Жамият | 14:48 / 17.08.2019
15808
6 дақиқада ўқилади

«Танҳолик тантанаси» - дунёни залолатга етаклаётган иллатлар ҳақида янги асар

Истеъдодли ёзувчи Сурхон Бўриевнинг «Танҳолик тантанаси» номли янги асари нашр қилиниб, сотувга чиқарилди.

Бугунги кунда АҚШда яшаб, ижод қилаётган муаллифнинг мазкур романи шаклига кўра трилогия бўлиб, «Қуёшга эргашганлар», «Йўқлик симфонияси», «Қирмизи йўл» каби фаслларни ўз ичига олади.

Асар мавзуси бугунги кунда Ғарб-у Шарқни залолат ёқасига олиб бориб қўйган иллатлар: дунёқарашнинг торлиги, маънавий сўқирлик, порахўрлик, Яратган неъматларига куфроний муносабат, ҳазрати эркакнинг аёл бўлишга интилиши, аёлларнинг мунофиқона алдовлари... умуман, бани одамнинг дунёга келиб қилаётган азим гуноҳлари, уларнинг яшашдан маъно-мақсадлари қаламга олинади. Ёзувчи дунёвий мавзулар ҳақида фикр юритар экан, асарга юзлаб образлар киритади. Образларнинг ижобий ёки салбий қутбда эмаслиги эса ҳеч бири камчилик ёки хатолардан холи бўлмаган тирик инсонлар каби тасаввур қолдиради ўқирман онгида.

Адибнинг услубига кўра романдаги ҳар қандай тасвир миллий, ҳажвий тасаввур ҳосиласи каби берилади. Асарда бошқа биронта ижодкорда учрамайдиган, эсласанг, олис болалигингни соғинтириб юборадиган ўринлар бисёр. Масалан, Сабоҳат холанинг уйи тасвири, камбағалнинг кўҳна бошпанасида тайёрланган бичак, ўзбек жаноза маросими, Гулсара булбулнинг бутун бошли ҳовлига белкурак билан ишлов бериб чиқиши, ўзбек тўйларига одамларнинг мотоциклда жар солиб таклиф қилиниши ва  туйга чунонам кўп киши йиғилганлари сабаб жой кутиб тик туриб қолишлари, эшак кўпкари, қизчаларининг таппи-таппи ўйини... Хуллас, қишлоқларнинг тасвири асарнинг ҳамма ўринларида мароқ билан ўқилади. Китобхон “нега биз шуларни эсламаймиз-а», деб жилмайиб, маза қилиб, покиза ҳислар билан, дам олиб ўқийди. Худди кенгликларга чиқиб келгандай бўлади.

Шундай булса-да мутолаа жараёнида мазкур асарни англаш учун ҳислардан кўра тафаккур устунлиги зарурати сезилади. Айтиш мумкинки, ёзувчи ҳаёт ҳақиқатларидан, реал тасвирлардан чекинмаган тарзда рамзийлик, психологик тасвир усулига таянади, лекин бундай ўринларнинг барчасини китобхон табиий қабул қилади: мажлис бўлаётган залнинг сўнгги қаторларида аёл ўқитувчиларнинг вафот этган директор ўринбосарига бағишлаб гўяндалик қилиб садр тепишлари, Ироданинг бокира ҳолида шармандаларча бадном бўлиб қолиши, бир хизматчининг суюқ овқатга ясама кўзининг тушиб кетиши, нонхонада хушомадгўй ходимнинг ахлатга ботирилиб дақиқалар ичида қўлининг ириб қолиши, чиқиндидан ташиб келтирилган нарсалар ҳисобига оёқ босишга жой қолмаган хонадон тутуми, каламушлар ва тахтаканалар билан тўлган Чиноранинг уйи; адиб тасаввури ўлароқ юзага келган Қўрақишлоқ, Падаргоҳ каби ўрин-жойлар шулар жумласидандир.

Асарда ниҳоятда мукаммал образлар галереяси шакллантирилган. Масалан, мунисгина она тимсолидан қаҳрли раҳбар даражасига кўтарилган Онабоши, эрмакка бағрикенглик қилувчи Аббат, ғайритабиий оиланинг бошлиғи Падар, саксондан ошиб жувонликни орзуловчи Дора, ҳаётнинг аянч яратиғи Жайниз, Жабборга доимий руҳий ҳамроҳ Салим, демократликка интилиб бадбуруш бўлиб қолган Шодия, нафси учун тубан кетган Маҳмуд каби асар қаҳрамонлари, айтиш мумкинки, ўзига хослигига кўра адабиётда биринчи марта учрамоқда. Жумладан, асар бош қаҳрамонларидан бири-Зебо. Бир қарашда у ижобий образ. У жабрдийда. У ҳаётсевар. У ақлли. У хушмуомала. У алданган. У кўникувчан, жуда нозик, дилбар аёл. Унда дағаллик, қўполлик мутлақо йўқ. Унда юрак бор. У меҳрга зор, андиша ва ҳислари ўртасида сарсон хилқат. Хатолари соддалиги ва ҳис-туйғуларидан. У назокатли ҳамда ўқимишли деб ўйлаймиз. Лекин...

Асарнинг учта қисмини боғлаб турувчи қаҳрамон Жаббор образидир. Мазкур қаҳрамон тугун асосида яратилган бўлиб, ёзувчи у ҳақидаги энг муҳим маълумотларни асар сўнгига қадар қадам-бақадам очиб боради ва китобхон тасаввурини тубдан ўзгартириб юборади. Биз эса бу ўринда асар тугунларини очмаслик учун мазкур образ ҳақида батафсил тўхталмадик.

Сурхон Бўриев

Сурхон Бўриев - замонавий ёзувчи. Унинг ҳислари дунё кезган, ўйчан инсоннинг ҳислари, лекин у ўзбекона фикрлайди. Масалан, оммавий маданиятнинг инсониятга хуружи оддий, халқона ўйлар қатида берилади. Шунингдек, бу гаплар адибнинг ўзига хос тили билан, сал мазах ва юмор аралаш қилиб тасвирланган. Асарда рамзийлик ўта кучли, шу орқали жуда кўп гаплар айтиб олинган: қишлоқдагиларнинг ранг ажратолмаганлиги; ҳамма амалдорларни қорнидан таниб олиниши, Жасурнинг тушида ҳожатхонада ахлатга булғанаётган одамга мутасаддиларнинг кўплашиб, ҳеч иш қилмай фақат маслаҳат бериб туриши; қўрақишлоқликларнинг тўда бўлиб яшаши, фақат тирикчиликдан хурсанд бўлиши ва ўзга юртдан қандайдир дорининг келишига умид боғлаши... 

Хуллас, ушбу роман сара китобхонлар орзулаган, кутган асар!

Китобни республикамиздаги «Китоб олами», «Шарқ зиёкори», «Ўзкитоб» каби китоб дўконларида топишингиз мумкин.

                                                                                 Реклама ҳуқуқи асосида (18+)

Мавзуга оид