Жаҳон | 16:53 / 22.08.2019
6263
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея Япония билан разведка маълумотлари алмашишни тўхтатди

Фото: AP Photo/Eugene Hoshiko

Корея Республикаси Япония билан разведка маълумотларини алмашиш бўйича келишувдан чиқишга қарор қилди. Бу ҳақда Корея президенти ҳузуридаги миллий хавфсизлик бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ким Ю Гинга асосланиб Yonhap агентлиги хабар берди.

"Ҳукумат Япония билан разведка маълумотларини алмашишни тўхтатишга қарор қилди", - деди Ким Ю Гин.

Унинг таъкидлашича, "Япония Жанубий Кореянинг ишончли савдо ҳамкорлари рўйхатидан чиқарилиши сабабларини изоҳлаб беролмаган".

Бундан ташқари Ким Ю Гиннинг билдиришича, "бундан буён муҳим ҳарбий маълумотлар алмашиш бўйича шартномани узайтириш Корея Республикаси миллий манфаатларига жавоб бермайди".

2 август куни Япония ҳукумати Жанубий Кореяни ишончли савдо ҳамкорлари рўйхатидан чиқарди. Мазкур қарор расман 28 августда кучга киради.

1 июлда Токио Жанубий Кореяга ярим ўтказгичлар ва турли электрон қурилмалар экранлари ишлаб чиқаришда зарур бўладиган уч турдаги хомашёни етказиб бериш устидан назоратни кучайтирганди.

Мавзуга оид