Зуҳо намози қандай намоз ва у қай йўсинда адо этилади?

Зуҳо намози манбаларда турли номлар билан зикр қилинган бўлиб, кўпроқ “Ишроқ намози”, “Шуруқ намози”, “Аввобийн намози” ва “Чошгоҳ намози” деб юритилади.

Ҳукми: Зуҳо намозини адо этиш нафл амал саналади. Нафл деб, кишини ўз ихтиёри билан фарзга қўшимча тарзда бажарадиган амалига айтилади. Яъни, Зуҳо намози – бир кунда беш маҳал адо этилиши мажбурий бўлган фарз намозларини тўлдирувчи, ихтиёрий суратда адо этилса, улкан савоб бўладиган намоз ҳисобланади.  

Бу намознинг вақти қуёш бир найза бўйи кўтарилганда, яъни қуёш чиққандан тахминан 20 дақиқа кейин бошланади.

Охирги вақти эса кун тиккага келган вақтдан бир соат аввалги вақтгача ҳисобланади. Ушбу икки вақт оралиғида Зуҳо намозини адо этиш мумкин.

Неча ракатдан иборат?

Зуҳо намозини икки ракатдан саккиз ракатгача ўқиш мумкин. Энг афзали тўрт ракат ўқишдир. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам кўпроқ тўрт ракат ўқиганлари Оиша разияллоҳу анҳодан нақл қилинган. Зуҳо намозида маълум сураларни ўқиш шарт қилинмаган. Ушбу намоз овоз чиқармасдан махфий, ёлғиз ҳолатда ўқилади.

Ушбу намознинг фазилати

Зуҳо намозининг фазилатига доир кўплаб ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Жумладан, Муоз ибн Анас ал-Жуҳаний разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бомдод намозини ўқиб бўлганидан кейин намоз ўқиган жойида то зуҳо намозини ўқигунча ўтирса, фақат яхшиликдан бошқани гапирмаган бўлса, унинг хатолари, агар денгиз кўпигидан кўп бўлса ҳам мағфират қилинади”, деганлар” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким зуҳо намозини бардавом ўқиса, унинг гуноҳлари денгиз кўпигича бўлса ҳам мағфират қилинади”, дедилар” (Имом Термизий ривоятлари).

Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг ҳар бир аъзонгизга садақа вожибдир. Ҳар бир тасбиҳингиз (Субҳаналлоҳ) – садақа, ҳар бир ҳамд айтишингиз (Алҳамдулиллаҳ) – садақа, ҳар бир таҳлилингиз (“Ла илаҳа иллаллоҳ”, дейишингиз) – садақа, ҳар бир такбирингиз (Аллоҳу акбар) – садақа, яхшиликка буюришингиз – садақа, ёмонликдан қайтаришингиз – садақа. Энди буларнинг ҳаммаси учун икки ракат зуҳо намозини ўқишингиз кифоядир”, - дедилар (Имом Муслим ривоятлари)