Жамият | 12:50 / 11.08.2019
18073
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Қурбон ҳайити намозини 2 миллиондан зиёд фуқаро адо этди

Бугун, 11 август куни соат тонгги 05:35 дан 06:25 гача бўлган вақт оралиғида Ўзбекистон минтақалари кесимида адо этилган Ийд ал-Адҳо – Қурбон ҳайити намозида Республика бўйича 1 минг 985 та масжидда 2 миллион 239,5 минг нафар фуқаролар қатнашди. Тадбирни жойларда тартибли, тинч-осойишта ўтишини таъминлаш мақсадида 22 минг 450 нафар ички ишлар ходимлари жалб этилди. 1 минг 985 та тиббиёт пунктига 1 минг 150 дан ортиқ тез ёрдам машинаси бириктирилди. Бу ҳақда бугун Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита томонидан Миллий матбуот марказида ўтказилган брифингда маълум қилинди, деб хабар бермоқда “Kun.uz” мухбири.

Фото: Дин ишлари бўйича қўмита

Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комиловнинг айтишича, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан Қурбон ҳайити арафасида аҳолига 15,5 тоннага яқин ёки 739 миллион 680 минг сўмлик гўшт маҳсулоти тарқатилди. Фондга байрам шарофати билан 5 миллиард 990 миллион 217 минг сўм маблағ келиб тушди. Мазкур пулларнинг тасарруфи шаффофлик асосида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Фото: Дин ишлари бўйича қўмита

Тадбирда таъкидланишича, жорий йилнинг 9-10 август кунлари бўлиб ўтган ҳашарларда Ўзбекистон ҳудудидаги 441 та қадамжо ва зиёратгоҳлар, 836 та ёдгорлик ва обидалар ҳамда 8 минг 659 та қабристонларда ободонлаштириш ишлари ўтказилди. 73 минг 87 нафар ногиронлар, боқувчисини йўқотган фуқаролар, кам таъминланган оилалар, 88 та “Меҳрибонлик”, “Мурувват” ва “Саховат” уйлари, 9 минг 570 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийлари ва кексаларга жами 9 миллиард 268 миллион 700 минг сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди ва бу каби ишлар давом этмоқда.

Фото: Дин ишлари бўйича қўмита
Фото: Дин ишлари бўйича қўмита

Шу ўринда қайд этиш жоизки, айни пайтда Ҳаж ибодатини адо этаётган 7 минг 200 нафар ўзбекистонлик зиёратчилар соғ-саломат. Улар учун барча шароитлар муҳайё қилинган. Зиёратчилар Ҳаж сафаридан 17 август - 1 сентябрь кунлари махсус жадвалга мувофиқ қайтишлари режалаштирилган.

Миролим Исажонов
Тайёрлаган Миролим Исажонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид