилнинг 1 сентябригача 6 ёшга тўлуви), мактабларда таълим бериш тили бўйича бошланғич бўлимга эга бўлмаган болаларга ажратилади. Ҳозирда жамоатчилик таклифи асосида Халқ таълим ва Адлия вазирлиги томонидан юқоридаги қарорга ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қарор лойиҳаси тайёрланган. Лойиҳа 27.07.2019 йилда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.

Қарор лойиҳасида қўшимча квота асосида қабул тартиби белгиланган. Шу билан бирга пуллик қабул тартибни бекор қилиш таклиф этилган. Шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2019 йил 5 августдаги 1068-сонли қарори асосида фаолияти тугатилаётган 4 та касб-ҳунар коллежлари ҳам бош бошқарма тасарруфига ўтиши муносабати билан янги ўқув йилида янги мактаблар ташкил этилади. 

Хусусан, эндиликда Миробод компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежи биносида 56-сонли умумтаълим мактаби, Миробод саноат касб-ҳунар коллежи ўрнида 65-сонли умумтаълим мактаби, Тошкент молия ва иқтисодиёт коллежи биносида 68-сонли умумтаълим мактаби, Юнусобод компьютер-технология касб-ҳунар коллежи ўрнида 72-умумтаълим мактаби иш бошлайди.

Top