Ўзбекистон | 15:55 / 16.08.2019
89722
3 дақиқада ўқилади

Мўғулистондан келтирилаётган гўшт ҳалолми? «Ўзстандарт» вакили жавоб берди

Бугун, 16 август куни Миллий матбуот марказида Ўзбекистонда «Ҳалол» стандартларининг жорий қилиниши ҳамда сертификатлаштириш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда эндиликда Ўзбекистонда ҳам «Ҳалол» стандарти бўйича сертификатлар олиш учун ҳуқуқий асос яратилиб, барча механизмлар ишлаб чиқилгани тўғрисида маълумот берилди.

Маълум қилинишича, «Ҳалол» стандарти талабларига мувофиқликни таъминлаш учун аккредитланган синов лабораториясини ташкил этиш учун 2-3 млн доллар атрофида маблағ талаб қилинади. Шунингдек, жараёнда маҳаллий диний ташкилотлар вакиллари иштирок этиши мақсадга мувофиқ саналади. «Ҳалол» стандарти бўйича сертификат олган маҳсулот экспортга жўнатилганда ёки маҳаллий бозорда бу стандартга мос келмаслиги аниқланса, мамлакат ва қатор ташкилотлар нуфузига катта путур етади.

Мўғулистондан импорт қилинаётган гўшт маҳсулоти «Ҳалол» стандарти талабларига мувофиқ келиш-келмаслиги ҳақидаги саволга «Ўзстандарт» агентлиги бош директори ўринбосари Жасур Шукуров жавоб берди.

«Мўғулистондан кириб келувчи гўшт маҳсулотида «Ҳалол» сертификати йўқ ва бундай талаб ҳам қўйилмаган. Чунки барча харидорлар ҳам бу жиҳатга эътибор бермайди. Лекин бу истеъмолга яроқсиз дегани эмас, агар маҳсулот санитар-гигиеник талабларга мос келса, у сотувга чиқарилаверади. Истеъмолчининг ўзи танлаб олаверади», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

«Шу пайтга қадар Ўзбекистонда «Ҳалол» сертификатини олиш имконияти йўқ эди. Эҳтиёжманд тадбиркорлар бу сертификатни хориждан олиб келишган. Хорижий сертификатлар бизда тан олинадими, энди уларнинг мақоми қандай бўлади?» дея савол берилганида Стандартлар институти ҳалол сертификатлаш агентлиги раҳбари Суннат Саидов жавоб қайтарди: «Биз хориждан олинган айрим сертификатлар бўйича текшириш ўтказганимизда баъзи ишончсиз идоралар томонидан «Ҳалол» сертификатлари берилган ҳолатлар аниқланди, ҳатто берилган ташкилотнинг ўзи йўқ бўлиб чиққан ҳолатлар ҳам бўлди. Демак, энди тадбиркорларимиз ўз қонунчилигимизга, ўз талабларимизга, диний идорамиз назорати остида сертификат  олишлари мақсадга мувофиқ бўлади».

«Ўшандай «шубҳали» сертификат остида маҳсулот тарқатаётган ишлаб чиқарувчилар ҳақида расмий маълумот берилганми?» деган савол очиқ қолдирилди.

Мавзуга оид