13:48 / 09.08.2019
27458

Оддий ва олий қаҳрамонлик: қон донорлигининг тиббий, диний ва ҳуқуқий асослари

Фото: Андрей Любимов

Донор сўзи лотинчадан таржима қилганда «туҳфа қилмоқ» деган маънони англатади. Чунки донор ўз қонини бериш орқали жамиятдошининг ҳаётини сақлаб қолиши, унга янги ҳаёт туҳфа қилиши мумкин. Донорлик икки шаклда: қон ва ички органларни тўлиқ ёки бир қисмини бериш орқали амалга оширилади. Ички органлар донорлиги ҳам ҳуқуқий, ҳам тиббий жиҳатдан мураккаб масала. Қон донорлиги учун эса ҳар доим талаб ва таклиф мавжуд. Қон донорлиги амалиётининг бир қанча тиббий, ҳуқуқий ва диний томонлари мавжуд.

Кимлар донор бўла олади?

18 ёшдан 60 ёшгача бўлган, оғирлиги 50 килограммдан юқори, ўзини соғлом деб билган, ирқи, касби, жинсидан қатъи назар ҳар бир инсон қон ва унинг компонентлари учун донор бўла олади.

Республика қон қуйиш маркази директори Аълонур Саидовнинг маълумот беришича, хирургик  жараёнларда (юракда ва таянч-ҳаракат органлари жарроҳликларида),  аъзони кўчириб ўтказишда, онкологик касалликларда, гематологик хасталикларда (лейкоз, оғир даражали камқонлик), патологик туғруқ жараёнларида – она ва болани сақлаб қолиш мақсадида, бахтсиз ҳолатларда (авария, ёнғин ва бошқа) донорлик асосидаги қондан фойдаланилади.

Инсон организмида 4,5 – 5 литр қон бўлади. Кўп йиллик илмий изланишлар ва кузатувлар шуни кўрсатадики, 500 мл.гача қон топшириш организм учун хавфсиздир. Ҳар бир донорлик амалиётида ўртача 350-400 мл қон олинади.

Донорлар нималарга риоя қилиши керак?

Донорлик амалиётини бажаришдан аввал қон берувчи ўз саломатлигини муҳофазалаш ҳамда топширилажак қон сифатини яхшилаш мақсадида бир неча жиҳатларга диққат қаратиши лозим.

Мунтазам равишда тўлақонли овқатланиш, кун давомида кўпроқ суюқликлар истеъмол қилиш муҳим. Амалиётдан 2-3 соат олдин ёғли, аччиқ таомлар истемол қилмаслик лозим. Ёғли овқатлар қоннинг сифатига таъсир қилади ва унинг даво самарасини камайтиради. Оч қоринга қон топшириш мумкин эмас, шунинг учун донор эрталаб енгил нонушта қилиб келиши лозим бўлади.

Тиниқиб ухлаш лозим. Тунги навбатчиликдан кейин қон топшириш тавсия этилмайди, чунки навбатчиликда кўп қувват сарфланади, бу эса организмда модда алмашинувига таъсир қилади. Донорликкача икки кун мобайнида спиртлик ичимликлар ичиш мутлақо тақиқланади.

Донорлик амалиётидан кейин йўқотилган суюқлик ўрни 36 соат ичида, эритроцитлар 8 ҳафта мобайнида, плазма 3-5 кун ичида, тромбоцит ва лейкоцитлар 5-7 кун давомида тикланади.

Шундан келиб чиқиб, тўлиқ қонни йилига 4-5 марта (эркаклар ҳар 2 ойда, аёллар ҳар 3 ойда) топшириш тавсия қилинади. Плазма ва қоннинг бошқа компонентларини ҳар 14 кунда топшириш мумкин.

Кимлар донор бўла олмайди?

Қон донори бўлишга тўсқинлик қилувчи доимий ва вақтинчалик омиллар мавжуд.

ОИТС, ОИВ, заҳм, вирусли гепатитлар, сил, қон касалликлари, миопия (узоқни кўра олмаслик, кўриш даражаси минус 6дан паст бўлса), юрак, ўпка, жигар ва буйрак етишмовчилигини бошдан кечирган шахслар касаллик қачон ва қай даражада кечгани ҳамда даво муолажаларининг натижасидан қатъи назар донор бўла олмайди.

Қуйидаги ҳолатларда эса донорлик вақтинчалик мумкин эмас (қанча муддатдан кейин рухсат берилиши кўрсатилган):

─ ҳайз даври тугагандан кейин – 5 кун;

─ тиш олдиргандан кейин – 15 кун;

─ ангина, грипп, ЎРВИ дан тузалгандан кейин – 1 ой;

─ кўкрак билан эмизишни тўхтатгандан кейин – 3 ой;

─ бола олдиргандан кейин (аборт) – 6 ой;

─ бола туғилгандан кейин – 1 йил;

─ татуировка туширилгандан кейин – 1 йил;

─ антибиотиклар қабул қилиш тугагандан сўнг – 10 кун;

─ бирор касалликка қарши эмлаш олгандан кейин – 1 ой;

─ операциялар ўтказгандан кейин – 1 йил;

─ узоқ вақт (камида 2 ой) хорижий сафарда бўлгандан кейин – 6 ой.

«Беморларга қон тўлиқ ҳолда эмас, балки алоҳида компонентларга ажратиб қуйилиши лозим. Агар гемоглобин тушиб кетган бўлса, эритроцит, қоннинг ивувчанлиги бузилган бўлса, плазма қуйилиши керак. Қон тўлиқ ҳолда қуйилса, бу беморда ўз меъёрида бўлган қон компонентлари кўрсатикичи ошиб кетиши, натижада салбий ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин. Қонни тўғридан-тўғри қуйишга ҳам рухсат берилмайди. Чунки бунда донорнинг қони турли касалликларга синалмаган бўлади», ─ дейди Республика қон қуйиш маркази директори.

Аълонур Саидовнинг қўшимча қилишича, манфий резус факторли қон гуруҳлари топилиши нисбатан қийин. Марказ захирасида турли қон гуруҳлари сақланади. Шошилинч ва фавқулодда ҳолларда керакли қон топилмаса, шу қонга эга бўлган донорларга мурожаат қилиб,уларга вазиятни тушунтирган ҳолда, ёрдам беришлари сўралади.

Донорлик ─ узоқ умр кечириш кафолати

Донорлик нафақат қон олувчи, балки қон берувчининг саломатлиги учун ҳам фойдали ҳисобланади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, донорлар бошқаларга қараганда 5 йил кўпроқ умр кечиришади.

Ҳар қандай қон топшириш организм учун енгил стресс ҳисобланади. Бундай енгил стресслар ташқи муҳитнинг салбий омилларига таъсирчанликни оширади.

Бахтсиз ҳодисалар, опреациялар чоғида организмнинг оғир талафотларга учраш эҳтимоли донорларда бошқаларга қараганда камроқ бўлади. Чунки донор организми қон йўқотишга мослашган бўлади ва оғир асоратларни ҳам нисбатан енгилроқ ўтказади.

Донорлик инфаркт ва бошқа юрак-қон томир касалликлари келиб чиқиши хавфини бир неча бор камайтиради. Олимлар эркак донорлар орасида юрак инфаркти бошқаларга қараганда 30 фоиз камроқ учрашини аниқлашган.

Доимий равишда қон ва унинг компонентларини топшириш ҳужайраларнинг табиий янгиланишига ва организм ёшаришига олиб келади. Яъни қон топширгандан сўнг янгиланиш кераклиги ҳақида сигнал тушади. Бундай янгиланиш юрак, қон томир тизими касалликлари, атеросклероз, подагра, овқат ҳазм қилиш, ошқозон ости бези, жигар ва асосий модда алмашинуви фаолиятлари бузилишининг олдини олишда фойдали ҳисобланади. Иммун тизими касалликларининг олдини олишда ҳам доимий равишда қон топшириш фойдалидир, чунки у ҳам организмнинг умумий янгиланиши билан боғлиқ.

Қон донорларида ўпка, тўғри ичак, ошқозон ва ҳиқилдоқ саратони учраш хавфи камаяди. Қон янгиланиб тургани боис жигарда ортиқча темир ионларининг йиғилиб қолиши, натижада гемахроматоз касаллиги келиб чиқиши олди олинади.

Ислом дини донорлик хусусида нима дейди?

Ислом дини вужудга келган еттинчи асрда қон қуйиш амалиёти бўлмаган. Аммо ҳозирги кунга келиб тиббиётнинг ажралмас қисми бўлган бу амалиётнинг диний жиҳатлари савол туғдириши табиий.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси маълумотларига кўра, қонни бир кишидан иккинчи кишига қуйишда маън қилувчи омиллар йўқ. Тиббий нуқтаи назардан тўғри келса, яъни донорнинг қонида хавфли касалликлар бўлмаса, рухсат берилади. Ёш-қари, аёл-эркак, мусулмон-мусулмон эмаслигидан қатъи назар бир кишидан иккинчисига қон қуйиш мумкин.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг маърузаларида айтилишича, мусулмон киши ўз қонини сотиши мумкин эмас. «Инсонийлик жиҳатидан, ажр ва савоб учун қонни хайр иши сифатида топшириш жуда савобли иш. Уламолар ҳам бунга тарғиб қилишади. Чунки бу қон оғир аҳволдагиларнинг фойдаси учун хизмат қилади», ─ дейилади унда.

Донорлик қонуний жиҳатдан ҳимояланади?

2002 йилда қабул қилинган «Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасига мувофиқ, қон ва унинг таркибий қисмларини тиббий эҳтиёжлари учун топшириш донор томонидан ихтиёрийлик асосида амалга оширилади. Шахсни қон ва унинг таркибий қисмларини топширишга бирор тарзда мажбурлашга йўл қўйилмайди.

Қон ва унинг таркибий қисмларини топшириш чоғида донор қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда соғлиги сақланиши кафолатининг тиббиёт ходимлари томонидан таъминланиши, соғлигига етказилган зарарнинг ўрни қопланиши ва бепул овқат билан таъминланиши ҳуқуқларига эга. (17-модда)

Донор бўлишга розилик билдирган шахс тиббий кўрикдан ўтиш пайтида ўзи билган илгариги ва ҳозирги касалликлари тўғрисида маълумотларни маълум қилиши шарт. (18-модда)

Донорлар қандай имтиёзларга эга?

Қон ва унинг таркибий қисмларини топшириш куни, шунингдек, тиббий кўрикдан ўтадиган куни донор ана шу кунлар учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда ишдан озод қилинади.

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабалари, таълим олувчиларнинг бошқа тоифалари қон ва унинг таркибий қисмини топширадиган куни, шунингдек, тиббий кўрикдан ўтадиган куни машғулотлардан,  ҳарбий хизматчилар эса нарядларни бажаришдан, хизматни ўташнинг вахта ва бошқа шаклларидан озод қилинадилар.

Донорга ҳар сафар қон ва унинг таркибий қисмларини топширган куннинг бевосита эртасига дам олиш учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда қўшимча бир кун берилади. Донорнинг хоҳишига кўра, мазкур дам олиш куни ҳар йилги меҳнат таътилига қўшиб берилиши мумкин.

Қон ва унинг таркибий қисмларини мунтазам равишда ҳамда бепул топширувчи донор «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони билан тақдирланади ва энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида бир мартада тўлиқ бериладиган пул мукофоти олади.

Республика қон қуйиш маркази маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 49 нафар донор «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони билан тақдирланган.

Умуман олганда, донорлик ҳар қандай инсон қилиши мумкин бўлган оддий, лекин олий қаҳрамонликдир. Қон донорлиги ─ жамият саломатлиги учун берилиши мумкин бўлган беғараз ёрдам. Бу яхшилик, албатта, бир куни қайтади...

Саодат Абдураҳмонова

Top