Спорт | 14:55 / 11.08.2019
54304
10 дақиқада ўқилади

«Пахтакор-79». Фожиа хронологияси

1979 йилнинг 11 август санаси ўзбек футбол жамоатчилиги учун қора ҳарфлар билан ёзиб қўйилган. Бутун халқнинг аза тутишига сабаб бўлган ҳодиса Днепродзержинск осмонида содир бўлган. Ўшанда ўзбек футболи ифтихори саналган «Пахтакор» жамоаси аъзолари самода ҳалокатга учрашган.

Клуб расмий сайти ўзбек футболи учун катта йўқотишга айланган воқеа стенограммасини келтириб ўтди.

1979 йилнинг 11 августи. Тошкент вақти бўйича соат 13дан 35 дақиқа 38 сония ўтган. Шу лаҳзада Тошкент-Гурьев-Донецк-Минск рейсида парвоз қилаётган ТУ-134 самолёти Челябинск-Кишинёв рейсини бажараётган шу русумдаги бошқа самолёт билан тўқнашиб кетди. Фожиа ердан 8400 метр баландликда юз берди ва икки самолёт бортида бўлган 178 киши ҳалок бўлди. Улар орасида ўша вақтда ўзбек футболининг фахри ҳисобланган «Пахтакор»нинг 17 нафардан иборат таркиби ҳам бўлган. Афсуски, диспетчернинг хатоси икки юзга яқин инсонларни бу ҳаётдан олиб кетди.

Ўша куни Харьковдаги ҳаво ҳаракатларини бошқариш марказида 6 нафар диспетчер навбатчилик қилаётганди. Бўлим бошлиғи Сергеев ёш Николай Жуковскийни иш ўрнига ўтказди ва унга раҳбарлик қилиб туришни Владимир Сумскойга топширди.

Ўша куни бу ҳудудда об-ҳаво унчалик яхши эмасди. Осмонни булутлар эгаллаган бўлиб, улар 8-9 километр баландликда ҳам қалин жойлашганди. 65735 борт рақамли Ту-134 самолёти Москва вақти билан соат 13:11да Донецкдан ҳавога кўтарилади. А.С.Комаров бошчилигидаги экипаж аъзолари 77 йўловчини манзиллари томон етказиб қўйишлари зарур эди. 12:53да Воронеждан учган бошқа бир Ту-134 эса 65816 борт рақамига эга бўлиб, унда А.А.Тараненко командирлик қилаётганди. Молдовага тегишли самолёт салонида 88 нафар йўловчи рўйхатга олинганди. Улардан 16 нафари 12 ёшгача бўлган болалар бўлган.

11 августда содир бўлган воқеалар қуйидаги ҳолатда юзага келган.

7:50. Харьков ҳаво ҳаракатларини бошқариш марказида раҳбар Сергеев жанубий-ғарбий йўналишга масъул этиб катта тажрибага эга бўлмаган Жуковскийни қўйди. Унинг ҳаракатларини назорат қилишни эса биринчи классли диспетчер Сумскойга топширади. Ваҳоланки, бу ҳудуд собиқ СССРда самолётлар энг кўп учиб ўтадиган йўлга эга эди. Одатий кунларда ҳам ушбу жой осмонида бошқа ҳудудлардан кўра иш анча қизғин бўларди.

13:17. Молдовага қарашли Ту-134 самолёти Харьков маркази билан алоқага чиқди. Командир 9600 метр баландликни эгаллашни сўради. Лекин Жуковский унга бу йўл банд бўлишини айтиб, рад жавобини берди.

Кейин эса алоқага Минскка тегишли бўлган Ту-134 чиқиб, командир Комаров самолёт 5700 метр баландликда эканини айтиб, ўзи учун белгиланган 9600 метр масофага кўтарилишни сўради. Ҳар икки самолёт йўналиши Днепродзержинск тумани осмонида тўғри бурчак остида кесишар, лекин орадаги фарқ бир дақиқани ташкил этарди. Бироқ Жуковский ҳисобда адашиб кетади ҳамда икки самолёт учиб ўтиш фарқи 3 дақиқа деб белгилаб олади. Шу сабабли у Комаровга 7200 метр баландликни эгаллашга буйруқ беради.

13:34. Минск экипажи 8400 метр баландликка кўтарилишга буйруқ олади ҳамда навбатдаги буйруқни кута бошлайди. Чунки бу йўлдан Ил-62 учиб ўтиши лозим эди. Ва Жуковский яна бир хатога йўл қўяди. Буни «Пахтакор» учаётган самолёт командирининг алоқага чиқиб айтган сўзларидан пайқаган Сумской бошқарувни қўлга олади ҳамда учувчилар билан алоқага ўзи чиқишни бошлайди.

13.34.07: - 676чи (Ил-62нинг борт рақами), 9600 метр баландликни эгалланг.

13.34.28: - 735чи, сиз эса 9000 метр баландликка ўтинг. Днепродзержинскда 8440 метр баландликда йўллар кесишади.
Жавоб эса қуйидагича янграйди:
- Тушундим, 8400.

Сумскойнинг хатоси шунда бўлганки, у жавобни қайси самолёт командири айтганини сўраб, тасдиқлатишни эсдан чиқарган. Ҳар икки диспетчер буйруқни ким бажарганини сўрашни ёки локаторга қараб, самолётлар қайси йўналишда ҳаракат қилаётганини текширишни унутишган.

13.35.38: 95 даража бурчак остида 65916 рақамли Ту-134А шу русумдаги 65735 рақамли бошқа бир самолёт билан тўқнашиб кетади. Ҳар икки самолёт учувчилари қалин булут туфайли қаршисидаги самолётни кўриш имкониятига эга бўлишмаган. 8300 метр баландликда Молдова самолёти Минскка қарашли самолётнинг қанот қисмига келиб урилган. Комаров «Пахтакор» учаётган лайнер бошқарувини 4500 метр баландликкача герметизация бузилган ҳолатда ҳам ушлаб турган, бироқ шундан кейин самолёт кескин равишда қулашни бошлаган.

Ҳалокат тўғрисида биринчи бўлиб ўша пайт ҳавода бўлган АН-2 самолёти экипажи хабар беради: «Куриловка ҳудудида қулаётган самолёт қисмлари кўзга ташланмоқда. Менимча, бу ТУ-134 парчалари».

Икки лайнернинг 8400 метр баландликдаги тўқнашуви натижасида 178 нафар инсон ҳалок бўлди. 9 ойдан кейин бўлиб ўтган судда Жуковский ва Сумской устидан суд қарори эълон қилинди. Улар умумий режимда 15 йилдан озодликдан маҳрум этилдилар. Бошқа жавобгар шахслар эса «сувдан қуруқ чиқишган».

Ушбу ҳалокатдан жуда кўпчилик ўзини йўқотиб қўйган. Чунки ўша мавсумда «Пахтакор» ишончли ўйин кўрсатиб, юқори ўринлардан жой эгаллашга ҳақли эканлигини исботлаб келаётганди. Ҳатто, баъзи мутахассислар жамоанинг яқин йиллар ичида Еврокубокларда ўйнаши мумкинлиги тўғрисида тахмин қилаётганди. Фожиа оқибатида нафақат кўплаб инсонлар ҳалок бўлди, балки бу ўзбек футболининг ривожланишига ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатди. Тасаввур қилинг, ўшанда бизнинг энг яхши футболчиларимиз дунёдан кўз юмди. Натижада бир бутун бир авлоддан ажралиб қолдик. Агар ўша ҳалокат бўлмаганда футболимиз ҳозирги савиясидан икки-уч баробар юқорироқ бўлиши мумкин эди.

Самода ҳалок бўлган ўйинчи ва жамоа аъзоларининг рўйхати мазкур инсонлардан иборат:

Идгай Борисович Тазетдинов  13.01.1933 Мураббий
Владимир Васильевич Чумаков  08.12.1932 Шифокор
Мансур Иномжонович Толибжонов 04.04.1944 Маъмур
Михаил Иванович Ан   19.11.1952 Ярим ҳимоячи
Владимир Иванович Фёдоров  05.01.1956 Ҳужумчи
Олим Масолиевич Аширов   25.01.1955 Ҳимоячи
Равиль Рустамович Агишев   14.03.1959 Ҳимоячи
Константин Александрович Баканов 25.05.1954 Ярим ҳимоячи
Юрий Тимофеевич Загуменних  07.06.1947 Ҳимоячи
Александр Иванович Корчёнов  04.05.1949 Ярим ҳимоячи
Николай Борисович Куликов  25.04.1953 Ҳимоячи
Владимир Васильевич Макаров  09.03.1947 Ярим ҳимоячи
Сергей Константинович Покатилов 20.12.1950 Дарвозабон
Виктор Николаевич Чуркин   25.01.1952 Ҳужумчи
Сирожиддин Аҳмадович Бозоров  10.08.1961 Ҳужумчи
Шуҳрат Мўсинович Эшбўтаев  08.02.1959 Ҳужумчи
Владимир Валиевич Собиров  14.01.1958 Ҳужумчи

Шу тариқа ишқибозларни армонда қолдириб, «Пахтакор» авиаҳалокатга учради. Тез фурсат ичида Тошкентга бошқа жамоалардан футболчилар чақирилиб, жамоа мавсумни давом эттирди. Уч мавсум мобайнида жамоага олий лигадан тушиб кетмаслик имконияти тақдим этилди. Лекин ҳаётдан кўз юмган бутун бир жамоа ўрнини ҳеч ким ва ҳеч нарса боса олмасди. Ўша машъум ҳалокат туфайли кўп минг сонли ишқибозлар футболдан бутунлай кўнгил узишди. Пахтакорчиларнинг оила аъзоларига қанчалик қийин бўлганлигини тасаввур қилиш мушкул бўлмаса керак. Навбатдаги учрашувларга ташриф буюрган мухлислар кўзларида ёш билан янги жамоа иштирокидаги ўйинни кузатиб боришарди.

Жаҳон футболида кузатилган бошқа фожиали ҳолатларни ўқувчиларимизнинг эътиборига ҳавола этишни лозим деб топдик. Зеро, ушбу жамоалар ҳам «Пахтакор»га қисматдош бўлишган.

1949 йил 4 май. Учувчиларнинг хатоси оқибатида ўша пайтда Италия терма жамоасининг асосини ташкил этган «Торино» клуби ҳалокатга учради. Фожеада 31 киши ҳалок бўлди. Шулардан 18таси футболчилар эди, 10 нафари терма жамоа ўйинчилари. Шунингдек, жамоа раҳбарияти, уч журналист ва беш нафар экипаж аъзоси ҳаётдан кўз юмди.

1958 йил 6 февраль. Ўтган йили Мюнхенда рўй берган фожеанинг 50 йиллиги бўлди ва шу муносабат билан «Олд Траффорд»да турли маросимлар уюштирилди. «Манчестер Юнайтед»нинг ҳозирги таркиби ўша ҳалокатда ўлган футболчиларни хотирлаш учун эски либосларда майдонга тушди. Мюнхендаги бахтсиз ҳодисада кўплаб футболчи, жамоа раҳбарияти, журналист ва экипаж аъзоси ҳалок бўлди. Кейинчалик ушбу ҳалокат ҳақида «Юнайтед. Мюнхен трагедияси» деб номланган бадиий фильм суратга олинди.

1960 йил 16 июль. Каструп шаҳар аэропортига ноқулай қўниш чоғида Дания термасининг иккинчи таркибидан 8 нафар футболчи дунёдан кўз юмди.

1961 йил 3 апрель. Орадан бир йил ўтмасдан Чили биринчи дивизионида фаолият кўрсатаётган «Грин Кросс» клуби ўз тақдирига битилган фожеа билан тўқнаш келди. Сафардаги ўйиндан қайтиш чоғида жамоа Лас-Ластимас тоғидан ўта олмади.

Шунингдек, «Стронгест» (Боливия, 19 футболчи ҳалок бўлган), «Эйр Ликуид» (Жазоир), «Альянса» (Перу, 43 футболчи, клуб раҳбарияти ва мухлислар), Суринамдан бўлган ва Голландияда тўп тепган 23 футболчи (бахтли тасодиф туфайли Рууд Гуллит ва Франк Райкаард улар орасида бўлмаган), Замбия терма жамоаси (бутун таркиб ва жамоа аъзолари) ҳамда Бразилиянинг «Шапокоэнсе» жамоалари авиаҳалокатдан жабр кўрганлар қаторида зикр этилади. Ушбу жамоаларнинг баъзи футболчи ва аъзолари ҳалокатдан қутулиб қолишган. Акс ҳолда, жаҳондаги ишқибозлар Бобби Чарльтон, Мэтт Басби сингари инсонларни кейинчалик миллионлар ўйини атрофида кўрмаган бўлишарди.

Мавзуга оид