Ўзбекистон | 12:33 / 10.08.2019
20004
9 дақиқада ўқилади

Газ етказиб берувчилар қандай мажбуриятларга эга?

Фото: TAСС/ZUMA/Serg Glovny

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Газ таъминоти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинганди.

Ҳужжатга кўра, газни тақсимлаш берилган лицензиялар асосида газни қабул қилиш, тақсимлаш ва истеъмолчиларга газ етказиб беришни таъминлайдиган газ таъминоти ташкилотлари томонидан амалга оширилади.

Газ таъминоти ташкилотлари:

белгиланган тартибда истеъмолчилар томонидан маълум қилинган эҳтиёжлар асосида газнинг шартномавий истеъмол ҳажмини шакллантирадилар;

истеъмолчилар билан газ етказиб бериш бўйича шартномалар тузадилар;

газ тақсимлашнинг прогноз ва ҳисобот ҳажмларини шакллантириш ҳамда газ ресурслари ва тақсимоти балансини тузишда иштирок этадилар;

газ таъминоти тизими объектларидан қурилмалар технологик регламентлари ва норматив ҳужжатларга мувофиқ фойдаланадилар ва уларни таъмирлайдилар;

истеъмолчилар томонидан ҳақиқий фойдаланилган газ учун тўловлар ҳисобини юритадилар;

истеъмолчиларни белгиланган тартибда газ билан таъминлаш тизими объектларида режали таъмирлаш ишлари ва авариявий режим сабабли газ етказиб беришнинг чекланиши тўғрисида хабардор қиладилар;

авариявий режимда магистрал газ қувурларининг технологик ишлаш режими бузилган тақдирда истеъмолчиларни газ билан таъминлаш жадваллари ва уларни газ тармоқларидан қисман ёки тўлиқ узиб қўйиш навбатини ишлаб чиқадилар;

газдан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқадилар ва амалга оширадилар;

истеъмолчиларга газ тақсимлаш тармоқларига уланиш учун белгиланган тартибда техник шартлар тақдим этадилар;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа фаолиятни амалга оширадилар.

Газни етказиб бериш берилган лицензиялар асосида газни қазиб чиқариш, қайта ишлаш, ишлаб чиқариш ташкилотлари ҳамда газ транспорти ва газ таъминоти ташкилотлари томонидан амалга оширилади.

Газни етказиб берувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

газ етказиб бериш шартномаси шартларида белгиланган газ истеъмоли режимига истеъмолчи томонидан риоя қилиниши устидан назоратни амалга ошириш;

газ етказиб бериш шартномасида белгиланган муддатларда етказиб берилган газ учун тўловларни ўз вақтида олиш;

истеъмолчининг газни ҳисобга олиш приборлари ва газдан фойдаланиш ускуналари (қурилмалари)га тўсиқларсиз кириш;

газ етказиб бериш шартномаси шартларига мувофиқ етказиб берилган газ учун қарздорлиги мавжуд бўлганда истеъмолчига газ етказиб беришни чеклаш ёки тўхтатиш;

истеъмолчининг газдан фойдаланиш ускуналари (қурилмалари) ишлашида газ таъминоти объектлари ишининг технологик параметрлари ўзгаришига олиб келган бузилишлар мавжуд бўлганда келтирилган зарарлар ўрнини белгиланган тартибда қоплаш.

Газ етказиб берувчилар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Газ етказиб берувчилар қуйидаги мажбуриятларга эга:

Истеъмолчилар томонидан белгиланган тартибда маълум қилинган эҳтиёжи асосида газ истеъмолининг шартномавий ҳажмини шакллантириш;

техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ етказиб бериладиган газнинг сифатини таъминлаш;

газ таъминоти объектларида газнинг технологик йўқотишларини қисқартириш бўйича ташкилий-техник тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

объектлардан қурилмаларнинг технологик регламентлари ва норматив ҳужжатларга мувофиқ фойдаланиш ва уларни таъмирлаш;

газ етказиб бериш шартномалари шартларига мувофиқ истеъмолчиларга газ етказиб беришни таъминлаш;

қонун ҳужжатлари ва газ етказиб бериш шартномаларига мувофиқ истеъмолчиларнинг газ таъминоти масалалари бўйича мурожаатларини кўриб чиқиш;

истеъмолчиларга амалда етказиб берилган газ учун тўловларнинг ҳисобини олиб бориш;

истеъмолчиларни газ таъминоти тизими объектларидаги режали таъмирлаш ишлари ва авариявий режим сабабли газ етказиб беришнинг чекланиши тўғрисида огоҳлантириш.

Газ етказиб берувчиларга қонун ҳужжатлари ва газ етказиб бериш шартномасига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юклатилиши мумкин.

Газ истеъмоли юридик ва жисмоний шахсларнинг газга бўлган эҳтиёжини қондириш учун амалга оширилади.

Газ истеъмолчилари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

сифат кўрсаткичлари норматив ҳужжатлар билан белгиланган талабларга мувофиқ бўлган газни олиш;

газ етказиб бериш шартномасида назарда тутилган ҳажм ва муддатларда газ олиш;

газ етказиб беришни тўхтатиб қўйиш сабаблари тўғрисидаги маълумотни белгиланган тартибда олиш;

етказиб берувчиларга истеъмолчилар томонидан истеъмол қилинадиган газ ҳажмининг ўзгарганлиги тўғрисида белгиланган тартибда таклифлар киритиш;

газ таъминоти ташкилоти томонидан газни тўлиқ етказиб бериш ёки бермаслик, сифат кўрсаткичлари норматив ҳужжатлар билан белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаган газни етказиб бериш орқали етказилган зарарлар ўрнини белгиланган тартибда қоплаш;

газ етказиб бериш шартномаларини бажаришда юзага келадиган низоларни ҳал қилиш учун судга мурожаат қилиш.

Газ истеъмолчилари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Газ истеъмолчилари қуйидаги мажбуриятларга эга:

газ етказиб бериш шартномалари шартлари билан белгиланган газ истеъмоли режимига риоя қилиш;

етказиб берилаётган газ учун тўловни етказиб бериш шартномалари билан белгиланган муддатларда ўз вақтида амалга ошириш;

газ таъминоти ташкилоти вакилига газни ҳисобга олиш приборлари ва газдан фойдаланиш ускуна (қурилма)ларини текшириш учун рухсат бериш;

газдан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

газ истеъмолида саноат, ёнғин ва экология хавфсизлик талабларига риоя қилиш;

газ таъминоти тизимига объектлар ва (ёки) газдан фойдаланиш ускуналари (қурилмалари)ни ўзбошимчалик билан улаб олишга йўл қўймаслик;

ўрнатилган газни ҳисобга олиш приборларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш, пломбаларнинг бузилишига йўл қўймаслик, уларнинг носозликлари тўғрисида газ таъминоти ташкилотларига хабар бериш.

Газ истеъмолчилари қонун ҳужжатларига ва газни етказиб бериш шартномаларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Газни ҳисобга олмасдан етказиб беришга йўл қўйилмайди.

Етказиб берувчи томонидан истеъмолчига узатиладиган газ миқдори:

юридик шахслар учун – газни ҳисоб олиш приборлари бўйича, уларда ҳисобга олиш приборлари мавжуд бўлмаган тақдирда, қоидага кўра газ етказиб берувчи газ тармоқларининг бўлиниш чегараларида ўрнатилган назорат-ўлчов приборлари билан аниқланади;

жисмоний шахслар учун – газни ҳисобга олиш приборлари кўрсаткичлари асосида ёки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда газ сарфи меъёрлари бўйича аниқланади.

Қурилиши якунланган, реконструкция қилинган ва мукаммал таъмирланган газни ҳисобга олиш приборлари ўрнатилмаган турар жой биноларини фойдаланишга қабул қилиш, шунингдек юридик шахсларга ва якка тартибдаги тадбиркорларга газни ҳисобга олиш приборлари мавжуд бўлмаган ҳолда газ истеъмоли учун рухсат бериш тақиқланади.

Газни ҳисобга олиш приборлари қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши керак.

Етказиб бериладиган газ сифати тегишли норматив ҳужжатларда белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши ва етказиб берувчи томонидан газ етказиб бериш шартномасига мувофиқ таъминланиши лозим.

Зарур даражадаги сифатга эга бўлмаган газни етказиб берганлик учун етказиб берувчи қонун ҳужжатлари ва газ етказиб бериш шартномасига мувофиқ жавоб беради.

Истеъмолчи етказиб берилган газ учун тузилган етказиб бериш шартномаси асосида тўловни амалга ошириши шарт.

Етказиб бериладиган газ учун ҳисоб-китоблар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда амалга оширилади.

Етказиб берувчи ва истеъмолчи газ етказиб бериш шартномасига мувофиқ газ етказиб бериш ҳажми ва истеъмол қилинган газ учун тўловлар суммасини мунтазам равишда солиштириб борадилар.

Етказиб берувчи шартнома шартлари ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда газ етказиб беришни камайтиришга ёки тўхтатишга ҳақли.

Газ етказиб берувчи газ етказиб бериш шартномаси бўйича газ етказиб бермаслик ёки етарлича етказиб бермаслик сабабли истеъмолчига етказилган аниқ зарар ва бой берилган фойданинг ўрнини қоплайди.

Газ етказиб беришнинг алоҳида шартлари бўлган стратегик ва ижтимоий аҳамиятга эга истеъмолчилар томонидан етказиб бериш шартномаларининг етказиб берилган газ учун ҳақ тўлаш шартларига риоя қилинмаган тақдирда, юқори турувчи бошқарув органи истеъмолчилар томонидан шартнома шартлари бажарилишини таъминловчи чораларни кўради.

Мавзуга оид