Армия ўйинларида илк ғалаба: “РЕМБАТ”чиларимиз иккинчи ўринни қўлга киритди
Россия Федерациясининг Омск шаҳрида ўтказилган “РЕМБАТ” – “Энг илғор таъмирлаш ва эвакуация батальони” мусобақаси ўз якунига етди. Унда иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси якка тартибдаги пойга, ҳарбий техника эстафетаси, отиш тайёргарлиги, жамоа сардорлари беллашуви шартларини кўнгилдагидек бажариб, якунда умумжамоа ҳисобида фахрли 2-ўринни қўлга киритди.
Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабарига кўра, мусобақа 4 август куни старт олган эди. Ўзбекистон ҳарбий мутахассислари ушбу мусобақада биринчи маротаба иштирок этишига қарамай, бешта босқичдан иборат бўлган баҳсларнинг 4 тасида 2-, биттасида эса биринчи ўринни қўлга киритди. Умумий ҳисобда эса Россия биринчиликни қўлга киритди. Учинчи ўрин Лаос жамоасига насиб этди. Дунёнинг кучли 8 жамоаси иштирок этган мазкур мусобақада Ўзбекистон жами 6 022 балл йиғди.
– Йигитларимиз ушбу мусобақага жиддий тайёргарлик кўрган эди, – дейди жамоага бошчилик қилаётган подполковник Исмоил Наврўзов. – Одам юрса оёғи, қуш учса қаноти куядиган жазирамаларда тобланишди. Мана бугун ўша заҳматларимизнинг мевасидан баҳраманд бўляпмиз. Албатта, ғалаба лаззати ҳаммага ҳам ёқади. Лекин бу биргина бизнинг эмас, балки она Ватанимизнинг ҳам ютуғидир.
Мавзуга оид
22:17 / 25.12.2024
Финландия бир ҳафтада 280 минг ҳарбийни сафарбар этишга тайёр
12:10 / 25.12.2024
Собиқ исёнчи гуруҳлар Сурия Мудофаа вазирлигини назорат қилмоқчи
14:30 / 20.12.2024
Ўзбекистоннинг мудофаа ва хавфсизлик соҳасида космик суратларга бўлган эҳтиёжи ортиб бормоқда
21:12 / 12.12.2024