Бугун ўзбек футболи тарихидаги энг мудҳиш сана. 1979 йилда «Пахтакор» Минск йўлида авиаҳалокатга учраганди. Қирқ олти йил ўтган бўлса-да, бир футбол мухлиси учун унутиш иложсиз бўлган воқеа, ҳалигича бу фожиага гувоҳ бўлган кишилар ўша дардни қайта-қайта ҳис қилиши шубҳасиз.

Ишонмасангиз, бугун бир айланиб Боткин қабристонига боринг – бугунги давр учун бироз бегона бўлган манзарага гувоҳ бўласиз. Бир-бирини танимайдиган инсонлар бир мақсад учун ташриф буюришади, умумий танишлари, аниқроғи, суюклиларини хотирлашади, бир-бирларига ҳамдард бўлишади. Риё йўқ, расмга олиб, интернетга қўйиш-ку хаёлларига ҳам келмайди, чунки тасаввурда улар анча эски даврга кўчиб бўлишган, ўша «Пахтакор» йигитларини бирма-бир кўз олдидан ўтказаётган бўлишади.

Қарангки, бу ҳалокатдан 46 йил ўтган бўлса, ўша рейсда учганларнинг энг ёши каттаси ҳам шу ёшда бўлган экан. Қайсидир маънода бир авлод даври ўтибди аллақачон.

***

Сергей Покатилов 1975 йилда оғир жароҳат олади. Аммо унинг иродаси ва қатъийлиги ортга чекинишга йўл қўймайди ҳамда орадан уч йил ўтиб, 1978 йилги чемпионатнинг иккинчи даврасида асосий таркибдаги ўрнини қайтариб олади. 28 ёшда эди.

Тошкентга келишидан олдин шифокорлар Юрий Загуменнихнинг ҳаётини базўр сақлаб қолишганди. Аммо бу ҳаёт ногиронлик тамғаси остида ўтиши кераклиги қатъий талаб қилинади. Футболчининг ақл бовар қилмас иродаси натижасида у катта футболга қайтади. 32 ёшда бўлган.

Владимир Макаров футбол ўйнашни Душанбеда бошлаган, «Пахтакор»га ҳар жиҳатдан мос келганди, у жамоавий футболчи эди ва бу жамоадошлари билан тезда тил топишида ва жамоанинг ажралмас бўлаги бўлиб қолишида муҳим аҳамият касб этганди. У ҳам 32 ёш.

Олим Аширов фожиа куни 24 ёш бўлган, у «Пахтакор»га 17 ёшида келганди ва ҳимоя марказидан жой олганди. Амплуасига қарамай, у ҳужумга ҳам тез-тез қўшилар, бир неча муҳим голлар муаллифига айланганди.

Николай Куликов футболдаги илк қадамларини Москвада қўйган, 1974 йилда эса Ўзбекистонга келиб, «Хонқа», «Янгиер» каби жамоаларда ўзини кўрсатган. 1977 йилда «Пахтакор»га таклиф қилинади ва жамоанинг олий лигага қайтишида ҳисса қўшади.

Равил Агишев футболчи сифатида Бухорода тарбия топади, 16 ёшида «Пахтакор»нинг ўринбосарлар таркибида майдонга туша бошлайди. 1978 йилдан асосий таркиб ўйинларида майдонга тушган. Эндигина 20 ёшга тўлганди.